Банда дунёга келар экан, ҳаётда яшаш тарзини ўрганиш учун кимдандир сабоқ олади. У қайси соҳага ва қайси жабҳага юзланмасин, кимдир унга ўша соҳа бўйича тарбия беради. Инчунун, инсон ўзи онанинг қорнидан олим ва комил бўлиб туғилмайди.
Биз кимгадир эргашиб, унинг натижасида ўша инсондан олган сабоқларимиз туфайли ҳаётда ўз ўрнимизни топа олсак, билингки, ўша устоз олдида бурчлимиз.
Тўғри, инсонга ҳатто энг разил ишларни қилиш учун ҳам кимдир йўл кўрсатади. Яъни қабоҳат йўлига кирганларга разил кимсалар йўлбошчи бўлади. Лекин ундай кимсалар “устоз” деган номга муносиб бўлмайди. Зеро, “устоз” сўзи доимо ижобий маънода бўлади.
Шарқ халқларида ҳар қандай касб ва илмда устознинг ҳурматини юқори даражада адо қилиш одат бўлиб келган. Бу анъана ҳозирги кунга қадар давом этиб келмоқда. Кўплаб касб эгалари устоздан дуо олмасдан туриб мустақил иш бошламасликлари ҳам фикримизнинг ёрқин далилидир.
Косиб бўладими, дурадгор бўладими, темирчи ёки тикувчи бўлса ҳам, ҳатто замонавий касблардан бўлмиш мотор устаси бўлса ҳам ҳаётда ўз устозини отасидек ҳурмат қилишининг кўплаб гувоҳи бўламиз.
Дунёвий касбларда шундай бўлса, инсоннинг энг юқори мартабалар соҳиб бўлишига олиб келадиган илм соҳасидаги устозларга таъзим қилишлик янада авлороқдир. Зеро ҳазрати Али разияллоҳу анҳу: “Ким менга Аллоҳ йўлида бир ҳарф ўргатса, у менинг ҳожамдир. Хоҳласа қул қилиб олсин, хоҳлса сотиб юборсин” деганлар.
Бизнинг устозларимиз айтганларки, болалик чоғида бир кўчадан ўтса, ўша юртнинг қозикалони йўлда тўғри келиб қолиб, отидан тушиб қўлини қовуштириб турган экан. Сабаби у кишининг отаси қозикалоннинг устози бўлган эди.
Бундай мисолларни минглаб келтириш мумкин. Лекин бугунги кундаги устоз ва шоирдларнинг ҳоли қандай?
Айниқса мактаб муаллимлари ва ўқувчилар ўртасидаги муносабат қай даражада?
Афсуски, ачинарли…
Хўп, ҳозирги ёшлар тарбиясиз деб айтарсиз, лекин унда нега бошқа соҳалардаги устоз ва шогирдлик ҳали ҳамон ўз ҳолида сақланиб қолган?
Биз бекорга келтирмадик юқоридаги касб соҳибларининг мисолларини. Ўшаларга боқинг – устозининг кўзига қараб туришади.
Тўғрисини айтганда, мактабларимизда ҳам ўз ўрнини топган ва ҳақиқий устозлик мақомини олган муаллимлар ҳам бор, лекин илм соҳасида ҳаммаси ҳам ҳурматга сазовор бўлиши керак.
Бунинг сабабларини кўплаб жойлардан излаш мумкин. Лекин иллатни аввал ўзимиздан қидиршимиз керак.
Хўш, қайси биримиз фарзандимиз мактабга кетаётганида унга устозни ҳурмат қилиш ҳақида эслатиб турамиз?
Ҳеч бўлмаганда ҳар хафтада эслатамизми?
Кимлардир бу иш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган бўлсалар ажабланмайман. Сабаби, кўпимиз айбни бошқага “улоқтириб” юборишга одатланиб қолганмиз.
Нима бўлганда ҳам устозни ҳурмат қилсак, Худо хоҳласа ажрга эга бўламиз, устоз нимага муносиб бўлса, унинг иши Аллоҳга ҳавола, бизнинг ишимиз ҳурмат қилиш.
Ассалому алайкум.
Улуғбек қори Йўлдошев
