БИР БУРДА НОН
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади – бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига кeлиб сўради: “Эй Аллоҳнинг расули, садақанинг қайси бири ажри улуғроқ?”
У зот: “Ўзинг соғ, ҳирсли, қизғанчиқ, камбағалликдан қўрқиб, бойликни орзу қилиб турган пайтингда садақа қилганинг. Токи жонинг ҳалқумингга етиб келгунча кeчиктирмагин. Сeн фалончига унча, пистончига бунча, дeб айтасан. Ҳолбуки фалончига бўлиб бўлади», дeдилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари)
Садақа балони қайтаради. Садақа қилиб юрган одамнинг бошига кулфат тушганида хотиржамликдан қилган садақаларининг ҳурматидан Аллоҳ таоло ҳам у бандага ёрдам беради. Қадим замонларда бир подшоҳ бўлган экан. У бир куни эълон қилибди:
— Шаҳарда тиламчи ва гадойлар кўпайиб кетди! Бугундан эътиборан кимки тиламчи ва гадойларга садақа берса, қўллари кесилсин!
Шундан сўнг юртда ҳеч ким гадойларга садақа бермай қўйибди. Кунлардан бир кун бу шаҳарга кираётган карвонини қароқчилар талаб, боридан айрилган савдогар биринчи тўғри келган уйнинг эшигини тақиллатибди.
Дарвозани чиройли бир қиз очибди.
— Бир қултум сув билан, бир бурда нон бер,- сўрабди савдогар.
Қиз уйга кириб кетаётиб, шоҳнинг фармони эсига тушиб қолибди. Сўнг орқасига қайтиб, у кишига:
— Отахон, бизнинг юртимизда ким тиламчига садақа берса, қўллари кесилсин деб, фармон чиқарилган,- дебди. Шунда у киши:
— Мен тиланчи эмасман, савдогарман. Карвонимни қароқчилар уриб кетди, оч қолдим, савоб бўлади,- дебди.
Қиз ночор унга сув ва нон берибди.
Айғоқчилар бундан хабар топиб, қизнинг қўлларини кесишибди.
Орадан анча вақт ўтибди. Шоҳ юртини кезиб юриб, бир хонадондан дардли ва мунгли нола эшитиб қолибди. Суриштирса, фармонга асосан қўли кесилган қизэкан. Шоҳ ичкари кириб, гўзал қизни кўрибди. Қилган ишидан пушаймон бўлиб, айбини ювиш учун унга уйланибди. Қиз унга сира кўнгил қўя олмапти. Вақтлар ўтиб, ўғил кўрибди. Кейин йўл топиб, боласи билан саройдан қочибди. Юриб-юриб анҳор бўйига келибди. Сув ичай деса, қўллари йўқ. Сувга энгашибди. Шу пайт белига боғлаган боласи анҳорга тушиб кетибди.
Олай деса қўллари йўқ, дод солиб йиғлаб:
— Эй Аллоҳ! Мен ожизани Ўзинг қўлла,- дебди.
Шу пайт одам шаклидаги икки фаришта келиб, бири сувни орқага қайтарибди. Иккинчиси:
— Эй маъсума аёл, қўлингни сувга тиқ,- дебди.
Қўлларини сувга тиққан экан, қайтадан қўллари чиқиб боласини сувдан олибди ва Аллоҳга ҳамду-санолар айтибди. Сўнг улардан кимлигини сўраса улар:
— Биз бир бурда нон ва бир қултум сувмиз,- деб жавоб беришган экан.
Улуғбек қори Йўлдошев
