Аллоҳ таоло марҳамат қилади: ”Мол-мулк, фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир…”(Каҳф, 46)
ФАРЗАНД – ОМОНАТ
Аллоҳ таоло бандаларга берган беҳисоб неъматлари ичида бир неъмат борки, унга меҳнат ва ҳаракат билан етиб бўлмайди. У банданинг сабаб ва воситачилиги асосида фақатгина Аллоҳ таоло томонидан тухфа этилади. Бу – фарзанд неъмати.
Динимизда фарзанд тарбиясига алоҳида аҳамият берилади. Бу тўғрида кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Китоблар ёзилган. Жумладан Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб — ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдордаги нафл садақасидан яхшидир” (Термизий ривояти)
Ватанимиз тараққиёти, халқимизнинг бахт-саодати йўлида ёшларимизни илму фан ва касбу ҳунар соҳиблари бўлиб етишишлари йўлида давлатимиз томонидан қилинаётган ғамхўрлик билан бирга бу борадаги ота-оналарнинг доимий ҳаракатлари ҳам жуда аҳамиятлидир. Зеро Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганларидек:
“Ҳар бир фарзанд мусулмончиликни қабул қилаверадиган табиат билан туғилади, лекин уни яҳудийга айлантириб юборадиган ҳам, насроний ёки мажусийга айлантириб юборадиган ҳам унинг ота-онасидир” (Бухорий ривояти).
Ота-оналар фарзандларини кўча-кўйда беҳуда тентираб, бўлмағур, ножўя хатти-ҳаракатлар қилишидан сақлаб, кимлар билан алоқада бўлаётганларига ҳам бепарво бўлмаслиги керак.
Буюк аллома, ҳамюртимиз Ибн Сино фарзанд тарбияси ҳақида васият қилиб бундай деган эди: “Ёш бола таълим-тарбия оладиган жойда одоб-ахлоқли, туриш-турмуши намунали болалар бўлиши лозим. Зеро, ёш бола ҳар бир нарсани уларга тақлид қилиб ўрганади ва улар билан дўст бўлади”.
Халқимиз “Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она” деб бежиз айтмаган. Демакки уларни турли ножўя ҳатти-ҳаракатлардан қайтармоқлик, уларни тинмасдан одобга чақириб турмоқлик, ҳатто кийиниш одобига ҳам эътибор бермоқлик ҳаммамизнинг ва ҳар биримизнинг гарданимиздаги вазифа эрур.
Ҳали Ислом динини қабул қилмаган европаликлар Исломнинг асл моҳиятини тан олиб турган бир пайтда бизнинг ўғил-қизларимиз асли мусулмон фарзанди бўла туриб, уларга тақлид қилишларига йўл бермаслик керак.
Баҳодиржон СУЛАЙМОНОВ. Файзиобод жомеъ масжиди имом хатиби.
