Бу дунё бозордир

Ҳаёт савдодан иборат. Ҳар ким ўз имкони ва дунёқарашидан келиб чиқиб ўзига яраша савдо билан машғул бўлади. Кимдир деҳқончилик маҳсулотларини, кимдир чорвасини, кимдир бошқа молини сотади. Унинг муқобилида ўз ҳожатига керакли ашёларни сотиб ҳам олади.
Яна кимлардир виждонини, кимлардир инсофини яна кимдир имонини сотади…
Ҳолбуки мазкур маънавий бойликлар ҳеч қачон дунё матосига муқобил бўлмайди.
Яна шундай савдо борки, бу савдода банда фақат фойда кўради. Бу савдога яратган Холиқ таоло Ўзи бизларни чорлайди:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا هَلْ أَدُلُّكُمْ عَلَى تِجَارَةٍ تُنجِيكُم مِّنْ عَذَابٍ أَلِيمٍ * تُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَرَسُولِهِ وَتُجَاهِدُونَ فِي سَبِيلِ اللَّهِ بِأَمْوَالِكُمْ وَأَنفُسِكُمْ ذَلِكُمْ خَيْرٌ لَّكُمْ إِن كُنتُمْ تَعْلَمُونَ * يَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ وَيُدْخِلْكُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِن تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ وَمَسَاكِنَ طَيِّبَةً فِي جَنَّاتِ عَدْنٍ ذَلِكَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ

Яъни: “Эй иймон келтирганлар! Сизларни аламли азобдан нажот топтирувчи тижоратга далолат қилайми? Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирасизлар ҳамда Унинг йўлида молингиз ва жонингиз билан жидду-жаҳд қиласизлар. Шундай қилишингиз, агар билсангизлар, ўзларингиз учун яхшидир. Ана шунда, У зот гуноҳларингизни кечирур ва сизларни адн жаннатидаги остидан анҳорлар оқиб турган боғларга ва яхши масканларга киритур. Бу улуғ ютуқдир”. (Саф. 10 – 12)
Ҳа, бу савдога бор-бутингизни фидо қилсангиз арзийди.
Лекин, афсуски имон ва виждонини арзимас матога сотиб юборган ғофил бандалар охират савдосига келганда ҳамёнини қулфлаб олурлар, офтобдан қочиб салқинга, машаққатдан қочиб роҳатга ўзларини урурлар.
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳу ривоят қилади:
“Бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
– Эй Аллоҳнинг расули, фалончининг бир хурмо дарахти бор. Мен шу дарахтга деворимни тикламоқчиман. Шу кишига айтсангиз, менга дарахтини сотса, боғ деворини тиклаб олардим, – деди.
— Жаннатдаги бир хурмо муқобилига дарахтингни қўшнингга бергин, – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дарахт эгасига.
У кўнмади.
Бу ҳодисани эшитган Абу Даҳдаҳ разияллоҳу анҳу дарахтини жаннат дарахти муқобилига сотмаган кишининг олдига келиб:
— Битта дарахтингни бутун бошли боғимга сотасанми? – деди.
У рози бўлди. Савдо пишгач, Абу Даҳдаҳ Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига келди.
— Эй Аллоҳнинг расули, мен у дарахтни боғим эвазига сотиб олдим. Уни бояги кишига бера қолинг. Мен уни сизга бердим, – дейди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
Абу Даҳдаҳ учун жаннатда қанча-қанча хурмо дарахтлар бор-а! – деб бир неча бор такрорладилар.
Абу Даҳдаҳ хотинининг ёнига келиб:
— Онаси, уйни бўшатиб қўйинглар. Дарров уйдан чиқинглар. Мен ҳовлини жаннатдаги бир дарахтга сотиб юбордим, – деди.
Эрнинг сўзини эшитган хотин:
— Бай барор топибди, омад кулибди, – деб шу заҳоти уйдан чиқиб кетди.
(Имом Аҳмад Муснади)
Шуни ҳам эслатиб ўтиш ўринлики, Али розияллоҳу анҳу Мадинага ҳижрат қилиб келган илк кунида бировнинг боғида ишлар эдилар. Кунлик даромад бир ҳовуч хурмо бўлган. Шунга таққослаб бир дона дарахт баҳосининг қанчалигини билиб олишингиз мумкин. Бир дарахт баҳосини билгандан кейин бутун бошли боғ баҳосини билишингиз осон кечади. Шуларнинг ҳаммасидан сўнг саҳобалар учун мол-дунё охират олдида қанчалик қадр-қийматга эга эканини англаб етасиз.

Мамадалиев Раҳматулло. Асака т. «Мулла Райимжон» масжиди имом хатиби