Буюкликка ҳамроҳлар

Тарихлардан маълумки, ҳар бир буюклик ортида бир аёл зоти бор. Шунингдек кўплаб буюк инсонларнинг буюк бўлишларига оқила аёл зоти сабаб бўлган. Хоҳ у Исломда бўлсин, хоҳ бошқа дин ёки мафкурада бўлсин, аёл зотининг салмоғи бўлади. Инчунун башарият саййиди, Аллоҳ таолонинг ҳабиби Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг энг оғир машққатли кунларида ҳам аёл зоти ҳамнафас бўлган.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий келди. Пайғамбар бўлди. Олдига Жабройил алайҳис салом келди. Дастлаб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари ҳам гумонга тушиб қолдилар. Наҳотки шунчалик буюк рисолат келган бўлса?
Нима қиларига ҳайрон бўлиб қолганларида завжайи мутоҳҳаралари, мўътабар зот Хадича бинту Хувайлид разияллоҳу анҳо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга тасалли бердилар. Бунинг учун айрим нарсаларга ойдинлик киритиш керак эди:
— Соҳибингиз келганида менга хабар беришнгизнинг иложи борми?
— Ҳа, — дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Жаброил алайҳис салом келганида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар бердилар:
— Ҳой Хадича! Бу – Жаброил!
Онамиз амакиларидан диний тушунчаларни таълим олган эди. Шунга кўра синаб кўрдилар:
— Менинг чап сонимга ўтиринг, — деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўтирдилар.
— Сиз уни кўряпсизми?
— Ҳа, — дедилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Шундан сўнг ўнг сонларига ўтирғизди
— Уни яна кўряпсизми?
— Ҳа.
Энди бағрига ўтирғиздилар.
— Сиз уни кўряпсизми?
— Ҳа.
Шундан кейин юзини ва сочини очиб сўради:
— Сиз уни ҳали ҳам кўряпсизми?
Бу сафар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам::
— Йўқ, — дедилар.
— Хушхабар! Аллоҳга қасамки, у шайтон эмас, у – фаришта! – деб Хадича разияллоҳу анҳо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламни муборакбод этдилар. Бу эса Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ишончларига қувват бўлди.

Сарварбек Йўлдошев. Асака туманидаги Мирзо Шариф масжиди имом хатиби