Ҳалол каб қилиш, инсонларга манфаат етказиш, жамият учун фойдали инсон бўлиш мўминнинг эзгу одатидир. Ҳалол касб билан топилган ризқ кишига ҳаловат бахш этади. Бу ҳақда фарзандларимизга ҳам таълим беришимиз, болалигидан ана шундай муҳитда яшашга ўргатишимиз керак. Бу ҳақда муҳтарам Президентимиз ҳам шундай деган: “Агар фарзандимизга тўғри тарбия бермасак, ҳар куни, ҳар дақиқада унинг юриш-туриши, кайфиятидан огоҳ бўлиб турмасак, уларни илму ҳунарга ўргатмасак, муносиб иш топиб бермасак, бу омонатни бой бериб қўйишимиз ҳеч гап эмас”. («Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби» мавзусидаги анжуманда сўзлаган нутқидан)
Динимиз кўрсатмаларида ҳам ҳалол касбга тарғиб қилинади:
عن عائشة قالت قال النبي صلى الله عليه وسلم إن أطيب ما أكلتم من كسبكم وإن أولادكم من كسبكم . رواه الترمذي والنسائي وابن ماجه . وفي رواية أبي داود والدارمي إن أطيب ما أكل الرجل من كسبه وإن ولده من كسبه
Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
“Киши ейдиган нарсаларнинг энг покизароғи ўз қўли билан касб қилганидандур”.(Оиша разияллоҳу анҳодан Абу Довуд, Насаий, ибн Можа ривоятлари)
Муқаддас динимизда ҳам ҳар бир мўмин-мусулмон киши дунё ҳаётида фаровон яшаши ва Аллоҳ берган ризқини ҳалол йўллар билан топиши учун меҳнат ва ҳаракат қилиши кераклиги баён этилган. Ушбу ҳадиси шарифда Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳунарли бандани яхши кўришлиги баён этилган:
«اِنَّ اللهَ يُحِبُّ الْعَبْدَ المْحْتَرِفَ» (رواه الإمام الترمذى).
“Аллоҳ таоло касб-ҳунарли кишини яхши кўради” (Имом Термизий ривояти).
Ибн Ҳажар Асқалоний ўзининг “Мунаббиҳот” китобида қуйидаги ривоятни келтиради:
«خَصْلَتَانِ لاَ شَيْءَ أَفْضَلَ مِنْهُمَا: اَلْإِيْمَانُ بِاللَّهِ، وَالنَّفْعُ لِلْمُسْلِمِيْن
وَخَصْلَتَانِ لاَ شَيْءَ أَخْبَثَ مِنْهُمَا: اَلشِّرْكُ بِاللَّهِ، وَالضُّرُّ لِلْمُسْلِمِيْن»
“Икки хислат борки, улардан афзал нарса йўқ: Аллоҳга иймон келтириш ва мусулмонларга фойда келтиришдир. Ва икки хислат борки, улардан ёмонроқ нарса йўқ: Аллоҳга ширк келтириш ва мусулмонларга зарар етказишдир”.
Дарҳақиқат, динимиз инсонпарвар, яхшилик дини бўлиб, доим инсонларга манфаат етказиш ва яхшилик қилишга чорлайди. Шундай экан, мўмин киши доим халқ хизматида бўлишга ҳаракат қилади ҳамда халққа наф етказиш, дардига малҳам бўлишни ўзига шараф деб билади.
Саҳобаи киромлар бунга яққол мисол бўладилар:
“Мадина шаҳрининг ташқарисида ёши улуғ, кўзи ожиз бир кампир бор эди. Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу ҳар куни эрталаб ўша кампирнинг юмушларини қилиб келардилар. Бир неча кундан кейин, ўзларидан аввал кимдир келиб уй юмушларини қилиб кетаётганини пайқаб қоладилар. Буни аниқлаш учун таҳажжуд намозини ўқибоқ, бомдоддан олдин келиб кўрсалар ҳазрати Абу Бакр разияллоҳу анҳу кўзи ожиз кекса онанинг уй юмушларини қилиб, уйни саранжомлаб, оҳисталик билан чиқиб кетаётган эканлар”.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
«مَنْ كَانَ فِي حَاجَةِ أَخِيهِ كَانَ اللهُ فِي حَاجَتِهِ وَمَنْ فَرَّجَ عَنْ مُسْلِمٍ كُرْبَةً فَرَّجَ اللهُ عَنْهُ كُرْبَةً مِنْ كُرُبَاتِ يَوْمِ الْقِيَامَةِ» (رواه الإمام البخاري) .
“Ким ўзганинг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишини аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади” (Имом Бухорий ривояти).
Аллоҳ таоло дунёдаги барча нарсаларни инсоннинг фойдаси учун яратди. Шундай экан, инсон ҳам шунча имкониятлардан фойдаланиб Аллоҳнинг буйруқларини бажармаслиги инсофсизлик бўлади.
Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби
(Жума тезисларидан фойдаланилди)
