Фириб ҳақида

Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади:
Бизлар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларида ўтирган эдик: “Ҳозир сизларнинг олдингизга жаннат аҳлидан бир киши келиб қолади” – дедилар. Ансорлардан бир киши соқолидан таҳоратининг сувлари томиб, чап қўлига ковушини кўтарган ҳолда кириб келди.
Эртаси куни Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яна ўша сўзни айтдилар. Яна ўша киши аввалги каби кириб келди. Учинчи куни ҳам Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яна ўша сўзни айтдлилар. Яна ўша киши аввалги каби кириб келди.
Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўринларидан туриб кетганларидан сўнг Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс (розияллоҳу анҳу) ҳалиги ансорийнинг ортидан бориб:
− Отам билан менинг орамизда гап ўтиб қолди. Унинг олдига уч кунгача кирмасликка қасам ичиб қўйдим, агар хўп десанг уч кунни сенинг уйингда ўтказсам – деди.
− Майли – деди ансорий.
Анас (розияллоҳу анҳу) айтади: “Абдуллоҳ айтиб юрар эди: “У билан бирга ўша уч кечани ўтказдим. Кечалари бомдод намозига тургунга қадар бошқа ҳеч бир ўрнидан турганини кўрмадим. Фақат кўрпасини ёпинса ёки бир ёнбошига ағдарилса Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилар ва “Аллоҳу акбар” деб қўяр эди.
Яхшиликдан бошқа сўз айтганини эшитмадим, – дейди Абдулоҳ. – Уч кеча ўтиб бўлди, менга унинг амаллари оз кўринди.
− Эй Аллоҳнинг бандаси, мен билан отамнинг ўртамизда ҳеч нарса ўтмаган эди, – дедим. – Лекин мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сен ҳақингда уч бора “Ҳозир сизларнинг олдингизга жаннат аҳлидан бир киши келиб қолади” – деганларини эшитдим. Ўша уччала сафар ҳам сен келдинг. Шунинг учун сенинг амалларингни кўргани уйингга киришни ихтиёр қилдим. Аммо сендан бирор катта амал содир бўлганлигини кўрмадим. Хўш, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сен ҳақингда айтган сўзлардаги даражаларга етиштирган амал нима ўзи?
− У нарса мана шу сен кўрганингдан бошқа нарса эмас, – деди ансорий.
Мен ортимга қайтиб кетаётган эдим, чақириб:
− У нарса мана шу сен кўрганингдан бошқа нарса эмас, фақат бундан ташқари шу нарса борки, мен қалбимда ҳеч қачон бирор мусулмонга хиёнат ва фирибгарлик кўрмадим. Бирорта мусулмонга Аллоҳ таоло ато қилган яхшиликка ҳасад қилмадим, – деди”.
− Ҳа, мана шу экан сенга (жаннат башорати бўлишига) олиб келган! Мана шу экан бизларнинг тоқатимиз етмайдиган амал! – деди Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу).
Ҳадисдан англанадики, фирибгарлик ва ҳасаддан сақланиш мўминни жаннатга етаклар экан. Шу ўринда фмрмбгарлик ҳақида тўхталамиз. “Фириб” сўзи форс тилида алдаш, йўлдан оздириш, макр-ҳийла маъноларини билдиради. Шу ишни қилган ёки буни касбга айлантириб олган кимсани эса фирибгар дейилади.
Муқаддас динимиз таълимотларида бировнинг молини алдов, фирибгарлик, чув тушириш йўли билан ўзлаштиришдан қаттиқ қайтарилган. Қуръони каримда бу ҳақда шундай баён этилган. Аллоҳ таоло айтади:
وَلَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ وَتُدْلُوا بِهَا إِلَى الْحُكَّامِ لِتَأْكُلُوا فَرِيقًا مِنْ أَمْوَالِ النَّاسِ بِالْإِثْمِ وَأَنْتُمْ تَعْلَمُونَ
яъни: “Мол ва бойликларингизни ўрталарингизда ботил йўллар билан емангиз. Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўл билан ейиш мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз.” (Бақара сураси, 188-оят).
Исломда алдов, фирибгарлик, бировни чув тушириш, савдо-сотиқда алдамчилик каби иллатлар қораланган. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
«مَنْ أَخَذَ أَمْوَالَ النَّاسِ يُرِيدُ أَدَاءَهَا أَدَّى اللَّهُ عَنْهُ وَمَنْ أَخَذَها يُرِيدُ إِتْلَافَهَا أَتْلَفَهُ اللَّهُ» (رواه الامام البخاري).
яъни: “Ким одамларнинг молини қайтариб бериш мақсадида олса, Аллоҳ таоло унга ёрдамчи бўлади. Ким одамларнинг молига талофат етказиш (чув тушириш) учун олса, Аллоҳ таоло унинг ўзига талофат етказади” (Имом Бухорий ривояти).

Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби