Бу шундай мазҳабки…

Бу шундай мазҳабки…
Мазҳаблар ҳақида сўз юритар эканмиз, аввало бу иоранинг маъносига эътибор қаратишимиз керак бўлади. “Мазҳаб” сўзи арабча сўз бўлиб, “йўл”, “йўналиш” маъноларини билдиради. Шаръий истилоҳда эса, “бирор диний масала, муаммо бўйича муайян мужтаҳид олимнинг фатво чиқариш йўлидир”. Саҳоба ва тобеинлар даврида мазҳаблар кўп бўлган. Аммо вақт ўтиши билан улар орасида тўрт йирик: ҳанафий, моликий, шофеий, ҳанбалий мазҳаблари ривож топган. Мазкур тўрт мазҳаб вужудга келишининг асосий омили – булар қолган мазҳабларнинг таълимотини ҳам тадқиқ қилиб чиқиб қамраб олганидир.
Бу ҳақда аллома Ибн Ражаб ўзининг “Тўрт мазҳабдан бошқага эргашганга раддия” асарида қуйидаги сўзни айтганлар:
“Кўплаб мазҳаблар орасидан айнан тўрт мазҳаб сақланиб қолиши худди Қуръони каримнинг етти қироатидан фақат биттаси қолганига ўхшайди. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони карим етти хил лаҳжада нозил бўлган. Кейинчалик ислом дини атрофга кенг ёйилиб, мусулмонларнинг сони ортиб борди ва қироат борасида улар ўртасида баъзи ихтилофлар келиб чиққач, Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу мусҳафни етти қироатдан фақат биттасининг лаҳжасида ёздиришга қарор қилди. Оқибатда бугун ер юзи мусулмонлари Қуръонни фақат битта мусҳафдан яъни, Усмон мусҳафида ёзилган хатидан ўқийдиган бўлди. Демак, кўплаб мазҳаблар орасидан фақат тўрттасининг сақланиб қолгани асрлар давомида инсонларни турли зиддиятлар ва ихтилофлардан ҳимоя этишда асос бўлган”.
Динимизда тўрттала мазҳаб соҳибларига ҳам эҳтиром кўрсатилади. Чунки бу мазҳабларнинг соҳиблари ўз даврининг энг тақволи ва билимдон кишилари бўлганлар. Шунинг учун улардан бирортасига номуносиб сўз айтиш одоб доирасидан эмас.
Ҳаётнинг гўзал томонларидан бири шуки, ҳар жабҳада муҳаббат зарур. Кимнингки қалбида муҳаббат бўлса, бу муҳаббат тоза ва соф бўлса, инсонни эзгуликлар сари етаклайди. Мазҳаблар борасида ҳам муҳаббат кўп яхшиликларга сабаб бўлади ва фитналарнинг олдини олади.
Демоқчимизки, ҳар ким ўзи эргашаётган мазҳабга муҳаббатли бўлса, бу муҳаббат лиммо-лим бўлса, ҳаёти давомида чалғимагай ва бошқаларни маломат ҳам қилмагай. Шунга мувофиқ биз ҳам ўз мазҳабимизга, мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳига муҳаббатимизни изҳор қиламиз.
Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ илмда тенгсиз бир мақомда ҳаммага устоз бўлиб, нафақат оддий мусулмонларга, балки дин пешволари бўлган мужтаҳид уламоларга ҳам устозлик даражасига чиқдилар.
Уламолардан бири Ҳазрати Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ камида 83 мингта масала айтган, дейди. Бу то қиёмат сўралиши мумкин бўлган масалаларга жавоб айтган, деганидир.
Аҳли сунна вал – жамоанинг тўрт мазҳаби – ҳанафийлик, шофеъийлик, моликийлик ва ҳанбалийлик мазҳаблари ичида Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳнинг мазҳаби энг улуғ деб тан олиниши шаръий масалалар ечимининг пухталиги ва одамлар учун осонлигидадир.
83 минг масалани айтишга бир одамнинг умри кифоя қилиши ўта мушкулдир, лекин Аллоҳ Имоми Аъзамга ана шундай неъматни ато этган эди. Бутун дунё мусулмонларнинг ярми (50.5%) Имоми Аъзам мазҳабига эргашган.
Жаноби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар мусулмонлар бирор масалада икки тоифага бўлинадиган бўлса, қайси тоифадаги одамларнинг саноғи кўп бўлса, ўшанга эргашинглар, адашмайсизлар», — дедилар. Демак, бизнинг мазҳабимиз шундай муборак мазҳабки, унга эргашган одам адашмайди. Валҳамду лиллаҳ.

Улуғбек қори Йўлдошев. Асака т. “Холид ибн Валид” жоме масжиди ходими
(Манбалар: жума тезислари ва Азон.уз сайти)