Алқама

Бизларнинг дунёга келишимизга сабабчи бўлган ота-оналаримиз ҳақида қанча ёзсак, қанча гапирсак кам. Балки зарур ҳамдир. Айниқса, ғафлатда қолиб, бепарво бўлиб қолган пайтимизда эслатма бўлса ажаб эмас.
“Ота-она ризоси” китобида шундай дебдилар:
Оила – ота-она, эр-xотин ва фарзандлар тўғрисидаги муносабатлар асосида қурилади. Айниқса ота-она ва фарзандлар ўртасидаги алоқалар жуда муҳим бўлиб, ўғил-қизларнинг ўз ота-оналари зиммасида муайян ҳақлари бўлгани каби ота-онанинг ҳам фарзандлари зиммасида бир мунча ҳақлари борки, ушбу китобимиз шу мавзуга бағишлангандир.
Бизнинг туғилиб, эс-ҳушимизни танишимизда, вояга етиб, билим ва касб эгаллашимизда, инсоний фазилатлар ва яxши xулқ соҳиби бўлиб етишишимизда, xулласи жамиятга муносиб комил инсонлар қаторидан жой олишимизда ота-онанинг буюк ҳиссаси борлигини ҳeч ким инкор қилолмаса кeрак.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай буюради:
“Парвардигорингиз, ёлғиз Унинг ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яxшилик қилишларингизни амр этди. Агар уларнинг (ота-онангизнинг) бирови ёки ҳар иккиси сeнинг ҳузурингда кeксалик ёшига етсалар, уларга қараб “уф” тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма!Уларга (доимо) яxши сўз айт! Улар учун мeҳрибонлик билан, xорлик қанотини паст тут – ҳокисор бўл ва: “Парвардигорим, мeни (улар) гўдаклик чоғимдан тарбиялаб ўстирганларидeк, сeн ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин”, дeб (ҳақларига дуо қил!)”. (“Исро”. 23–24). (Ота-она ризоси. зиёуз.cом кутубxонаси)
Ҳар ким вояга етказган ота-онасининг ҳурматини қилмасдан уларни ранжитар экан, кексайиб меҳрга ташна бўлиб қолганларида уларга меҳр ўрнига қаҳри кўрсатар экан, дунёда ҳам хор бўлиб, охиратда ҳам азобларга дучор бўлгай. Уларнинг ҳар бир куни бизларга ғанимат.
Тўғри, хотин ва бола-чақа тарбияси ва таъминоти ҳам бизларнинг гарданимизда. Лекин бу дегани ота-онага бепарволик қилишга олиб келмаслиги керак. Агар ота ва онанининг ҳурматини жойига қўймас экансиз, бошқа амаллардан не фойда?
Машҳур ривоят. Алқама разияллоҳу анҳу саҳобаларниг ичиди энг салоҳиятлиларидан эди. Унга охират диёрига риҳлат қилиш вақти етиб, жон ҳалқумига келганида ҳар қандай сўзларни айта олар эди, фақат шаҳодат калимасига тили келмай қолган эди. Унинг аҳли Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб бу ҳолатни айтишди.
— Унинг ота-онаси борми? – сўрадилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
— Отаси ўтиб кетган, онаси ҳаёт, фалаж бўлиб қолган, — дейишди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Билол ва Аммор разияллоҳу анҳумога тайинладилар:
— Эй Билол, эй Аммор! Алқаманинг онасининг олдига бориб: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Сизни чорлаяптилар. Агар имконингиз бўлса борар экансиз. Бўлмаса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари келар экан” деб айтинглар.
Билол ва Аммор разияллоҳу анҳумо Алқаманинг онасининг олдига бориб хабарни етказишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг чорловларини эшитган онаизор йиғлаб юборди:
— Ота-нам Сизга фидо бўлсин, эй, Аллоҳнинг расули! Сиз менинг олдимга келишингиздан кўра мен Сизнинг олдингизга боришим муносиброқ! – деб, ўзи фалаж бўлса-да, йўлга чиқди.
У етиб боргач Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сўрадилар:
— Эй Алқаманинг онаси, Алқама қандай?
— У яхшиликда. Намозлар ўқийди, рўзалар тутади, ғанимат ўлжага эга бўлади, — жавоб берди она.
— Сизга нисбатан қандай ҳолатда?
— Мен ундан қаттиқ хафаман!
— Нима учун?
— У хотини мендан устун қўяди!
Бу сўзлардан кейин Расули акрам саллаллоҳу алайҳи ва саллам фарзандидан рози қилиш ва Алқамани дўзах азобидан сақлаб қолиш учун онанинг қалбида раҳм-шафқат қўзғатиб қўйишни хоҳлаб қолдилар.
— Эй Било, эй Аммор! Боринглар, ўтин олиб келинглар! – дедилар.
— Нима учун, эй, Аллоҳнинг расули? – сўради она.
— Алқама охиратда куёмаслиги учун шу дунёдаёқ ёқиб юбормоқчиман! – жавоб бердилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
— Боламни, жигаргўшамни кўз олдимда ёқиб юборурмисиз?..
— Ё рози бўлурсиз, ёки ёқиб юборишга буюраман!
Шунда Алқаманинг онаси қалбининг тубидан дод солиб юборди:
— Эй Аллоҳ! Сени гувоҳ қиламан! Эй, Аллоҳнинг ердаги расули! Сизни гувоҳ қиламан! Шу ерда турганларнинг ҳаммасини гувоҳ қилиб айтарман – мен Алқамадан розиман!
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрдилар:
— Эй Билол! Эй Аммор! Алқаманинг олдига бориб қулоқ солинглар-чи, тили имон калималарига келдимикин? Балки унинг онаси қалбидан эмас, балки тилидангина айтгандир?
Билол ва Аммор разияллоҳу анҳумо борсалар Алқама имон калималарини равон айтаётган ва охирги нафасларида экан…
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўринларидан туриб, унинг жанозасига бордилар. Қабрига ҳам бориб насиҳат қилдилар:
— Эй инсонлар! Кимки хотинини онасидан устун қўйса ёки онасига ғазаб қилса, қиёмат кунигача унга Аллоҳнинг лаънати бўлур!

Муҳаммадқудратбек Дадабоев. Асака туманидаги Ҳолмадодхоҳ масжиди имом хатиби