Аёлга эҳтиром
Аёл зоти мукаррам зотдир. Улар ҳақиқатан ҳам ҳурмат қилинишга муносибдир. Улар бизларнинг онамиз, қизимиз, опа-сингилларимиз ва доимий ҳамроҳ – жуфти ҳалолларимиз. Ҳозирги кунда уларни қадрлаш деярли барча элатларнинг ғояларида бор. Лекин, биласизми, қадимда аёлларга қандай муносабатда бўлганлар?
Фотимахон Сулаймон қори қизининг “Аёл мукаррамдир” китобида бу ҳақда жуда ҳам қизиқарли маълумотлар берлган. Жумладан, Месопотамия ва унга яқин ҳудудларда зино қилган аёл на ўлдириларди ва на эридан ажрашга ҳукм қилинарди. Фақат эрининг иккинчи уйланишига эътибор беришмасди. Айбдор аёл эса оиладаги юксак мақомидан маҳрум этиларди.
Шумер ҳуқуқига кўра, бир аёл эрига: «Сен менинг эрим эмассан», дея ажралишни истаса, у аёл дарёга ташланар эди.
Милоддан олдинги 1800-1700 йиллар орасида Онадўлида яшаган хатитларда уйда болаларга ҳоким фақат ота эди. Истаса, болаларни товон, бадал сифатида бошқасига бера оларди. Эр ўлганда, аёл оиладаги қариндошларига топшириларди. Бунга алоқадор қонунда ёзилишича «Агар бир киши ўлиб, хотини тул қолса, аввал аёл эрнинг эркак қариндошига турмушга чиқади. Бу ўлса, унинг отасига, ота ўлса, эр қариндошининг ўғлига турмушга чиқиш мажбуриятида эди».
Бундан ташқари, тул хотинга эрининг қариндошлари ҳам уйланишга ҳақли бўлган.
Меҳнатга тўланадиган ҳақ жиҳатидан аёл эркак ҳаққининг ярмини оларди.
Қадимги Юнонистонда аёл хор ва хақир саналарди. Қонун жиҳатидан бозорда сотиладиган ва олинадиган мол туридан, нарсадан унинг фарқи йўқ эди. Маданий ҳақларга оид турли эркинликлардан ва ҳурриятдан маҳрум эди, бутун умри давомида бир эркакнинг обрўси остида бўлиб, турмуш ва турмуш қуриш ишлари ўша эркакка топшириларди. Ўша эркак истаган бирига эр сифатида таклиф этар ва аёлни зўрлаб тасарруфига оларди. эркак киши барча мол-мулкнинг идорачиси эди. Унинг розилигисиз аёл ҳеч бир тасарруф ҳуқуқига эга эмас эди.
Спарталиклар эса аёлга, масалан, меросда, келин сепида ва муомалада баъзи ҳуқуқлар, маданий ҳақлар бергандилар. Фақат бу уларнинг аёлларни ҳурмат қилганлари сабабли эмас, балки Спарта ҳарбий жой бўлганлиги учун эркаклар давомли уруш, жанг билан машғул бўлардилар. Сита (махсус бирор нарса билан шуғулланувчи шаҳар, ўлка, давлат)да бўлмаганларидан, тасарруф этишни мажбуран ихтиёрсиз аёлларга қолдиришарди. Шу сабабли спарталик аёл Афина ва бошқа Юнон шаҳарларида яшаган аёлларга қараганда эркинроқ эди.
Юнон маданияти чўққига чиққач, аёллар аҳволи янада ёмонлашди. Фаҳш ёйилди. Аёллар бир завқ воситаси ва шаҳватларни қондирадиган эрмак ҳолига тушди. Турмушдан мақсад, фақат завқ ва шаҳват қондириш бўлиб қолди. Фарзанд кўриш мақсади йўқолди. Спартада жинсий жозибаси бўлган аёллар эридан бошқа эркаклар билан ғайри машруъ алоқаларга зўрланадиган бўлди.
Афлотуннинг фикрича: «Аёл қўлдан-қўлга ўрталикнинг моли бўлиб ўтиши керак». Вақти билан жамиятда Лут қавмида бўлгани каби эркакнинг эркак билан муносабатга киришиши ёйилди. Ниҳоят, Юнон маданияти бу ахлоқсизлик ва бузуқлик сабабидан тарих саҳнасидан тушиб кетди.
Румликларда туғилган бола хоҳ ўғил, хоҳ қиз бўлсин, ота буни оилага қабул қилиш мажбуриятини олганди. Ҳатто, бола туғилар-туғилмас, энг аввал отанинг оёқларига қўйиларди. Ота уни қучиб, юқори кўтарса, қабул қилганига далил эди. эътибор бермаса, бола тарк этилган ҳисобланарди. Агар қиз бўлса, кўпинча уни ҳеч ким олмас, у эса очликдан, сувсизликдан, иссиқдан, совуқдан ҳалок бўларди.
У даврдаги никоҳсиз муносабатлар чиркин ва айб саналмасди. Кўнгилдан ҳаё туйғуси кўтарилган эди. Шунчаликка борилдики, ҳатто, ахлоқ муаллимлари ҳам зинони одатий, оддий иш, деб атайдиган бўлишди. Жамиятни ушлаб, тутиб турувчи маънавий ва ахлоқий устунларнинг қулаши натижасида Рум халқи орасида эротизм, ялонғочлик, фаҳш эпидемия тусини олди. Бу фаҳш ва эркин зино шунчалар тарқалдики, Рум қайсари Таиброр даврида аслзода Рум оилаларига, аёлларига оддий аёллар билан қариндошликни маън этувчи қонун чиқди. Шу ахлоқий ва маънавий таназзул Рум империясининг барбод бўлишига олиб келди.
Кўриниб турганидек, аёл ва эркак алоқаларининг оила тартибидан чиқиб, эркин қаровсиз ҳолга келтирилиши жамиятнинг ҳар жиҳатдан инқирозига олиб келди. Маънавият ва ахлоқдан узоқлашган жамият эса моддий жиҳатдан ҳам қулайди.
Қадимги яҳудийлар қиз болага хизматчи сифатида қарашарди. Отаси уни сотиш ҳуқуқига эга эди. Яҳудийлар аёлни лаънати ҳисоблашарди. Уларнинг эеътиқодича, момо Ҳавво ҳазрати Одамни (а.с.) йўлдан оздириб, жаннатдан тушишларига сабаб бўлганди.
Насроний олами милодий 5-асрда қуйидаги масалани музокара этиш учун бир анжуман ўтказди. «Аёл мавҳум, руҳсиз бир жисмми? Ё руҳи борми?» Натижада шундай қарорга келдилар: «Масиҳнинг онасидан ташқари барча аёллар жаҳаннам азобидан қутилувчи эмаслар».
Ғарб мамлакатлари насронийликни қабул қилганларида, диндорларнинг қарашлари уларга таъсир этди. Милодий 586 йилда Франтсияда аёл ҳақида бир анжуманда шундай баҳс бўлди:
«Аёл инсонми ё инсон эмасми?» Натижада шундай қарор қилинди: «Аёл инсон, лекин у фақат эркакка хизмат этмоқ учун яратилган».
Англияда аёл Инжилга қўл теккиза олмасди. Бу вазият қирол Хенри-7 (1509-1547) замонига қадар давом этди. Бу вақтгача инглиз қонунида аёллар фуқаро саналмасди. Мулкият ҳақлари йўқ эди. Ҳатто, пешона тери билан топган молларини тасарруф қилиш ҳуқуқига ҳам эга эмас эдилар.
Жоҳилият даврида, яъни Ислом келмасдан аввал Арабистон ярим оролида ўрта ва қуйи табақаларда аёлнинг ҳеч қандай аҳамияти ва қадр-қиймати йўқ эди. Бу ҳолат туғишдан, туғилишдан бошланарди. Бир оилада ўғил бола дунёга келса, севинишар, хурсандчиликлар қилишар, қиз туғилса, уялишар, гўё айб қилгандай бир ҳолга тушишарди. Қурайш ва Ҳинд каби баъзи қабилаларда қиз болаларни тириклайин кўмиб юбориш одати бор эди. Бу ишни улар йўқсиллик қўрқувидан ё қизнинг номуносиб бировга турмушга чиқиб, оилага шу тариқа доғ туширажагини, ё урушда аср тушиб, номус-шаъни булғанишини ўйлаб қилишарди.
Ниҳоят Ислом дин аёлларга энг мукаммал ҳақ ва ҳуқуқларни берди, уларга нисбатан энг мукаммал ҳурмат ва эҳтиром жорий қилинди. Исломий таълимотлардаги ҳақ ва ҳуқуқлар ҳақиқий меъёрдаги шунчалик мукаммал ва мўътадилки, бу меъёрдан ўтиб кетишлик ҳам, камайтиришлик ҳам ўша эҳтиромга нуқсон бўлади. Бироқ кимлардир меъёрдан чиқиб кетяпти, натижада аёллар қўлма-қўл ва хор бўлмоқдалар. Буни эса ўзларича эркинлик деб айтадилар. Биз эса айлларни том маънода қадрлашимиз, уларни асрашимиз, уларнинг аврат аъзоларини бегоналардан ҳимоя қилишимиз лозим. Зеро улар ҳимояланишга муносибдурлар.
Асака туманидаги Мулла Абдулазиз жомеъ масжиди имом хатиби Ҳайитбоев Бахтиёржон
