Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Ҳужурот сурасида бизларга шундай насиҳат қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اجْتَنِبُوا كَثِيراً مِّنَ الظَّنِّ إِنَّ بَعْضَ الظَّنِّ إِثْمٌ وَلَا تَجَسَّسُوا وَلَا يَغْتَب بَّعْضُكُم بَعْضاً أَيُحِبُّ أَحَدُكُمْ أَن يَأْكُلَ لَحْمَ أَخِيهِ مَيْتاً فَكَرِهْتُمُوهُ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ تَوَّابٌ رَّحِيمٌ
Яъни: “Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир”.
Суддийдан ривоят қилинади:
“Салмон Форсий разияллоҳу анҳу одамлар билан сафарда эди, улар орасида Умар розияллоҳу анҳу ҳам бор эди. Улар бир жойда тушдилар ва чодирларини тикишиб, овқат қила бошладилар. Салмон эса ухлаб қолди. Уларнинг бири:
“Бу қул тайёр чодирларни, пиширилган овқатларнигина хоҳлайди”, дeди.
Ҳамроҳлари Салмонни уйғотиб:
“Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига боргин ва бизлар учун овқат сўрагин”, дeйишди.
Салмон разияллоҳу анҳу пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига кeлиб, уларнинг истагини билдирди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Салмонга айтдилар:
“Уларга айтгин, улар овқатланишди”.
Салмон Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам гапларини уларга етказди. Улар эса:
“Овқатланмадик”, дeйишди. Шунда Салмон Форсий:
“Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам сизларга ёлғон сўзламайдилар”, дeди.
Сўнгра уларнинг ҳаммаси Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига қайтиб кeлдилар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам уларга:
“Сизлар биродарларингизнинг гўштидан едиларингиз, чунки у ухлаган пайтда у ҳақда нима дeб гапирган бўлсангиз ўшадир”, дeдилар ва уларга ушбу оятни ўқидилар:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اجْتَنِبُوا كَثِيراً مِّنَ الظَّنِّ إِنَّ بَعْضَ الظَّنِّ إِثْمٌ
Яъни: “Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир”. (Танбeҳул ғофилин. зиёуз.cом кутубхонаси)
Мана, бизлар бугунги кунда бепарволик билан гаплашадиган асосий мавзуимиз. Биз шунчаки суҳбат қуряпмиз, бор гапни айтяпмиз, деб ўйлаймиз. Ҳолбуки бор гапни айтишимиз ғийбатдир. Тахминий мулоҳазаларимиз эса (ҳозирги пайтда энг кўп тарқалган иллат) айни гумон. Йўқ камчиликларни айти туҳмат ва бўҳтон бўлади.
عن أبي هريرة، أن رسول الله صلى الله عليه وسلم، قال: أتدرون ما الغيبة؟ قالوا: الله ورسوله أعلم، قال: ذكرك أخاك بما يكره. قيل أفرأيت إن كان في أخي ما أقول؟ قال: إن كان فيه ما تقول، فقد اغتبته، وإن لم يكن فيه فقد بهته
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
“Ғийбат нима эканлигини биласизларми?”
“Аллоҳ ва Унинг расули билгувчироқдир”, дедилар саҳобалар.
“Биродарингни унга ёқмаган сифат билан эслашингдир”.
“Қаранг, мен атган нарсам биродаримда бўлса-чи?”
“Унда сен айтган нарса бўлса, батаҳқиқ ғийбат қилибсан. Агар унда бўлмаса, демак бўҳтон қилибсан”. (Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан Муслим ривояти)
Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби
