Маҳр ҳақида қисқача

بسم الله الرحمن الرحيم* الحمد لله رب العالمين* و الصلاة و السلام على سيدنا محمد و على آله و أصحابه أجمعين

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қуръони каримда баён қилади:

وَآتُواْ النَّسَاء صَدُقَاتِهِنَّ نِحْلَةً فَإِن طِبْنَ لَكُمْ عَن شَيْءٍ مِّنْهُ نَفْساً فَكُلُوهُ هَنِيئاً مَّرِيئاً

“Хотинларингизга маҳрларини ҳадя каби (яъни чин кунгилдан, мамнунлик билан) берингиз! Агар ўзлари сизлар учун у маҳрдан бирон нарсани ихтиёрий равишда кечсалар, сизлар уни пок ва ҳалол билиб еяверинглар. (Нисо. 4)

Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло эркакларга ҳитоб қилиб, аёлларнинг маҳрларини тўла-тўкис чиройли суратда, ўзларининг уларга нисбатан бўлган меҳр-муҳаббатлари рамзи сифатида беришни буюради. Чунки маҳр ўзини эрига бағишлаган аёлнинг шаръий ҳаққи бўлиб, ояти каримадаги Илоҳий Амр мазмунига кўра эрнинг зиммасидаги қарздир.

Маҳр икки турли бўлиб, нақд ва насия маҳрларга бўлинади. Нақд маҳр – эр ўзи уйланмокчи бўлган қиз ёки жувонга никоҳ маросимига қадар берган тақинчоқлар ёки сарполар каби совға-саломларидир. Насия маҳр эса никоҳ маросимида ҳар икки тарафнинг  розилиги билан белгиланган, оила қурганларидан кейин эр ҳотинига бериши вожиб бўлган маҳрдир.

Ушбу маҳрнинг миқдори қанча бўлиши кераклиги ҳақида сура давомида билиб оламиз, иншооллоҳ. Аммо агар никоҳ маросимида маҳр белгиланмаган бўлса, ўша миқдор унинг учун ҳам маҳр миқдори бўлиб қолади ва бу “маҳри мисл” деб аталади.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Шартлар ичида сизлар аёлларни ўзларингиз учун ҳалол қилиб олишингизга сабаб бўладигон никоҳ маросимида белгиланган маҳр шарти энг ҳақли шартдир”, деганлар.

Яъни никоҳ маросимида эр ҳотинига беришни ваъда қилган миқдорни тўла равишда тўлаши унинг зиммасидаги қарздир. Аммо бу маҳр дарҳол тўланиши керак бўлган қарз эмас, балки эр-хотиннинг турмушлари асносида секин-аста бўлиб-бўлиб тўланса ҳам бўлаверадиган қарздир. Агар маҳр тўла тўланиб битмасдан эр-хотин ажраладиган бўлса, у ҳолда қолган маҳр эрдан тўлатиб олиниб, хотинга ёки унингворисларига берилади ва агар эр вафот қилса, унинг меросидан олиб берилса, бева қолган хотинга берилади.

Хуллас, ҳар ҳолда эр белгиланган маҳрни хотинига тўлаши шарт. Аммо агар аёл ўзининг ҳаққи бўлган маҳрни ёки унинг маълум бир қисмини ўз ихтиёри билан кечиб юборадиган ёки қайтариб берадиган бўлса, эр уни қабул қилиши ва бемалол, бехижолат фойдаланиши мумкин экан.

Аёлнинг  ўз эрига қилган бундай ихтиёрий ҳадяси уларнинг ўртасидаги меҳр-муҳҳабатни янада мустаҳкамлаши сир эмас. Қолаверса, бир-бирларига умр йулдоши бўлган эр ва хотинининг ҳаётлари давомида эр томонидан ўз аёлига хайит-байрамларида ва яна бошқа турли муносабатлар билан ундай маҳрлардан ўнлаб, балки юзлаб марта кўпроқ бўлган нарсалар ўтиб кетиши ҳам бор гап.

Шунинг учун ҳам агар аёл эри унинг олдида ўзини қарздор ҳис қилмаслигини ўйлаб хаққи маҳридан кечиб юборса, бу унинг ҳимматидандир.

Шу ўринда доно момоларимиз қизларининг куёвга узатаётганларида: “Эрингнинг уйи остонасидан хатлаб биринчи қадамингни қуйганингда кўнглингда хаққи маҳрингдан кечиб юбор”, деб насиҳат қилишлари ҳам бежиз эмаслиги аён бўлади.

Дарҳақиқат, исломий оила иқлими илиқлик ва меҳрга тўла даргоҳки, унда эр-хотин икки тарафда туриб бир бирларидан хақ талашмайдилар, аксинча улар бир вужудга айланиб, бири иккинчиси учун ўз хаққидан хотиржам воз кечиши ҳеч ажабналарли иш эмасдир. Шунинг учун бўлса керак ояти каримада:

Хотинларингизни маҳрларини ҳадя каби (яъни, чин кўнгилдан, мамнунлик билан) берингиз! Агар ўзлари сизлар учун бирон нарсани ихтиёрий равишда кечсалар, сизлар уни пок ва ҳалол билиб еяверинглар”, дейилди.

Айрим уламолар ушбу оятга яна бошқа тафсирларни ҳам айтганлар. Улар ”Оятдаги хитоб эрларга эмас, балки қизларнинг эгаларига қаратилган. Баъзи бир кимсалар қизларнинг турмушга чиқарганида олинадиган маҳрни уларга бермасдан ўзлариники қилиб олар эдилар. Ояти карима бу ишнинг нотўғрилигини айтиб маҳр фақат турмушга чиқувчи аёлнинг хаққи эканини баён қилади”, дейдилар.

 

“ҚУРЪОНИ АЗИМ» тафсиридан