Фарзанд бандага Холиқ таолодан ато қилинажак улуғ неъмат. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
عن عائشة قالت قال النبي صلى الله عليه وسلم إن أطيب ما أكلتم من كسبكم وإن أولادكم من كسبكم . رواه الترمذي والنسائي وابن ماجه . وفي رواية أبي داود والدارمي إن أطيب ما أكل الرجل من كسبه وإن ولده من كسبه
“Киши ейдиган нарсаларнинг энг покизароғи ўз қўли билан касб қилганидандур. Инчунун, болаларингиз ҳам касбларингиздандир”.(Оиша разияллоҳу анҳодан Абу Довуд, Насаий, ибн Можа ривоятлари)
Фарзанд ота-онанинг касбининг маҳсули бўлса-да, фақат Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло томонидан ҳадя қилинажакдир:
لِلَّهِ مُلْكُ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ يَخْلُقُ مَا يَشَاءُ يَهَبُ لِمَنْ يَشَاءُ إِنَاثاً وَيَهَبُ لِمَن يَشَاءُ الذُّكُورَ * أَوْ يُزَوِّجُهُمْ ذُكْرَاناً وَإِنَاثاً وَيَجْعَلُ مَن يَشَاءُ عَقِيماً إِنَّهُ عَلِيمٌ قَدِيرٌ
Яъни: “Осмонлару ернинг мулки Аллоҳникидир. У зот хоҳлаган нарсасини яратур. У зот хоҳлаган кишисига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғиллар ҳадя этур. Ёки уларни жуфтлаб ўғил-қиз қилиб берур ва хоҳлаган кишисини туғмас қилур. Албатта, У зот ўта билгувчи ва ўта қодирдир”.
Ҳа, фарзанд банданинг касби бўлса-да, яратган Холиқ таолонинг ҳадяси эрур. Улар кўзларнинг қувончидир. Улар Аллоҳ таоло томонидан берилган омонат ҳамдир. Шунинг учун уларнинг тарбияларига қаттиқ эҳтимом қилмоқ зарур.
Фарзанд тарбияси, келажак учун баркамол авлод тарбиялаш халқимизда аждодлардан қолган мерос. Чунки ҳар бир инсон келажак олдида масъулдир. Шунинг учун келажакка гўзал замин тайёрлаш ҳамиша долзарб бўлган. Айниқса бугунги кунга келиб куннинг муҳим вазифаларидан ҳисобланиб турибди. Юртбошимиз бу сохага қаттиқ эътибор қаратган. Шунинг учун ўз нутқларида бу масала хусусида кўп тўхталган. Хусусан шундай деган:
“Биз учун ҳеч қачон кун тартибидан тушмайдиган яна бир ўта муҳим масала борки, унга алоҳида тўхталиб ўтишни зарур деб биламан. У ҳам бўлса, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимиз, фарзандларимиз тарбияси билан боғлиқдир.
Буюк бобомиз Абдулла Авлоний айтганидек, бу масала биз учун ҳақиқатан ҳам ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир ва ўз долзарблиги ва аҳамиятини ҳеч қачон йўқотмайдиган, таъбир жоиз бўлса, масалаларнинг масаласидир.
Шу маънода, бугунги кунда юртимизда тобора кенг тарқалиб бораётган “Ўз болангни ўзинг асра!” деган даъват фақат қуруқ шиор бўлиб қолмасдан, ҳар бир ота-она, ҳар бир фуқаронинг қалбига, юрагига чуқур кириб бориши, амалий ҳаракатга айланиши учун ижодий ташкилотларимиз ҳам ўз масъулиятини жиддий равишда қайта кўриб чиқишлари давр талабига айланмоқда”. (Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувдаги маърузаси)
Динимизда фарзанд тарбиясига алоҳида аҳамият берилади. Бу тўғрида кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Китоблар ёзилган. Жумладан Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
“Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб — ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдордаги нафл садақасидан яхшидир”. (Термизий ривояти)
Ватанимиз тараққиёти, халқимизнинг бахт-саодати йўлида ёшларимизни илму фан ва касбу ҳунар соҳиблари бўлиб етишишлари йўлида давлатимиз томонидан қилинаётган ғамхўрлик билан бирга бу борадаги ота-оналарнинг доимий ҳаракатлари ҳам жуда аҳамиятлидир. Зеро Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганларидек:
“Ҳар бир фарзанд мусулмончиликни қабул қилаверадиган табиат билан туғилади, лекин уни яҳудийга айлантириб юборадиган ҳам, насроний ёки мажусийга айлантириб юборадиган ҳам унинг ота-онасидир”. (Бухорий ривояти).
Буюк аллома, ҳамюртимиз Ибн Сино фарзанд тарбияси ҳақида васият қилиб бундай деган эди: “Ёш бола таълим-тарбия оладиган жойда одоб-ахлоқли, туриш-турмуши намунали болалар бўлиши лозим. Зеро, ёш бола ҳар бир нарсани уларга тақлид қилиб ўрганади ва улар билан дўст бўлади”.
Халқимиз “Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она” деб бежиз айтмаган. Демакки уларни турли ножўя ҳатти-ҳаракатлардан қайтармоқлик, уларни тинмасдан одобга чақириб турмоқлик, ҳатто кийиниш одобига ҳам эътибор бермоқлик ҳаммамизнинг ва ҳар биримизнинг гарданимиздаги вазифа эрур.
Улуғбек қори Йўлдошев
