КАМБАҒАЛ ОШИҚ
Бир камбағал қашшоқ йигит келиб-келиб бойнинг қизига ошиқ бўлиб қолди. Аввалига айтишга тортинди-ю, лекин ҳали романтик ёшдалиги учун севишнинг айби йўқ деб, севгисини изҳор қилишга қарор қилди. Қиз унинг сўзларини эшитиб кинояли жилмайди ва:
- Хафа бўлмагину, севги деганлар шунчаки ҳою ҳавас эмас. Балки эртага бирга яшаганда оила шароитларини ҳам ҳисобга олиш керак-да! Сенинг бир ойда топган даромадинг бир кунлик сарф харажатимга етармикин? Яхшиси мени унут. Ўзингни қийнамай, ўзингга лойиғини топа қол, — деди.
Йигит келажак олдиндалиги ва Худо омадини берса, ҳаракат қилиб бой бўлиб кетишига ваъда берди. Бироқ бу сўзлар билан қизни ўзига ром эта олмади.
Орадан йиллар ўтди. Ногаҳон бизнес марказида ўша қизга рўпара келиб қолди. Қиз ҳаётидан мамнун эди. Йигит билан сўрашди ва мақтанди:
- Турмушга чиқдим. Эрим мана шу бизнес марказида ишлайди. Ойлик маоши 200 доллар. Ҳали яна кўпаяди. Ўзинг уйландингми? Мен рози бўлмасдан сенга яхшилик қилганимни энди тушунгандирсан?
Йигит индамай сукут сақлаб турди. Шу пайт марказдан чиройли замонавий кийимларда унинг эри чиқиб келди. Қиз унга ишора қилиб фахрланиб қўйди. Эри келиб йигитни кўрди-ю таъзим билан сўрашди. Йигит ўтиб кетгач хотинига юзланди:
- Шу менинг раҳбарим. Шу кишининг қўлида ишлайман. Биласанми унинг бир ойлик даромади қанча? Нақд икки миллион топади! Ҳали яна янги режалари бор. Дунёнинг ишлари қизиқлигини қара – бир пайтлар шундай инсоннинг севган қизи камбағаллиги учун рад этган экан!
Асака туман Холид ибн Валид жомеъ масжиди ходими Улуғбек қори Йўлдошев тайёрлади
