Қабасот. Аллоҳдан қўрқиш

  • وَأَمَّا مَنْ خَافَ مَقَامَ رَبِّهِ وَنَهَى النَّفْسَ عَنِ الْهَوَى * فَإِنَّ الْجَنَّةَ هِيَ الْمَأْوَى *
    “Ва, аммо ким Роббисининг мақомидан қўрққан ва ўз нафсини ҳаволаниб кетишидан қайтарган бўлса. Бас, албатта, жаннат ўрин бўладир”. (Назиъат. 40-41)

АЛЛОҲДАН ҚЎРҚИШ
Қўрқишлик парҳезкорликни келтириб чиқаради. Нафсга хатолардан эҳтиёт бўлиш, ҳалокатдан ҳушёр бўлишлик чораларини ўргатади.
Қўрқишликнинг даражалари бор. Унинг энг баланд ва юқори даражаси – Аллоҳ азза ва жалладан қўрқишлик. Аллоҳдан қўрқишлик туфайли инсон Аллоҳ учун, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам учун, дин учун амал қилиш мақомига эга бўлади.
Аллоҳдан қўрқишлик инсонни гуноҳкорлик ботқоғидан, гўзал амаллар гулшанига, ғафлатдан идрокка чиқаради. Оғишмасдан тўғри юришига, бировларнинг ҳақига кўз олайтирмаган ҳолда қаноатда бўлишига олиб келади. Аллоҳдан қўрққан инсон бошқаларни ҳам эъзозлайди. Зиммасидаги Аллоҳ таолонинг ҳақларини адо этади. Ота-онанинг ҳақларини билиб уни сидқидилдан бажаради. Муқаддас Ислом дини олдидаги вазифаларни бажаради. Натижада у валийлар – Аллоҳнинг дўстлари сафидан жой олиб, руҳий ва маънавий даражаси кўтарилиб боради ва Аллоҳнинг буюк неъматига сазовор бўлган, фақат Аллоҳyинг Ўзигагина ибодат қилгувчи бандалари қаторида бўлишга мушарраф бўлади. Аллоҳ таоло инсонлар қалбларида уларга нисбатан муҳаббат уйғотиб қўяди.
Аллоҳдан қўрқишнинг энг асосий маҳсули – ҳар бир амални нуқсонсиз тўла бажаришга олиб келгувчи парҳезкорликдур.
Аллоҳдан қўрқиш бозорда сотилгувчи матох эмаски, хоҳлаган одам сотиб олаверса. Балки Аллоҳ таоло Ўзи рози бўлган ушбу Ислом умматига насиб этган улуғ неъматки, Ўзи хоҳлаган бандасига хоҳлаган миқдорда ато этгай.
Аммо Тангрининг буйруқ ва кўрсатмаларига хилоф равишда нафсининг хоҳишлари кесилиб қолишидан қўрққан кимсалар эса Аллоҳга Унинг Расулига осий бўлгайлар.