Аёл ҳақида Ислом ва бошқалар

Аёл зоти эркаклар учун Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло томонидан ато қилинган неъматларнинг энг сарасидир. Уламоларимиз айтадиларки, Аллоҳ таоло Одам алайҳис саломни яратиб унга Ўз руҳидан пуфлаб жон бахшида қилди. отамиз ўзи ёлғиз зерикди. Унинг кўнглига таскин керак эди. Қалбида бўшлиқ бор эди. Бу бўлиқни эса айнан аёл зотигина тўлдира олур, айнан аёл зотигина унга таскин бўлар, айнан аёл зотигина отамизга ором бағишлай олур эди.
Аллоҳ таоло Одам алайҳис салом овуниши учун бошқа ҳеч қандай хилқатни ҳадя қилмади, балки Ўзининг азалий илми билан отамизнинг чап қобирғасида онамиз Момо Ҳавони чиқарди. Ана энди эркак зоти учун қиёматга қадар ҳар қандай неъмат аёлнинг ўрнини боса олмайди.
Лекин уларнинг бунчалар юқори қадр ва қийматларини инсонлар фақат Ислом келганидан кейингина тўлароқ англадилар. Унга қадар, айниқса дин манбаларидан ғафлатда бўлган халқларда аёл зоти инсон сифатида, жамиятнинг ўз ҳуқуқига эга бўлган аъзоси сифатида қаралмас эди.
Ислом дини келгандан кейин аёлларнинг қадри юксак мартабаларга кўтарилди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда аёлларга қилинадиган салбий муносабатларни қаттиқ қоралади ва ман қилди. Қизларни яхши тарбия қилганларга ўғил болаларни тарбия қилганлардан ҳам кўп ажрлар ваъда қилинди. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
«مَنْ وُلِدَتْ لَهُ اِبْنَةٌ فَلَمْ يُئِدْهَا وَلَمْ يُهِنْهَا، وَلَمْ يُؤثِرْ وَلَدَهُ عَلَيْهَا — يَعْنِي الذَّكَرَ — أَدْخَلَهُ اللهُ بِهَا الْجَنَّةَ»
(رَوَاهُ الإِمَامُ أَحْمَدُ، وَالإِمَامُ الْحَاكِمُ).
“Кимнинг ҳузурида бир қиз бола туғилсаю уни тириклайин кўмиб юбормаса, камситмаса ва ўғил фарзандини ундан устун қўймаган бўлса, Аллоҳ уни жаннатга киритади” (Имом Аҳмад ва Имом Ҳоким ривояти).
Яна бир ҳадисда шундай дейилган:
«مَنْ كَانَ لَهُ ثَلاَثُ بَنَاتٍ أَوْ ثَلاَثُ أَخَوَاتٍ، أَوْ اِبْنَتَانِ أَوْ أُخْتَانِ، فَأَحْسَنَ صُحْبَتَهُنَّ
وَاتَّقَى اللهَ فِيْهِنَّ فَلَهُ الْجَنَّةُ» (رَوَاهُ الإِمَامُ التِّرْمِذِيُّ).
“Кимнинг учта қизи бўлса ёки учта синглиси бўлса, ёхуд икки қизи, ёки икки синглиси бўлса, уларга гўзал муносабатда бўлса ва уларнинг ҳаққида Аллоҳдан қўрқса, унга жаннат берилур” (Имом Термизий ривояти).
Фотимахон Сулаймон қори қизининг “Аёл мукаррамдир” китобида бу ҳақда жуда ҳам қизиқарли маълумотлар берлган. Шумер ҳуқуқига кўра, бир аёл эрига: «Сен менинг эрим эмассан», дея ажралишни истаса, у аёл дарёга ташланар эди.
Милоддан олдинги 1800-1700 йиллар орасида Онадўлида яшаган хатитларда уйда болаларга ҳоким фақат ота эди. Истаса, болаларни товон, бадал сифатида бошқасига бера оларди. Эр ўлганда, аёл оиладаги қариндошларига топшириларди. Бунга алоқадор қонунда ёзилишича «Агар бир киши ўлиб, хотини тул қолса, аввал аёл эрнинг эркак қариндошига турмушга чиқади. Бу ўлса, унинг отасига, ота ўлса, эр қариндошининг ўғлига турмушга чиқиш мажбуриятида эди».
Меҳнатга тўланадиган ҳақ жиҳатидан аёл эркак ҳаққининг ярмини оларди.
Қадимги Юнонистонда аёл хор ва хақир саналарди. Қонун жиҳатидан бозорда сотиладиган ва олинадиган мол туридан, нарсадан унинг фарқи йўқ эди. Маданий ҳақларга оид турли эркинликлардан ва ҳурриятдан маҳрум эди, бутун умри давомида бир эркакнинг обрўси остида бўлиб, турмуш ва турмуш қуриш ишлари ўша эркакка топшириларди. Ўша эркак истаган бирига эр сифатида таклиф этар ва аёлни зўрлаб тасарруфига оларди. эркак киши барча мол-мулкнинг идорачиси эди. Унинг розилигисиз аёл ҳеч бир тасарруф ҳуқуқига эга эмас эди.
Спарталиклар эса аёлга, масалан, меросда, келин сепида ва муомалада баъзи ҳуқуқлар, маданий ҳақлар бергандилар. Фақат бу уларнинг аёлларни ҳурмат қилганлари сабабли эмас, балки Спарта ҳарбий жой бўлганлиги учун эркаклар давомли уруш, жанг билан машғул бўлардилар. Сита (махсус бирор нарса билан шуғулланувчи шаҳар, ўлка, давлат)да бўлмаганларидан, тасарруф этишни мажбуран ихтиёрсиз аёлларга қолдиришарди. Шу сабабли спарталик аёл Афина ва бошқа Юнон шаҳарларида яшаган аёлларга қараганда эркинроқ эди.
Юнон маданияти чўққига чиққач, аёллар аҳволи янада ёмонлашди. Фаҳш ёйилди. Аёллар бир завқ воситаси ва шаҳватларни қондирадиган эрмак ҳолига тушди. Турмушдан мақсад, фақат завқ ва шаҳват қондириш бўлиб қолди. Фарзанд кўриш мақсади йўқолди. Спартада жинсий жозибаси бўлган аёллар эридан бошқа эркаклар билан ғайри машруъ алоқаларга зўрланадиган бўлди.

Жалолиддин Исмоилов. Асака т. «Тошбой халфа» масжиди имом хатиби