Аёл киши жамиятнинг ҳуқуқлари кафотланган аъзосидир. Шариатимиз кўрсатмаларида эркакларга бир қанча вазифалар юклангани каби аёлларнинг ҳам хилқатларига муносиб бурчлари бор. Аёл кишига Аллоҳ таоло икки масалада масъулият юклайди, бири – жуфти учун руҳий, маънавий хотиржамлик, сукунат бўлиш, иккинчиси – фарзанд дунёга келтириш ва унга ғамхўрлик қилиш машаққатлари.
Шариатимизда шу залворли машаққатлар муқобилига бир нечта масалаларда аёлларнинг руҳий, жисмоний ҳолати эътиборга олиниб, уларга икром кўрсатилган, енгиллик берилган. Ҳаётнинг турли жабҳаларидаги жавобгарлик масъулияти эркакка юклатилиб, аёллар озод қилиндилар. Жумладан, жума намози ва жамоатга ҳозир бўлишга буюрмади.
Шунингдек, рўзғорига харажат қилишга мажбур эмас. Бу тўлиғича эрнинг вазифаси. Эр хотиннинг мулкига дахл қилмасдан маҳр беради, тўй қилади, уй-жой билан таъминлайди, хотин бола-чақасини парвариш қилади. Бу ҳолат аёл учун молиявий имтиёздир.
Аёл киши беш маҳал намозини ўқиб, Рамазон рўзасини тутиб, ўзини сақлаб, эрига итоатда бўлиши ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
عن عبد الرحمن بن عوف قال قال رسول الله صلى الله عليه و سلم : إذا صلت المرأة خمسها وصامت شهرها وحفظت فرجها وأطاعت زوجها قيل لها أدخلي الجنة من أي أبواب الجنة شئت (مسند أحمد بن حنبل)
Абдураҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда:
“Қачонки хотин киши беш (маҳал) намозини ўқиса, бир ой рўзасини тутса, фаржини сақласа ва эрига итоат қилса унга “Жаннатнинг эшикларидан хоҳлаганингдан жаннатга киргин!” – деб айтилади” деганлар. (Аҳмад ибн Ҳанбал муснади)
Хотинларнинг зиммаларида эрларининг ҳақлари кўп бўлиб, шулардан доимийси уларнинг розилигидур.
عن أم سلمة قالت : قال رسول الله صلى الله عليه و سلم أيما امرأة ماتت وزوجها عنها راض دخلت الجنة (سنن الترمزي)
Имом Термизий Умму Салама разияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
“Қай бир хотин эри ундан рози бўлган ҳолда вафот этган бўлса, жаннатга киради”.
Хотиннинг асосий вазифаларидан бири эрининг табиий эҳтиёжи эканлиги ҳақида ҳам кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Жумладан жаноб пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
عن طلق بن علي قال : قال رسول الله صلى الله عليه و سلم إذا الرجل دعا زوجته لحاجته فلتأته وإن كانت على التنور
“Қачонки эркак киши хотинини ҳожати учун чорлаб қолса, агарчи тандирнинг рўпарасида турган бўлса ҳам етиб келсин!” (Толқ ибн Али разияллоҳу анҳудан имом Термизий ривояти)
Аёлларга шариатимиз кўрсатмаларида шунчалик енгилликлар эвазига биргина эрини рози қилишлик қолар экан, бу йўл эса жаннат йўлларининг энг равонидир.
Муқимжон Жўраев. Асака т. «Мулла абдулазиз» жоме масжиди имом хатиби
