Ақида диннинг асосидир
Aқида – диннинг асосидир. Имон шартлари ҳам айнан ақида таълимотлари билан ўрганилади. Кимки ақида масалалридан бехабар бўлса, амалларидан анчагина зарар кўриши мумкин.
Сўфи Оллоҳёрнинг ушбу байтлари ҳам шунга далолат қилади:
Ақида билмаган шайтона элдур,
Агар минг йил амал деб қилса елдур.
Инсонларнинг солиҳ амалларини қабул бўлиши ширк ва куфрдан ҳоли бўлган соғлом ақидага боғлиқдир. Aгар кишининг ақидаси тўғри бўлмаса, қилган амаллари бекор бўлади. Бу борада Aллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
لَئِنْ أَشْرَكْتَ لَيَحْبَطَنَّ عَمَلُكَ وَلَتَكُونَنَّ مِنَ الْخَاسِرِينَ (سورة الزمر/65)
яъни: “Қасамки, агар мушрик бўлсанг, албатта, қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта, зиён кўрувчилардан бўлиб қолурсан!” (Зумар сураси 65-ояти).
Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Aнъом сурасида эса шундай марҳамат қилади:
وَلَوْ أَشْرَكُوا لَحَبِطَ عَنْهُمْ مَا كَانُوا يَعْمَلُونَ (سورة الأنعام/88)
яъни: “Агар мушрик бўлганларида қилган (савобли) амаллари йўққа чиққан бўлур эди” (88-оят).
“Ақида” сўзининг ўзаги луғатда “ақд” яъни “тугиш”, “боғлаш”, “маҳкамлаш” маъноларини англатади. “Ақида” сўзининг шаръий атамаси эса “бирор нарсага шак-шубҳасиз даражада қатъий ишониш”га айтилади. Демак, ақида қалбда содир бўладиган жараён бўлиб, у инсон қалбидан ишонган, ўзи учун эътиқод қилиб олган нарсаларга айтилади. Агар ўша қатъий ишонган нарсаси тўғри бўлса, у тўғри ақида ҳисобланади. Агар нотўғри бўлса, ботил ақида саналади. Худди Аҳли сунна вал жамоа ақидаси – тўғри ақида ва адашган фирқалар ақидаси эса – ботил ақида деганга ўхшаб.
Ақида илми – охиратда нажот топишда аҳамиятли эканлиги сабабли ҳар бир киши ўрганиши вожиб бўлган илмдир. Кимнинг ақидаси тўғри бўлса, имони тўғри бўлади ва охиратда омонда бўлади. Кимни ақидаси тўғри бўлмаса, бунинг акси бўлади.
Aқида илми инсон ҳаётида одоб-ахлоқ, ибодат, олди-берди алоқалари ва барча илмлардан муҳимроқ ўрин тутади. Чунки инсон Исломни қабул қилгандан сўнг, биринчи навбатда унинг зиммасига ибодатларни ўрганишдан ҳам аввал ақида илмини ўрганиш вожиб бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Mуоз ибн Жабал разияллоҳу анҳуни Яман аҳлига элчи қилиб юбораётганларида:
فليَكن أوَّل ما تدعوهم إليه أن يُوحدوا الله تعالى، فإذا عرَفوا ذلك، فأخْبِرهم أن الله فرَض عليهم خمس صلوات (رواه الامام البخاري والامام الترمذي)
яъни: “Aввало уларни Aллоҳ таолони бир дейишга чақиринг, қачон улар Aллоҳни бир деб билишса, Aллоҳ таоло уларга беш вақт намозни фарз қилганлигини хабарини беринг”, – деганлар (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривоятлари).
Ақиданинг асосий йўналиши имон ҳақида эрур. Имом Термизий ва Имом ибн Можжа ҳазрат Алидан қилган ривоятда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
لا يؤمن عبد حتى يؤمن باربع : يشهد ان لا اله الا الله و انى رسول الله بعثني بالحق و يؤمن بالموت .والبعث بعد الموت يؤمن بالقدر
«Банда тўрт нарсага ишонмагунча имонли бўлмайди:
1.Ёлғиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига ва менинг ҳақ йўл билан юборилган пайғамбарлигимга гувоҳлик бермагунча;
- Ўлим ҳақ эканлигига;
- Ўлимдан кейин тирилиш ҳақ эканлигига;
- «Тақдир ҳақ эканлигига ишонмагунча имонли бўлмайди».
Шарофуддинов Мухторжон. Марҳамат туман бош имом хатиби
