Фитнанинг турлари
Фитна оғир гуноҳ. Қуръонда фитна ҳақида баён қилинган:
وَالْفِتْنَةُ أَشَدُّ مِنَ الْقَتْلِ
Яъни: “Фитна қатл этишдан ёмонроқдир”. (Бақара. 191)
Фитнанинг бир қанча маънолари бор. У асосан «синов, имтиҳон» маъносида келади. Истилоҳда эса кишиларни диндан қайтариш, динга қарши ҳаракатга чорлаш фитна саналади. Фитна қотилликдан ҳам оғир гуноҳдир. Маънавий соҳада инсоннинг имон-эътиқоди, шариатга амал қилиши, унинг инсоний фазилатлари рўёбга чиқишига тўғаноқ ёки синов бўладиган барча нарсалар ҳам фитна ҳисобланади.
Фитнанинг турлари бор. у бола-чақада, молу-дунёда ҳам бўлади:
إِنَّمَا أَمْوَالُكُمْ وَأَوْلَادُكُمْ فِتْنَةٌ وَاللَّهُ عِندَهُ أَجْرٌ عَظِيمٌ
Яъни: “Албатта, мол-мулкларингиз ва фарзандларингиз фитнадан бошқа нарса эмас. Ва Аллоҳнинг ҳузурида улуғ ажр бор”. (Тағобун. 15)
Хотинлар ҳам фитнанинг бир тури:
عَنْ رَسُولِ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- أَنَّهُ قَالَ « مَا تَرَكْتُ بَعْدِى فِى النَّاسِ فِتْنَةً أَضَرَّ عَلَى الرِّجَالِ مِنَ النِّسَاءِ
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
“Мен ўзимдан кейин одамлар ичида эркакларга хотинлардан кўра зарарлироқ фитнани қолдирмадим”. (Муслим ривояти)
Нофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Ибн Зубайр фитнаси пайтида икки киши Ибн Умар разияллоҳу анҳунинг олдига келиб:
“Одамлар нима ишлар қилишяпти, Сиз бўлсангиз Пайғамбаримизнинг яқин саҳобалари бўлатуриб индамай ўтирибсиз, уларга қарши курашишингизга нима монеълик қилади?” дейишди. Ибн Умар:
“Аллоҳ таолонинг ўз биродарларим қонини тўкишдан қайтаргани монеълик қилади”, дедилар. Боягилар:
“Ахир, Аллоҳ таоло: “Фитна босилиб, бутун дин Аллоҳгагина бўлмагунича улар билан урушинглар” демаганмиди?!” дейишди. Ибн Умар:
“Биз фитна қолмагунича ва Аллоҳ таоло дини қоим бўлгунича урушдик. Нима, энди сизлар яна фитна содир бўлиб, Аллоҳ таолонинг дини барбод бўлгунича уруш қилмоқчимисизлар?!” деди. (Имом Бухорий ривояти)
Бугунги кунга келиб бутун дунёда фитналар кўпайди, уларнинг моҳияти ўзгарди, қиёфаси бошқача тус олди. Жаҳондаги ёвуз кучлар мусулмонлар бирлигига путур етказиш, парокандалик келтириб чиқариш мақсадида мусулмонлар ўртасида фисқу-фасод, фитна ва бузуқ эътиқодларни ёйишга уринмоқда. Улар бузғунчи ташкилотлар ёки маълум доиралар манфаати йўлида дин ниқобидан фойдаланиб, ҳамма ерда фасод уруғини сочишмоқда.
Экстремистик кучлар ва мутаассиб гуруҳлар томонидан «ислом динидан сиёсий кураш учун, омманинг сиёсий онгига таъсир кўрсатиш восталарига эга бўлиш учун қурол сифатида фойдаланилади. Оқибатда охирги йигирма йилликда ислом дини ниқоби остида мақсад-маслаги бир хил бўлган ўнлаб экстремистик кайфиятдаги гуруҳлар пайдо бўлди. Уларнинг асосий ғояси юқорида қайд этиб ўтилди, яъни динни ислоҳ қилиш, тозалаш орқали бутун дунёда ислом халифалигини барпо қилиш.
Бундай оқимлар томонидан ҳеч қандай соғлом ақлга сиғмайдиган бузғунчи ақидалар ғоя қилиб олинган. Уларнинг сохта, ҳеч қандай ҳаётий ва ижтимоий асосга эга бўлмаган сафсаталари ортида мустақил давлатларнинг миллий хавфсизлигига, дунё ҳамжамиятининг тинчлик-барқарорлигига хавф солувчи таҳдидлар бор.
Ана шундай хатарли ҳолатлардан омон бўлиш учун ҳар томонлама ҳушёр бўлишимиз даркор. Уларнинг фитналарига эргашганлар қандай оқибатларга бориб қолаётганини яхши англаб, ота-боболаримиздан қолган, аҳли сунна вал жамоага асосланган одамийлик йўлларини маҳкам тутган инсон иншоаллоҳ, тўғри йўлдан адашмагай.
Норбўтаев Турсунали. Асака т. “Мирзо Шариф” жоме масжиди ходими
