Бидъат ва хурофот соф эътиқоднинг кушандаларидир. Ўшандай хурофотларнинг бири – фолбинлик ва сеҳру-жоду.
Бу иллат қадимдан мавжуд бўлиб, Ислом дини таълимотларида бу хурофотга қарши қаттиқ чоралар кўрилган. Лекин ҳали-ҳамон имони заиф кимсалар бу дарддан қутула олмаяптилар. Нафақат қутула олмаяпти, балки муккасидан кетяптилар ҳам.
Шунинг учун ҳам “фолбинлик”, “сеҳр-жоду” тушунчалари, шариатимизнинг унга бўлган муносабатини ўрганиб чиқишимиз мақсадга мувофиқдир.
Уламолардан Имом Бағавий: “Фолбин – турли ишларнинг сабабларини билишини, йўқолган нарсанинг қаерда турганини, ўғирланган нарсани ким ўғирлагани каби нарсаларни билишини даъво қилувчи шахсдир”, – дейдилар.
Ваҳоланки, тақдирни билиш ва келажакда бўладиган ишларни ёки уларни ўзгартириш фақатгина Аллоҳнинг қўлида бўлиб, ҳеч бир зот Аллоҳнинг ёзган тақдирини ўзгартиришга қодир эмас. Келажакни ҳам, инсонлар тақдирини ҳам фақат Аллоҳ таоло билиши, ғайб сирларидан ҳеч ким, фаришталар, жинлар, ҳатто дўстларини (валийларни) ҳам хабардор этмагани ҳақида Қуръони каримда кўп бора такрорланган:
﴿ أَمَّنْ يَبْدَأُ الْخَلْقَ ثُمَّ يُعِيدُهُ وَمَنْ يَرْزُقُكُمْ مِنَ السَّمَاءِ وَالْأَرْضِ ﴾ (سورة النمل/64(
яъни: “Айтинг: “Аллоҳдан бошқа осмонлар ва Ердаги бирор кимса ғайбни билмас” (Намл сураси, 64-оят).
Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга шундай дейишларини буюради:
﴿ قُلْ لَا أَمْلِكُ لِنَفْسِي نَفْعًا وَلَا ضَرًّا إِلَّا مَا شَاءَ اللَّهُ وَلَوْ كُنْتُ أَعْلَمُ الْغَيْبَ لَاسْتَكْثَرْتُ مِنَ الْخَيْرِ وَمَا مَسَّنِيَ السُّوءُ إِنْ أَنَا إِلَّا نَذِيرٌ وَبَشِيرٌ لِقَوْمٍ يُؤْمِنُونَ ﴾ (سورة الأعراف/188 (.
яъни: “Айтинг (эй, Муҳаммад!): Аллоҳ хоҳлаганидан ташқари ўзим учун (бирор) фойда ва зарар (келтириш)га эга эмасман. Агар ғайб (илми)ни билсам эди, хайрли ишларни кўп қилган бўлур эдим ва менга ёмонлик (ҳам) етмаган бўлур эди” (Аъроф сураси, 188-оят).
Демак, бу дунёда бирор кимга зарар ёки фойда келтиришга, яъни келаётган балони қайтариш ёки кимнидир бахтли қилишга улар қодир бўлмайдилар. Оятда Пайғамбар алайҳиссалом ҳам оддий башар эканлари, ўзлари ва бошқаларга фойда келтира олмасликлари, ғайб илмини билмасликлари таъкидланмоқда.
Фолбинларнинг баъзи тоифалари оят ва дуоларни бетаҳорат ҳолда, хатолар билан ўқийдилар. Намозни ҳам бетаҳорат ўқиш мумкин эмаслигини била туриб, намозни ҳақорат қилиш мақсадида нопок ўқийдилар. Чунки улар қанчалик ашаддий фожирнинг амалини қилса, шайтон ва жинлар ҳам уларга кўпроқ хизматда бўлиб, янада тезроқ унинг буюрганларини бажаради.
Оиша разияллоҳу анҳо айтадилар:
سُئِلَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم عَنِ الْكُهَّانِ؟ فَقَالَ: لَيْسُوا بِشَيْءٍ فَقَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّهُمْ يُحَدِّثُونَ أَحْيَاناً بِالشَّيْءِ يَكُونُ حَقًّا؟ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: تِلْكَ الْكَلِمَةُ مِنَ الْحَقِّ يَخْطَفُهَا الْجِنِّيُّ فَيُقِرُّهَا فِي أُذُنِ وَلِيِّهِ، فَيُخْلِطُونَ فِيْهَا أَكْثَرَ مِنْ مِائَةِ كَذِبَةٍ (رَوَاهُ الإِمَامُ البُخَارِيُّ عَنْ عَائِشَةَ رضي الله عنها).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан фолбинлар ҳақида сўрашди. Шунда У зот:
“Улар ҳеч ким эмас”, – дедилар.
“Эй Аллоҳнинг расули! Уларнинг айтган гаплари гоҳида тўғри чиқади?” – дейишди.
Расулуллоҳ:
“Жинлар рост гапни ўғирлаб олиб, фолбинларнинг қулоғига қуяди. Фолбин эса, унга юзта ёлғонни қўшиб гапиради”, – деб жавоб бердилар” (Имом Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам яна шундай деганлар:
مَنْ أَتَى كَاهِنًا فَصَدَّقَهُ بِمَا يَقُولُ فَقَدْ بَرِئَ مِمَّا أُنْزِلَ عَلَى مُحَمَّدٍ صلى الله عليه وسلم وَمَنْ أَتَاهُ غَيْرَ مُصَدِّقٍ لَهُ لَمْ تُقْبَلْ لَهُ صَلاَةُ أَرْبَعِيْنَ لَيْلَةً (رَوَاهُ الإِمَامُ الطَّبَرَانِيُّ عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رضي الله عنه)
“Ким фолбинга бориб, унинг гапига ишонса, Мухаммад саллаллоху алайхи васалламга нозил бўлган нарсадан ажрабди. Ким унинг хузурига келса-ю, гапига ишонмаса, қирқ кеча намози қабул бўлмайди” (Имом Тобароний ривояти).
Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби
(Жума тезисларидан фойдаланилди)
