Абу Мансур Мотуридий

Юртимиз қанчалаб алломалар диёри. Бу табаррук тупроқда бутун дунёга устоз бўлган уламолар етишиб чиққан. Бугунги авлоддан ҳам келажакда шундай уламолар чиқиши учун биринчи навбатда уларга етарли тарбия ва шароитларни барпо қилиб, ўтган тарихий уламоларнинг ҳаётини ўрганишимиз керак.
Муҳтарам Юртбошимиз ҳам бу тўғрида шундай деди: “Барчамиз Оллоҳга шукрона келтириб, сиз, муҳтарам уламолар, имом-хатиблар, жамоатчилик вакиллари билан бирга динимиз тарихи, буюк алломалар ва азиз-авлиёларимиз меросини ўрганиш ва тарғиб этиш бўйича бошлаган ишларимизни давом эттиришимиз керак. Кейинги вақтда мен жойларда бўлиб, ҳудудларимиз ҳаёти билан янада яқиндан танишар эканман, шундай бир фикрга ишонч ҳосил қиляпманки, биз ҳали юртимизни, унинг ўзига хос тарихи, маданияти, улуғ олиму уламоларини, бебаҳо маънавий меросимизни тўлиқ ўрганганимиз йўқ”. («Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби» мавзусидаги анжуманда сўзлаган нутқидан)
Фарзандларимизга яхши танитиб, ўзимиз ҳам билиб қўйишимиз керак бўлган уламолардан бири – Абу Мансур Мотуридий бўлиб тўлиқ номи Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-ҳанафий ал-Мотуридий ас-Самарқандий. 870 санада Мотурид қишлоғи (ҳозирги Жомбой тумани)да таваллуд топиб, то умрининг охиригача шу ерда яшаган, бу ерда катта боғ ҳам барпо этган.
Мотуридий яшаган давр Сомонийлар ҳукмронлик қилган даврга тўғри келади. Самарқанд дастлаб бу давлатнинг пойтахти бўлиб, сўнгра IХ асрнинг охиридан бошлаб пойтахт Бухорога кўчирилди. Бироқ ўша вақтда ҳам Самарқанд Бухоро билан бир қаторда Мовароуннаҳрнинг иқтисодиймаданий маркази бўлиб қолаверди.
Абу Мансур Мотуридий сунний эътиқодидаги икки йирик таълимотлардан бири бўлмиш мотуридия таълимотининг асосчиларидан ҳисобланади. Фиқҳ олими, калом илмининг мотуридийлик оқими асосчиси. «Имом ал-ҳудо» («Ҳидоят йўли имоми»), «Имом ал-мутакаллимин», («Мутакаллимлар имоми») номлари билан улуғланган.
Мотуридийнинг асосий асарлари «Китоб ат-тавҳид» («Тавҳид ҳақидаги китоб»), «Таъвилат аҳлас-сунна» («Суннийлик анъаналари шарҳи»)дир. «Китоб ат Тавҳид» билиш назарияси баён қилинган мусулмон илоҳиётшунослигининг биринчи асари ҳисобланади. Китобнинг калом илми таърифи берилган муқаддимасида билимнинг 3 манбаи: ҳиссий аъзолари воситасида, нақл — ривоятлар воситасида ва ақл-идрок воситасида ахборотлар олиш мумкинлиги ҳақида гапирилади.
Абу Мансур ал-Мотуридийнинг “Шариат асослари”, “Китоб ал-жадал”, “Диалектика ҳақида китоб” каби асарлари ҳам бўлган. Булардан ташқари Мотуридийнинг ислом ҳуқуқшунослигига оид “Усул китоби” асари ҳам маълум.
Мотуридий соф дин доирасидан чиқмаган ҳолда ақл-идрокни улуғлайди ва мантиқан асосланган билимнинг аҳамиятини таъкидлайди. Китобда ўша даврдаги адашган фирқалар қарашларининг ҳақиқатдан йироқ эканлиги таҳлил этилган. Мотуридий «Дин йўлидаги барча адашувларнинг сабаби — риёкор кимсаларга кўр-кўрона эргашишдадир», деб таъкидлаган эди.
Абу Мансур Мотуридий умри давомида фақиҳлар, муҳаддислар билан мулоқотда бўлган ва мунозаралар олиб борган. У ислом динининг ҳанафий мазҳабини Мовароуннаҳрда тарқатиш ва ўзидан кейинги авлодларга қусурсиз етказиш ишига муҳим ҳисса қўшди.
Мотуридий ўз даврининг исломий илмлари соҳасида энг етук билим соҳиби ҳисобланиб, мусулмон дунёси олимлари томонидан тан олинган ва ҳозирда ҳам турли диний асарларда зўр эҳтиром билан тилга олинади.

Авазбек Мўминов. Асака туманидаги “Мамирқори” жоме масжиди ходими