БИР ОЯТ ТАФСИРИ

Қуруқ гап-сўзларга эргашма

Ҳақиқат билан ростнинг ораси тўрт энлик, дейишади. Қулоқ билан кўз ораси шунча экан. Кўз билан кўрмагунча қулоқ билан эшитган гапга ишонавермаслик ва у гапнинг ҳақиқатини аниқламасдан туриб бировга айтмаслик керак, деганидир бу.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қуръони каримда шундай деган:

وَلاَ تَقْفُ مَا لَيْسَ لَكَ بِهِ عِلْمٌ إِنَّ السَّمْعَ وَالْبَصَرَ وَالْفُؤَادَ كُلُّ أُولـئِكَ كَانَ عَنْهُ مَسْؤُولاً

Яъни: Ўзинг билмаган нарсага эргашма! Албатта, қулоқ, кўз ва дил — уларнинг ҳар бирлари сўралгувчилардир”. (Исро. 36)

Ушбу ояти кариманинг тафсирларида шундай дейилган:

Али ибн Абу Талҳа Абдуллоҳ ибн Аббосдан “Ўзинг билмаган нарсаларни гапирма” деб ривоят қилган.

Авфий эса “Билмаган нарсанг билан бировни айблама” деб тафсир қилган.

Муҳаммад ибн Ҳанафия ёлғон гувоҳлик маъносидадир, деган.

Қатода айтади: “Кўрмаган нарсангни кўрдим дема. Эшитмаган нарсангни эшитдим дема. Билмаган нарсангни билдим дема. Чунки Аллоҳ таоло бу нарсаларнинг ҳар биридан сени сўроқлагувчидир”.

“Кўрмаган нарсангни кўрдим деб айтма. Эшитмаган нарсангни эшитдим дема”. (Насафий. “Мадорик”)

Инсондан сўралади: “Нима учун сенга эшитиш ҳалол бўлмаган нарсага қулоқ солдинг? Нима учун қараш ҳалол бўлмаган нарсага қарадинг? Нима учун ман этилган нарсага жазм қилдинг?” деб. (Замахшарий. “Кашшоф”)

وروى البيهقي في شعب الإيمان وأبو نعيم في الحلية من حديث معاذ بن أنس من قفا مؤمنا بما ليس فيه يريد شينه به حبسه الله تعالى على جسر جهنم حتى يخرج مما قال

Байҳақий “Имон шўъбалари”да, Абу Нуъайм “Ҳилятул авлиё”да Маъоз ибн Анасдан ушбу ҳадисни ривоят қилишган:

“Кимки бир мўминни шарманда қилиш истагида унда бўлмаган айб билан туҳмат қилса, Аллоҳ таоло жаҳаннам кўприги устида уни айтган нарсасасини чиқаргунча ҳибс қилади”.

Ибн Касир айтади: “Аллоҳ таоло нафақат билмаган нарсани гапиришдан, балки кўнгилга келган хаёллар ҳақида гумон қилишдан ҳам қайтаради. Ушбу оятда айтганидек:

اجْتَنِبُوا كَثِيراً مِّنَ الظَّنِّ إِنَّ بَعْضَ الظَّنِّ إِثْمٌ

Яъни: “Гумоннинг кўпидан сақланинг, чунки гумоннинг баъзиси гуноҳдир. (Ҳужурот. 12)

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар:

إياكم والظن فإن الظن أكذب الحديث

“Гумондан сақланинглар. Чунки гумон сўзларнинг ёлғонроғидир”. (Ибн Касир тафсири)

Яна айтибдиларки, оятдан мурод мушрикларни илоҳиёт ва нубувват ҳақида аввалгиларга тақлид қилиб, нафсларига эргашган ҳолатда нотўғри гумонда бўлишдан қайтаришдир.

Яна айтибдиларки, бу ўринда билмаган нарсага эргашишдан мурод ёлғончиликдир.

Шуни ҳам билмоқ керакки, ояти каримадаги гумонга эргашишдан мурод маълум бўлмаган нарса билан ҳукм қилишдан қайтаришдир.

واختار الإمام العموم قال : إن اللفظ عام يتناول الكل فلا معنى للتقييد واحتج بالآية نفاة القياس لأنه قفو للظن وحكم به وأجيب بأنهم أجمعوا على الحكم بالظن والعمل به في صور كثيرة فمن ذلك الصلاة على الميت ودفنه في مقابر المسلمين وتوريث المسلم منه بناء على أنه مسلم وهو مظنون والتوجه إلى القبلة في الصلاة وهو مبني على الاجتهاد بإمارات لا تفيد إلا الظن ولأكل الذبيحة بناء على أنها ذبيحة مسلم وهو مظنون والشهادة فإنها ظنية وقيم المتلفات واروش الجنايات فإنها لا سبيل إليها إلا الظن

وقد قال : نحن نحكم بالظاهر والله تعالى يتولى السرائر (ألوسي)

Умуман олганда гумон билан ҳукм қилиш ўринлари ҳам бор. Бунга мисоллар жуда ҳам кўп. Масалан – биз орамиздаги бир инсон вафот этса, уни мусулмон деб ўйлаганимиз, мусулмон деб гумон қилганимиз учун (эътибор беринг – гумон қилиш ўйлаш маъносидадир, шубҳаланиш маъносида эмас) унга жаноза намозини ўқиб, мусулмонларнинг қабристонига дафн қиламиз.

Қиблани ҳам шу томонда деб гумон қилганимиз учун ўша томонга қараб намоз ўқиймиз. Мусулмон кишидан гўшт олсак, шариатга мувофиқ сўйилган деб гумон қиламиз ва бемалол тановул қиламиз.

Буларнинг барчасининг аслини фақат Аллоҳ таологагина аёндир. Бизлар зоҳир билан ҳукм қилурмиз, қалбларга эса Аллоҳнинг Ўзи эгалик қилур.

Демак биз зоҳиран гумонимиз бўйича ҳукм қилурмиз. Зеро Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло шунга буюрган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِذَا جَاءكُمُ الْمُؤْمِنَاتُ مُهَاجِرَاتٍ فَامْتَحِنُوهُنَّ اللَّهُ أَعْلَمُ بِإِيمَانِهِنَّ فَإِنْ عَلِمْتُمُوهُنَّ مُؤْمِنَاتٍ فَلَا تَرْجِعُوهُنَّ إِلَى الْكُفَّارِ

Яъни: “Эй, иймон келтирганлар! Агар сизларга мўминалар ҳижрат қилиб келсалар, уларни имтиҳон қилиб кўринглар. Аллоҳ уларнинг иймонини билгувчидир. Бас, мўминаликларини билсангиз, уларни кофирларга қайтариб юборманг”. (Мумтаҳина. 10) (Алусий. “Руҳул маъоний”)

Шундай қилиб бизларга маълум бўладики, бизлар оятда буюрилганидек ўзимиз билмаган нарса, яъни инсоннинг қалбидаги ниҳон асрорлар бўйича ўзимизча баҳо беришга ҳақли эмасмиз. Балки бизга зоҳиран кўриниб турганидек қабул қиламиз. Тили билан имон кетирдими, бас, биз уни мусулмон ҳисоблаймиз. 

Ижтимоий тармоқлардаги фитналарнинг аксари мазкур оятдаги амрга итоат қилмасликдандир. Бир томондан расмий маълумот берилади. Иккинчи томондан унинг зиддида норасмий хабарлар пайдо бўлади.

Мен буларни кундалик турмушимизда кўриб турганим учун холис баён қилишга ҳаракат қилмоқдаман.

Баъзи инсонларнинг табиати исёнкорликка мойил бўлганидан қарши хабарларни берилиб ўқиб чиқишади. Улар бу пайтда эҳтиросларига шунчалар берилиб кетадиларки, хабар ёзаётган кимсаларнинг аксарияти номаълум, хабарлари асоссиз эканлигини унутиб қўядилар. Натижада ўзларида аниқ маълумот бўлмаган хабарга эргашадилар.

Расмий хабарлар аниқ далиллар ва рақамлар асосида бўлса ҳам нимага асосан рад этаётганликларини ўйлаб кўришга ҳиссиётлари сира йўл қўймайди.

Эрталаб саҳар телефонни ёқиб, янги хабарларни титкилашдан бошлашади. Ётаётганларида ҳам яна бир бор қараб қўйишади.

Ҳаммаси десам, ўзим ҳам бадгумонлик қилган бўлиб қоламан. Лекин аксари шу ҳолат. Бизга на дунёда тегишли бўлмаган, на охиратда сўралмайдиган ишларга шунчалар қаттиқ берилганларки, кашандалар каби хумори тутадиган бўлиб қолган.

Ҳақ сўзни айтиш учун журъат қилиш ўринлари ҳам бор. Улар ўз ўрнида.

Валлоҳу аълам.

Улуғбек қори Йўлдошев