Басмаланинг таърифи
Ислом динида ҳар бир амални, у намоз ўқиш ё Қуръон тиловат қилиш бўладими, овқатланиш ё касб-корни бошлаш бўладими, бир жойга кириш ё уйқуга ётиш бўладими, мактуб ёзиш ё нутқ сўзлаш бўладими, барини бисмиллоҳ билан бошлаймиз.
Аллоҳ исми Буюк Холиқнинг барча исм ва сифатларин ўз ичига олган, ёлғиз Унгагина хос бўлган энг кенг қамровли исмдир. Бирор тилдаги бирор калима унинг ўрнини боса олмайди, на араб тилидаги “Илоҳ” сўзи, на форсча “Худо” сўзи, на туркча “Тангри” сўзи, на ингилизча “Гуд” сўзи ва на бошқаси. Ибодат қилишга, қуллик қилишга лойиқ зот — У.
“Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм” калимаси “Меҳрибон ва раҳимли Аллоҳ номи билан бошлайман” маъносини англатади. Ҳадисда айтилишича, “Бисмиллоҳ”сиз бошланган ишнинг орти кесикдир, яъни муваффақиятли тугамайди ё баракоти бўлмайди.
Меҳрибонликни англатувчи Раҳмон ва раҳимлиликни англатувчи Раҳим Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бўлиб, “Раҳмон” неъматларини тўкис беҳсоб қилиб берувчи маъносини, “Раҳим” эса қиёматда мўминларга раҳм қилувчи маъносини билдиради. Унинг Раҳмон сифати фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига хос, буни инсонларга нисбат бериб бўлмайди. Раҳимлилик эса инсон ва бошқа махлуқотларга ҳам хос бўлиб, инсонларда ҳам, жонзотларда ҳам ўз фарзандларига ҳамда яқинларига раҳм-шафқат туйғулари мавжуддир.
Ривоят қилинишича, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир аёл асирларнинг болаларини эмизаётганини кўриб қоладилар. Уни саҳобаларга кўрсатиб;
“Мана шу хотин ўзгаларнинг боласини эмизаяпти, шу аёлга “Ўз болангни ўтга ташла!” деб буюрилса, ташлайдими?” – дeя сўрадилар. Саҳобалар:
“Асло, ўзини ўтга ташлаши мумкин, аммо боласини ташламайди”, — дейишди. Шунда пайғамбаримиз:
“Аллоҳ таоло ҳам бандасини ўтга ташлашни истамайди, бу онанинг ўз боласига бўлган меҳридан кўра Аллоҳнинг сиз билан бизга бўлган меҳрибонлиги буюкроқдир”, дедилар. Ҳақиқатан, Аллоҳ таоло меҳрибонларнинг энг меҳрибони, раҳимлиларнинг энг раҳимлисидир.
Қуръон ўқимоқчи бўлган киши тиловатга киришишдан аввал басмала айтиши лозим. Бунга далил «Намл» сурасининг 30-оятидир:
إِنَّهُ مِن سُلَيْمَانَ وَإِنَّهُ بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ
Маъноси: «Албатта, у Сулаймондандир, албатта, унда: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим».
Уломалар, албатта, “басмала” Намл сурасида келган оятдан бир бўлак, деб ижмо қилинган. Лекин басмала Фотиҳа сурасининг бир оятими ёки эмасми ҳар суранинг бошланишидаги оятми ё оят эмасми, деб бир неча сўзларда ихтилоф қилганлар.
Имом Шофеъий мазҳабидаги уломолар Фотиҳа сурасидаги “басмала” оят, шунингдек, ҳар бир сура аввалгидагиси ҳам отя, деб фатво берадилар. Моликий мазҳабидаги уломолар эса Фотиҳа сурасидаги оят эмас ва бошқа суралардаси ҳам оят ҳисобланмайди, деб айтдилар.
Ҳанафий мазхаби уломолари эса “басмала” — бу Қуръондаги бир тугал – мукаммал оятдир, суралар орасини ажратиш учун нозил қилинган, Фотиҳа сурасидаги бир оят эмас дейдилар. Ҳанафий мазҳаби уломолари “басмала”ни Мусҳафда ёзилиши унинг “Қуръон” эканлигига далил бўлади, лекин унинг ҳар бир сурадан оят эканлигига далил эмас, дейдилар.
Ҳанафий мазҳабининг далилларини қувватлайдиган ривоятлардан бири Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан келтирилган ушбу “Албатта, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам “басмала” нозил қилингунга қадар фасл, яъни ажратишни билмас эдилар”, деб қилинган ривоятдир.
Имом Молий роҳимуҳуллоҳ “басмала”ни фарз намозининг ошкораси бўлсин, маҳфийси бўлсин, Фотиҳа сурасининг аввалида ёки бошқа суранинг аввалида бўлсин мамнуъдир (қайтарилган), дейдилар. Лекин нафл намозларида жоиз деб биладилар. Имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ намозхон “басмала”ни намознинг хар бир ракатида ҳуфёна ўқийди ва агар ҳар бир сура билан ўқиса яхшидир, деб айтдилар. Имом Шофиъий роҳимаҳуллоҳ намозхон “басмала”ни жаҳрий намозларида жаҳрий, хуфёна намозларида махфий ўқишлиги вожибдир, дейдилар. Имом Аҳмад роҳматуллоҳи алайҳ эса намозхон “басмала”ни махфий айтади, уни жахрий айтиш суннат бўлмайди дейдилар.
Басмала истиъозадан кейин, оятдан аввал ўқилади. Фақатгина «Тавба» сурасининг бошида ўқилмайди. Сабаби, мусҳафларда шундай келган. Яна бир сабаби шуки, басмалада раҳмат, меҳр маъноси бор. «Тавба» сураси эса уруш, шиддат, мушрикларга нисбатан қаттиқлик ҳақидадир. Яна бошқа бир сабаби, «Тавба» сураси ўзидан аввалги «Анфол» сурасининг давоми, яъни бу икки сура аслида битта сура эканлиги эҳтимоли ҳам бор.
Ҳусанбой Сотволдиев. Асака т. «Икром ҳожи» жоме масжиди имом хатиби
