“Бошингга қилич келса ҳам рост сўзла” деган матални мактабдалик чоғимиздаёқ, балки ундан ҳам аввалроқ хотирамизга муҳрлаб олганмиз. Энди эса бунга тўла амал қилиш учун фурсат кутиб анча умримизни ўтказиб юбормоқдамиз. Ростгўйлик ҳам инсон учун доимий равишда ҳамроҳ бўлиб турадиган бир синов.
عَن ابْنِ مَسْعُودٍ رضي اللَّه عنه عن النَّبِيَّ صَلّى اللهُ عَلَيْهِ وسَلَّم قال : « إِنَّ الصَّدْقَ يَهْدِي إِلَى الْبِرِّ وَإِنَّ الْبِرَّ يَهْدِي إِلَى الجَنَّةِ ، وَإِنَّ الرَّجُلَ ليصْدُقُ حَتَّى يُكتَبَ عِنْدَ اللَّهِ صِدِّيقاً ، وإِنَّ الْكَذِبَ يَهْدِي إِلَى الفجُورِ وَإِنَّ الفجُورَ يَهْدِي إِلَى النَّارِ ، وَإِنَّ الرَّجُلَ لَيَكْذِبُ حَتَّى يُكتَبَ عِنْدَ اللَّهِ كَذَّاباً » متفقٌ عليه .
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинди — Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Шубҳасизки, ростгўйлик эзгуликка етаклайди. Эзгуликлар эса жаннатга етаклайди. Киши рост гапираверади, натижада у Аллоҳнинг ҳузурида ростгўй деб ёзилади. Шунингдек, ёлғон гапириш бузуқликларга етаклайди, бузуқликлар эса дўзахга йўллайди. Киши ёлғон гапиради, натижада Аллоҳ ҳузурида ёлғончи деб ёзилади «, дедилар.
Баъзан ростгўйликнинг аввалида бир оз тангликларга учраб қолишлик кўпчиликни шошириб қўяди. Шунинг учун оғзи куйган одам қатиқни ҳам пуфлаб ичганидек, бўлар- бўлмасга ёлғон ишлатишга кўникиб қолдик. Лекин унутмаслик керакки, одамларни алдаб юрган инсон охири ўзи алданиб қолади.
Уламоларимиз фақат уч ўриндагина ёлғон ишлатишга рухсат бор деганлар – икки кишининг орасини ислоҳ қилиш учун; хотин билан муроса қилиш учун ва ҳарбий ҳийла учун. Ундан бошқа пайтда ҳазил учун ҳам ёлғон гапиришга рухсат йўқ.
Ривоят қилинишича Ҳажжожи золим бир неча кишига қаттиқ жазо беришга буюрди. Асирлар орасидан бир киши Ҳажжожга:
— Эй амир, менга қаттиқ жазо берманг, мен сизга яхшилик қилганман,— дeди. Ҳажжож ундан қандай хизмат қилганини сўради. У киши:
— Бир душманингиз сизни ғийбат қилиб, золим дeб таърифлаганда мeн уни қайтардим,— дeди. Ҳажжож ундан:
— Гувоҳинг борми?— дeб сўради. У асирлар орасидан бир кишини гувоҳ этиб кўрсатди. Асир:
— Тўғри айтди, мeн ўша жойда эдим, сизни ёмонлаб сўзлаётганда тўхтатиб қўйган эди, — дeб гувоҳлик берди. Ҳажжожнинг жаҳли чиқиб:
— У ерда сeн ҳам бор экансан, нега мени ғийбат қилишса ҳам сен жим туравердинг? — деди.
— Чунки мeн сизни энг ашаддий душманим дeб ҳисоблайман, шунинг учун индамай туравердим, — дeб жавоб берди асир.
Шунда Ҳажжож уларнинг гаплари учун жаҳли чиқса-да, асирнинг тўғри сўзи учун ҳар иккаласини ҳам озод қилиб юборди.
Улуғбек қори Йўлдошев.
