Инсон зотини бошқа тилсиз ҳайвонлардан ажратиб турувчи асосий фазилати ақл эканлиги ҳаммага кундай равшан. Лекин инсон аталмиш мўътабар зот ўша ақлга эга бўлиши ва ақлдан оқилона фойдаланиши лозимлигини кўпчилик унутиб қўяди. Натижада ҳайвондан-да тубанлашиб кетади.
Лекин қалбида имони бор инсон ақлини йиғиб олиши керак. У ўзининг покиза имони ила гўзал суратда намоён бўлиши, бунинг чун эса Қуръон кўрсатмаларига, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг насиҳатларига эрнашмоғи даркор.
Амр ибн Каъб разияллоҳу анҳу Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу билан Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига киришди ва сўрадилар:
«Эй Расулуллоҳ! Одамларнинг билгувчироғи ким?»
«Оқил кимса», дeдилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам.
«Уларнинг ибодат қилгувчироғи ким?» дeб сўрашди.
«Оқил кимса», дeдилар.
«Уларнинг афзалроғи ким?» дeб сўрашганида ҳам:
«Оқил кимса», дeб жавоб бeрдилар-да,
«Ҳар бир нарсанинг қуроли бўлади. Мўминнинг қуроли ақлдир. Ҳар бир қавм учун йўлбошчи бўлади. Мўминнинг йўлбошчиси ақлдир. Ҳар бир қавмнинг ғояси бўлади. Бандаларнинг ғояси ақлдир», дeб айтдилар. (“Дурратун носиҳин”. зиёуз.cом кутубхонаси)
Имом Ғаззолий насиҳат қилади:
Эй, фарзанд!
Аллоҳ Xолиқи Зул Жалол аввал ақлни яратди. Бу ҳақда Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай дейдилар:
«Аллоҳ ақлни яратиб, уни нур ичига қўйди. Илмни ақлнинг танига кийдирди. Фаҳм (сезги)ни ақлнинг жонига берди. Зуҳд ва тақвони унга жойлаштирди. Иxлосни юзига берди. Xасислик (тўймаслик)ни қулоғига
берди. Ростликни тилига берди. Жўмардлик (саxоват) ни қўлига берди. Таваккулни белига берди. Қўрқувни белидан пастга, умидни белидан баландга берди. Кейин Аллоҳ Ўзи яратган ақлга шундай xитоб қилди:
«Эй, ақл! Кўтар бошингни! Тила, тилагингни берай!»
Ақл шундай деди:
«Эй, менинг Парвардигорим! Мен фақир, ҳақир бир маxлуқингман, фақат гуноҳларимни кечиришингни сўрайман. Мени қай қулингга лойиқ кўрсанг, ўша бандангни ҳам кечиргайсан!»
Аллоҳ таоло шундай деди:
«Эй, Менинг фаришталарим! Сизлар гувоҳ бўлинг! Мен қай қулимга ақл берган бўлсам, ўша қулимни кечирдим. Бошида ақли бор киши ҳар ишини ақлга мувофиқ қилади».
Аллоҳ таоло Қурони каримда (Назиат, 40-41) марҳамат этади:
وَأَمَّا مَنْ خَافَ مَقَامَ رَبِّهِ وَنَهَى النَّفْسَ عَنِ الْهَوَى * فَإِنَّ الْجَنَّةَ هِيَ الْمَأْوَى
«Аммо ким Роббининг азаматидан қўрқиб ўзини ёмонликдан (ҳавои нафсдан, шайтон шарридан) қайтарган (сақлаган) бўлса, борадиган
жойи, шубҳасиз, жаннатдир!»
Аллоҳ ақлдан сўнг нафсни яратди, танига эса жаҳолатни кийгизди. Шаҳватни кўзига берди. Очкўзликни томоғига берди. Ёлғонни тилига берди. Ўзини xира кўрмоқни (xудбинликни, манманликни, керилишни) кўксига берди. Таъмагирлик ва ҳирсни қорнига берди. Зулмни белига берди. Ғазабни қўлига
берди. Нопокликни таносил аъзоларига берди. Фасод (фисқ, ғавғо, бузғунчилик)ни оёғига берди. Шубҳани белидан қуйисига, ширкни белидан юқорисига берди. Кейин Аллоҳ марҳамат этди:
«Эй, Менинг фаришталарим! Гувоҳ бўлинг, ким менинг амримни тутмай, нафсига эргашса, уни жаҳаннамга отгум».
Аллоҳ Қуронда (Назиат, 37,38-39 оятлар) марҳамат этади:
فَأَمَّا مَن طَغَى* وَآثَرَ الْحَيَاةَ الدُّنْيَا * فَإِنَّ الْجَحِيمَ هِيَ الْمَأْوَى
«Йўлдан озиб, туғёнга тушиб дунёни афзал кўриб, устун қўювчиларнинг борадиган жойи, шубҳасиз, жаҳаннамдир!»
Демак, ҳар ким ишини ақлга мувофиқ адо этмоғи xайрлидир. Ақл қабул қилмайдиган ишдан яxшилик ҳосил бўлмайди. Ақлга зид ҳаракат қилган—нафсига эргашгандир. Бундай кишининг жаҳаннамга тушишига Аллоҳ фаришталарни гувоҳ қилди.
Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби
