Баҳор келса…

БАҲОР КЕЛСА
Мустақил юртимиз узра баҳор нафаси уфуриб, она замин узра офтобнинг илиқ нурлари сочилгани янглиғ эсон-омон умримизнинг янги баҳорига етиб келганлигимизга шукрона тарзида халқимизнинг кўнгилларига ҳам кўтаринки сурур кайфиятлари кириб келмоқда. Ҳар қандай ғам-ташвишдан бегона бўлган болалар ҳам хурсандлигидан чопқиллаб юрадилар. Умрнинг энг қизғин палласидаги инсонлар аллақачон баҳорги тирикчилик ишларини бошлаб юборганлар. Ёшини яшаб, ҳаётда ўзига яраша из қолдиришга улгурган кекса отахонлару, онахонлар ўзлари босиб ўтган умрнинг узун йўлларига хаёлчан боқар экан, сўлғин лаблари пичирлаб нимадир деяётгандек бўлади. Шоира опамиз айтганидек:
Олча гулин кўзларингга суртасан беҳол −
“Бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор”.
(Х. Худойбердиева)
Атроф табиат ҳам куёв тўрани интиқлик билан кутиб турган келинчакдек бор бўйи ила безанган. Бундай гўзал табиат ҳақиқатан ҳам инсоннинг қалбига шоирона табиат илҳомларини меҳмонга етаклаб олиб келаётгандек бўлади.
Сокинлик фаслидан буён ошёнларини соғиниб қолган қушлар ҳам шундай жаннатмакон ўлкага етиб келганидан севинчларини ичларига сиғдира олмай қолади. Гўё узоқ вақтлар бегона юртларда дарбадар юриб, ниҳоят ўз Ватанига қайтган сарбадар инсон қувончларга тўлиб, кўрган кечирганларини кўнгил яқинларига тинимсиз қисса қилиб сўзлаб бераётгганидек қушлар ҳам баҳорги наволарини баралла бошлаб юборади. Умр боғининг навқирон даврининг тенгдоши бўлган бунчалар ажиб табиатдан ҳеч қачон ажралгинг келмайди.
Баҳор келса бошланар боғда булбул хониши,
Саъва, қумри нағмаси, суралай товланиши.
Қирларда наврўз сайли, лолаларнинг ёниши,
Тўхтагай табиатдан ҳаққушлар зорланиши −
Кетма баҳор, кетмагил менинг боғимдан.
(Т. Сулаймон)
Аждодларнинг минглаб йиллик удумлари авжига олади − ҳар маҳаллада сумалак сайллари. Бусиз Ўзбекнинг баҳорини тасаввур ҳам қила олмайсиз. Албатта бу қадимий одатимизнинг ҳам ўзига яраша тароватию, биз билган ва билмаган ҳикматлари бор. Қиш аро асосан қуруқ мева ва таомларни еб чиққаннинг сўнггидан баҳорги миллий таомимиз танамиз учун керакли витаминларга сероблигидан шифолиги ҳам сир эмас. Баҳорда қуёш заррачалари орқали келгувчи турли зарарли магнит тўлқинларию, нурлар оқимига яхшигина ҳимоя воситаси вазифасини ҳам ўтайди.
Минглаб йиллик одатларимизда яна бири дарвешона ҳақида ҳам кези келганда бир тўхталиб қўйган яхши. Тарихий битикларга назар ташласак Маҳмуд Қошғарийнинг “Девони луғотит-турк” китобида келтирилган қадимий халқ оғзаки ижоди намуналарида қиш билан ёз жанг қилиб, ниҳоят ёз ғолиб келгани баён қилинар экан, ана энди бунинг шарофатига байрам қилиб хурсандчилик қилиш таъкидланади.
Шунингдек улумоларимиз ҳам бир қанча фикрлар билдиришганлар. Айримлари бу удум “дарвешхона” сўзидан олинган бўлиб, аслида баҳорги экинлар мавсуми учун дарвешларга хайр-эҳсон қилинганлигидан келиб чиққан дейдилар. Яна бошқалари “дарвешона” ўзининг асл маъносида − дарвешона, яъни дарвешларга хос камтарона меҳмондорчилик ташкил қилиш. Бу ҳам, албатта, баҳорги экинлар олдидан қилинадиган тадбир дейдилар.
Биз эса бу тўғрида ўз фикримизни билдиришга ҳақли бўлмасакда, юқоридаги фикрларни инкор қилмаган ҳолда қўшимча равишда китоблар аро изланиб яна ҳам тўлароқ жавоб топгандек бўлдик.
وعن أنس أن عمر بن الخطاب كان إذا قحطوا استسقى بالبعاس بن عبد المطلب فقال اللهم إنا كنا نتوسل إليك بنبينا فتسقينا وإنا نتوسل إليك بعم نبينا فاسقنا . قال فيسقون . رواه البخاري .(صحيح)
Буюк ватандошимиз имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилишича “Умар разияллоҳу анҳу қачон қаҳатчилик бўлса Аббос ибн Абдулмутталиб билан истисқо қилар (ёғингарчилик сўрар) эди. Шунда “Эй Аллоҳ, албатта, бизлар Сенга Пайғамбаримизни васила қилар эдик, бизларга ёмғир берар эдинг. (Энди эса) Пайғамбаримизнинг амакисини васила қилмоқдамиз, бас, ёмғир бергин” дер эди. (Ровий) айтади: Уларга ёмғир берилар эди”.
Мазкур ривоятда истисқо ҳақида сўз бормоқда. Бу тўғрида уламолар бир қанча фикрларни айтганлар. Кўпчилик фақиҳларнинг айтишларича “Истисқо” − ёғингарчилик бўлмай қолганда Аллоҳ таолодан фойдали ва баракали ёмғир сўраб ўқиладиган намоз эрур. Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳи айтишича “Истисқо” − дуо, тазарруъ ва истиғфор айтишдан иборат.
Дарвешонада ҳам юқоридаги амаллар бор. Кўпчилик бўлиб дуо ва тазарруълар қилинади. Элимиз, юртимиз тинч, турмушимиз фаровон бўлиши сўралади, деҳқончиликнинг барча турларига дуолар қилинади − томорқалардан тортиб фермер хўжаликлардаги асосий ризқу-рўзимиз бўлган буғдой, пахтадан бошлаб пиллаларгача дуо қилинади. Аббос разияллоҳу анҳуни чорлаганлари каби атроф маҳаллалардан ёшлари улуғ ва тақводор инсонлар таклиф қилиниб, улардан дуо сўралади.
Фақат асосий фарқи − қурғоқчилик бўлмаса ҳам адо этилиши. Ваҳолонки, бошига қаттиқ иш тушмасдан туриб Аллоҳни эслаган кимсаларнинг бошига оғир кун келганда Аллоҳ таолонинг ёрдами муқаррар бўлиши ҳақида тафсирларда ёзилган. Хусусан “Фаровонликда Аллоҳни эсланг, шиддатли (кун)да Аллоҳ ҳам сизни эслайди”, − дейилган. (Имом Табарий тафсири)
Дастурхон тузаш эса, Алҳамдулиллоҳки, тўқчилик, тўкин-сочинлик аломати. Қолаверса халқимизнинг ўта меҳмондўстлигидан. Аммо исрофгарчиликка иложи борича йўл қўйилмайди.
Шунингдек, бу қадимий одатимизда ибодат умид қилинишини эътиборга олган ҳолда холисликдан чиқиб ортиқча дабдабаларга йўл қўймаслик керак.
Тангри таоло кириб келган баҳор − деҳқончиликнинг бошланиш фаслини баракали қилсин. Дуойи хайрларимизни ижобат қилсин.

Улуғбек қори ЙЎЛДОШЕВ
Асака туманидаги «Холид ибн Валид» жомеъ масжиди ходими