Аллоҳ субҳоналлоҳу ва таоло Қуръони каримда тарозу ҳақида шундай дейди:
وَالْوَزْنُ يَوْمَئِذٍ الْحَقُّ فَمَن ثَقُلَتْ مَوَازِينُهُ فَأُوْلَـئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ * وَمَنْ خَفَّتْ مَوَازِينُهُ فَأُوْلَـئِكَ الَّذِينَ خَسِرُواْ أَنفُسَهُم بِمَا كَانُواْ بِآيَاتِنَا يِظْلِمُونَ *
“Ўша куни (амалларни) тортиш ҳақдир. Бас, кимнинг тортилган (амаллари) оғир келса, ана ўшалар нажот топгувчилардир. Ва кимнинг тортилган (амаллари) енгил келса, бас, ана ўшалар Бизнинг оятларимизга зулм қилиб, ўзларига зиён этганлардир”. (Аъроф. 8-9)
Қиёмат кунида бандаларнинг амаллари ҳисоб-китоб қилинади. Кимки шу дунёда пайтида ўзини ҳисоб-китоб қилиб юрган бўлса, иншооллоҳ, у кунда нажот топгай. Йўқса, Худо сақласин…
Имом Ғаззолий айтади (Иҳёу улумид-дин. Ўлимдан сўнг. Зиёуз.сом кутубxонаси):
Бу дунёда нафсини ҳисоб-китоб қиладиган, амаллари, сўзлари, лаxзаларини шариат мезони билан ўлчайдиган кишигина тарозининг xатаридан нажот толади. Умар розияллоҳу анҳу деди: «Ҳисоб беришингиздан олдин нафсингизни ҳисоб-китоб қилинг. Тарозига қўйилишидан аввал амалларингизни тортинг».
Мазлумлар xақини адо қилмай кетган кишининг аҳволига вой!
Кўз олдингга келтир: даъвогарлар xаққини талаб қилиб, атрофини ўраб олишади. Кимдир унинг қўлига, кимдир сочига, кимдир ёқасига ёпишади. Бири «менга зулм этдинг» деса, яна бири «мени сўкдинг» дейди. Бирови «мени ҳақорат этдинг» деса, бошқа бирови «мен йўғимда ўзимга ёқмаган нарсалар билан мени эсладинг» дейди. Кимдир «менга қўшни бўлдинг, лекин қўшничиликни буздинг», деса, яна кимдир «мен билан муомала қилдинг, лекин алдадинг», дейди. Яна бирови «мен билан олди-берди қилдингу, мени чув тушириб кетдинг» деса, бошқаси «молнинг айбини мендан яширдинг, баҳосини кўтариб, ёлғон сўзладинг» дейди.
Кимдир айтади: «Муҳтожлигимни кўрдинг, билдинг, бой бўлатуриб, ҳолимдан xабар олмадинг». Яна бири дейди: «Мен мазлум эдим. Зулмни мендан дафъ қилишга қодир бўлатуриб, золимга ялтоқлик этдинг, унинг истагига юрдинг».
Шундай аҳволда турганингда даъвогарлар сенга тирноқларини ботиради, ёқангдан маҳкам ушлаб, ҳақларини талаб қилади. Сен уларнинг кўплигидан ўзингни йўқотган ҳолда ҳайратда қотасан: наҳотки, умринг давомида сен муомала қилган кишилар ичида сенда ҳаққи бўлмаган ёки сен ғийбат, xиёнат этмаган ё масxараомуз назаринг билан қарамаган бирорта одам топилмаса?!
Сен бу даҳшатли исканжадан қутулишга уринасан, умидла Парвардигори Эгамга бўйнингни чўзасан, кошки у Зот бу қўллардан сени xалос этса. Шунда қулоғингга улуғ ва қудратли Зотнинг нидоси эшитилади:
«Бу Кунда ҳар бир жон ўзи қилган иш амали билан жазоланур. Бу Кунда (ҳеч кимга) зулм қилинмас» (Ғофир, 17)
Бугун сен одамларнинг иззат-нафсига тегиб, уларнинг молларини еб, ўйиаб-кулиб юрибсан. Бугун сенинг қувончинг нақадар чексиз! Лекин у Кун — адолат гилами узра Раббингнинг xузурида турганингда, сенга сиёсат билан xитоб қилинаётган бир пайтда ҳасратинг нақадар чексиз бўлур! Сен у Кунда муфлис, фақир, ожиз, ҳатто узр айтишга ҳам яроксиз, синиқ бир аҳволда қоласан.
Эвоҳ! Умр бўйи тер тўкиб топган яxшиликларинг у Куни ҳақлари учун эваз сўраётгаи даъвогарларинг ҳисобига ўтказилади.
Улуғбек қори Йулдошев «Холид ибн Валид» жомеъ масжиди ходими
