Имом Ғаззолий ўғлига шундай насиҳат қилади:
“Фақир ва муҳтожларга ёрдам берган, таомлантирган кишини Аллоҳ жаннат неъматлари билан сийлайди. Минг гуноҳини ўчириб, минг савоб ёзади. Муҳтожларга ҳар жиҳатдан мадад-ёрдам бериш зарур”.
Яна айтади:
“Xайр ва ҳасанотни мўл қилмоқ, саxий бўлмоқ лозим. Аллоҳ xайр қилгувчи, саxий қулларини севади.
Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат этадилар:
«Ҳар доим xайр қилиб, xайрли ишлар билан машғул ва ёмон ишлардан узоқ бўлган қулини Аллоҳ севади».
Сахий инсон одамлар ичида ҳам ҳурмат-эътиборга сазовор бўлади, Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳам юксак мақомларга етишади. Уларнинг қилган эҳсон ва садақотлари бир неча баробар кўпайтириб ёзилади:
مَّثَلُ الَّذِينَ يُنفِقُونَ أَمْوَالَهُمْ فِي سَبِيلِ اللّهِ كَمَثَلِ حَبَّةٍ أَنبَتَتْ سَبْعَ سَنَابِلَ فِي كُلِّ سُنبُلَةٍ مِّئَةُ حَبَّةٍ وَاللّهُ يُضَاعِفُ لِمَن يَشَاءُ وَاللّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ *
Яъни: “Молларини Аллоҳнинг йўлида сарфлайдиганларнинг мисоли, худди бир дона донга ўхшайди. Ундан етти бошоқ ўсиб чиқади, ҳар бошоқда юзтадан дон бор. Ва Аллоҳ кимга хоҳласа, яна кўпайтириб берадир. Ва Аллоҳ қамраб олувчи ва билувчи зотдир”.
Шуни унутмаслик керакки, хайр ва садақот қилган инсон миннат ва риёдан ҳоли бўлмоғи керак:
الَّذِينَ يُنفِقُونَ أَمْوَالَهُمْ فِي سَبِيلِ اللّهِ ثُمَّ لاَ يُتْبِعُونَ مَا أَنفَقُواُ مَنّاً وَلاَ أَذًى لَّهُمْ أَجْرُهُمْ عِندَ رَبِّهِمْ وَلاَ خَوْفٌ عَلَيْهِمْ وَلاَ هُمْ يَحْزَنُونَ
Яъни: “Аллоҳнинг йўлида молларини сарфлаб, сўнгра сарфлари кетидан миннат қилмай ва озор бермайдиганларнинг ажрлари Роббилари ҳузуридадир. Уларга хавф йўқ ва улар хафа ҳам бўлмаслар”.
Ҳақиқатан ҳам, яхши сўз озор етказувчи миннатли садақадан яхшидир:
قَوْلٌ مَّعْرُوفٌ وَمَغْفِرَةٌ خَيْرٌ مِّن صَدَقَةٍ يَتْبَعُهَا أَذًى وَاللّهُ غَنِيٌّ حَلِيمٌ
Яъни: “Яхши сўз ва кечириш, ортидан озор келадиган садақадан кўра яхшироқдир. Ва Аллоҳ ғаний ва ҳалим зотдир”.
Миннат ва риё қилганларнинг мисоли эса ушбу оятда гўзал тарзда илоҳий иборалар билан тасвирланган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ لاَ تُبْطِلُواْ صَدَقَاتِكُم بِالْمَنِّ وَالأذَى كَالَّذِي يُنفِقُ مَالَهُ رِئَاء النَّاسِ وَلاَ يُؤْمِنُ بِاللّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ فَمَثَلُهُ كَمَثَلِ صَفْوَانٍ عَلَيْهِ تُرَابٌ فَأَصَابَهُ وَابِلٌ فَتَرَكَهُ صَلْداً لاَّ يَقْدِرُونَ عَلَى شَيْءٍ مِّمَّا كَسَبُواْ وَاللّهُ لاَ يَهْدِي الْقَوْمَ الْكَافِرِينَ
Яъни: “Эй иймон келтирганлар! Садақаларингизни миннат ва озор бериш билан, молини Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмаса ҳам кишиларга риё учун нафақа қилганга ўхшаб бекорга кетгазманг. У мисоли бир устини тупроқ босган силлиқ тошга ўхшайди. Бас, кучли ёмғир ёғса, силлиқ бўлиб қоладир. Касб қилганларидан ҳеч нарсага қодир бўлмаслар. Ва Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоятга бошламас”. (Мазкур оятлар Бақара сурасининг 261 – 264 оятларидир)
Риё эса кичкин ширкдир. Муҳаммад ибн Лабид ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дeйдилар:
“Сизларнинг орангизга киришидан энг хавфсираган нарсам кичик ширкдир”.
“Кичик ширк нима, Эй Аллоҳнинг расули?” дeб сўрашди. Айтдилар:
“Риёдир. Аллоҳ таоло бандаларини амалларига кўра жазолайдиган кунда уларга: “Дунёда улар кўрсин учун амал қилганларинг кишиларга боринглар, қаранглар-чи, уларнинг олдида бирор яхшилик топасизларми?” дeйди”.
Шарофуддинов Қамариддин. Асака туманидаги “Имом Абу Юсуф” жоме масжиди имом-хатиби
Манбалар: “Танбеҳул ғофилин”, “Эй фарзанд!” (зиёуз.cом кутубхонаси) ва Quran.uz сайти
