Аёл киши жамиятнинг ҳуқуқлари кафотланган аъзосидир. Шариатимиз кўрсатмаларида эркакларга бир қанча вазифалар юклангани каби аёлларнинг хилқатларига муносиб бурчлари бор. Аёл кишига Аллоҳ таоло икки масалада масъулият юклайди, бири – жуфти учун руҳий, маънавий хотиржамлик, сукунат бўлиш, иккинчиси – фарзанд дунёга келтириш ва унга ғамхўрлик қилиш машаққатлари. Шариатимизда шу залворли машаққатлар муқобилига бир нечта масалаларда аёлларнинг руҳий, жисмоний ҳолати эътиборга олиниб, уларга икром кўрсатилган, енгиллик берилган:
1. Ҳаётнинг турли жабҳаларидаги жавобгарлик масъулияти эркакка юклатилди, бу машаққатлардан аёллар озод қилиндилар. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:
الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاءِ بِمَا فَضَّلَ اللَّهُ بَعْضَهُمْ عَلَى بَعْضٍ وَبِمَا أَنْفَقُوا مِنْ أَمْوَالِهِمْ…
яъни: “Эркаклар хотинлар устидан қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримларини (яъни эркакларни) айримларидан (яъни аёллардан) афзал қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан нафақа қилиб туришларидир…” (Нисо сураси 34-оят).
2. Ислом аёллардан урушда қатнашиш мажбуриятини олиб ташлади.
3. Ислом аёлларни жума намози ва жамоатга ҳозир бўлишга буюрмади.
4. Гувоҳлик бериш масъулияти ҳам аёллар учун эркакларникидан икки баробар енгил қилинди. Қасос ва жиноятларда гувоҳлик бериш масъулиятини улардан соқит қилди. Лекин аёлларга хос масалаларда уларнинг гувоҳлиги комил ҳисобланади ва бу шариатимизнинг уларга катта ишонч билдиришидир.
5. Аёл киши рўзғорига харажат қилишга мажбур эмас. Бу тўлиғича эрнинг вазифаси. Эр хотиннинг мулкига дахл қилмасдан маҳр беради, тўй қилади, уй-жой билан таъминлайди, хотин бола-чақасини парвариш қилади. Бу ҳолат аёл учун молиявий имтиёздир.
6. Агар ҳамроҳ бўладиган маҳрами бўлмаса, аёлларга ҳаж фарз қилинмади.
7. Исломда ким аёлга зино билан туҳмат қилса, унга жазо тайинланади.
8. Исломда, агар эр зулм қилса, хотинга хулуъ – талоқ (ажрашиш)ни талаб қилишга рухсат берилади.
Аёл киши беш маҳал намозини ўқиб, Рамазон рўзасини тутиб, ўзини сақлаб, эрига итоатда бўлиши ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
عن عبد الرحمن بن عوف قال قال رسول الله صلى الله عليه و سلم : إذا صلت المرأة خمسها وصامت شهرها وحفظت فرجها وأطاعت زوجها قيل لها أدخلي الجنة من أي أبواب الجنة شئت (مسند أحمد بن حنبل)
Абдураҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда:
“Қачонки хотин киши беш (маҳал) намозини ўқиса, бир ой рўзасини тутса, фаржини сақласа ва эрига итоат қилса унга “Жаннатнинг эшикларидан хоҳлаганингдан жаннатга киргин!” – деб айтилади” деганлар. (Аҳмад ибн Ҳанбал муснади)
Муқимжон Жўраев. Асака т. «Мулла абдулазиз» жоме масжиди имом хатиби ноиби
Манбалар: Жума тезислари ва “Никоҳ ришталари” китоби
