Синглингизни йўқланг, акалар!

Кўйинг ишни, битмаган, битмас.
Вақт бевафо, вақт сизни кутмас.
Йўқламас Арш туткичин тутмас,
Синглингизни йўқланг, акалар.

Палахмон тош отилган узоқ,
Йўлингизга термулар муштоқ.
Қўйса хамки дунё минг тузок —
Синглингизни йўқланг, акалар.

Мунис, мунглик, унда меҳр жам.
Қилмас даъво, айтмас бирор кам.
Майли, қўллар қуруқ бўлса ҳам,
Синглингизни йўқланг, акалар.

Изласангиз топасиз имкон,
Имкон бўлса олиб икки нон,
Онангиздек юзли, меҳрибон
Синглингизни йўқланг, акалар.

Жеркисангиз қолар жим боқиб.
Кўздан дув-дув ёшлари оқиб.
Ишлар кўпми, ҳеч йўқ сим қоқиб,
Синглингизни йўқланг, акалар.

У — ҳам Она, у — ҳам Ҳур, Аёл.
Хулқи гўзал, ойдек, хуш хаёл.
Миннат қилмай, ҳеч билмай малол
Синглингизни йўқланг, акалар.

Байтни ўқиб бўлинг-да туринг,
Йўлингизни йўқловга буринг,
Боринг, ширин суҳбатлар қуринг,
Синглингизни йўқланг, акалар.

Қўйинг энди дунё ишини.
Важ билманг сиз кўклам, қишини.
Сизни кутган жондош кишини —
Синглингизни йўқланг, акалар.

Ўлуғбек қори Йулдошив таҳрири