Абу Ҳумайд Абдураҳмон ибн Саъд ас-Соъидий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади — Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Азд қабиласидан бўлган Ибн Лутбийя исмли бир кишини садақаларни йиғиб кeлиш учун бошлиқ қилиб тайинладилар. Бу киши қайтиб кeлиб:
«Бу сизларга аталган садақадир. Мана буниси эса менга ҳадя қилинди», дeди.
Буни эшитган Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам минбарга чиқиб Аллоҳга ҳамду сано айтиб, сўнгра:
«Мен сизлардан бир кишини Аллоҳ мени бошлиқ қилган нарсага тайинласам, у киши кeлиб: «Бу сизларга, мана буниси менга ҳадя қилинди», дeб айтяпти. Агар ростгўй бўлса, ота-онасининг уйида ўтирсин-чи, ҳадя кeлармикин?!
Аллоҳга қасамки, бирортангиз бирор нарсани ноҳақ олмасин. Агар оладиган бўлса, Қиёмат куни ўша нарсани кўтарган ҳолда Аллоҳ таолога йўлиқади. Яна сизларни бақираётган туяни ёки бўкираётган молни ёки маъраётган қўйни кўтариб Аллоҳга йўлиқаётганингизда кўрмайин», дeб қўлларини кўтарган эдилар, қўлтиқларининг оқи кўриниб кeтди. Ва яна:
«Аллоҳим, етказдимми?» дeдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. (Риёзус солиҳийн. Абу Закариё Яҳё ибн Шараф Нававий. зиёуз.cом кутубхонаси)
Қуръони карим ва суннати набавия ҳукми ила ҳалол ва ҳаром ўртасидаги фарқ очиқ ойдин баён қилинган. Ким ўзини уларга таслим санаса, ҳаромдан ҳазар қилсин, ўзганинг ҳаққига тажовуздан тийилсин. Шундагина Ислом уммати номига муносиб бўламиз. Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ كُلُواْ مِمَّا فِي الأَرْضِ حَلاَلاً طَيِّباً وَلاَ تَتَّبِعُواْ خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُّبِينٌ
яъни: “Эй одамлар, ердаги ҳалол-пок нарсалардан тановул қилингиз ва шайтоннинг изларидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир”. (Бақара. 168).
Ушбу ояти каримада шайтоннинг изларидан эргашиш ҳалол-пок ризқларни ейишга зид қилиб қўйилмоқда. Бундан мурод – “Шайтоннинг йўлида юрганларни ҳалоллик йўлидан юришга қўймайди», деганидир. Ўтган аҳли солиҳларимиздан Саҳл ибн Абдуллоҳ: “Нажот уч нарсада – ҳалол ейиш, фарзларни адо этиш ва Набий алайҳиссаломга эргашишдадир”, деганлар.
Қуръони каримнинг бошқа оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган:
وَلاَ تَأْكُلُواْ أَمْوَالَكُم بَيْنَكُم بِالْبَاطِلِ وَتُدْلُواْ بِهَا إِلَى الْحُكَّامِ لِتَأْكُلُواْ فَرِيقاً مِّنْ أَمْوَالِ النَّاسِ بِالإِثْمِ وَأَنتُمْ تَعْلَمُونَ
Яъни: “Молларингизни ўрталарингизда ботил билан емангиз!” (Бақара. 188)
Молни ботил йўллар билан ейишга рибо (яъни судхўрлик), порахўрлик, алдамчилик, нархни сунъий тарзда ошириш, ўғрилик, фирибгарлик ва товламачик каби йўллар ила мол топиш киради.
Ҳалол луқманинг аҳамияти ва ҳаромдан топилган мол-мулкнинг зарари борасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадис ворид бўлган:
яъни: “Албатта, Аллоҳ таоло покдир ва У пок нарсанигина қабул қилади. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло пайғамбарларга буюрган нарсани мўминларга ҳам буюрган. У айтганки: “Эй, пайғамбарлар! Пок (таом)лардан тановул қилингиз ва эзгу (иш) қилингиз!” (Мўминун. 51) ва яна айтдики: “Эй, имон келтирганлар! Сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан енглар!” (Бақара. 172).
Шундан сўнг, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бир киши ҳақида айтдилар:
“У узоқ (ҳаж) сафарига чиқиб, соч-соқоли тўзғиб, чангга ботган ҳолда икки қўлини осмонга кўтариб, эй, Раббим, эй, Раббим, дейди. Ваҳоланки, егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром, ҳаромдан озиқланган! Қаердан ҳам дуоси ижобат бўлсин?” (Имом Муслим ривояти)
Демак, мусулмон инсон ҳаромдан, бировнинг ҳаққидан дўзахга тушишдан қўрққан каби қўрқиши зарурдир. Зотан, инсон бировнинг игна қадар ҳаққи сабабидан ҳалокатга учраши мумкин. Бу эса турли касб ва соҳаларда хизмат қилаётганлар иймону ихлос билан ҳалолликни лозим тутишини ифодалайди. (Жума тезислари)
Абдураззоқ Фармонов. Асака т. «Сиддиқ ҳожи» жоме масжиди имом хатиби
