Фолбинлар

Фолбинлик шариатимиз кўрсатмаларида қаттиқ қораланади. Уларга бериладиган жазо ҳам оғир бўлади.
Фолбинлар келажакдан хабар беришларини даъво қилишади, ҳолбуки ўзларининг нима бўлишларини билишмайди. Кўрмаган нарсалари ҳақида фол очишади, ҳолбуки кўриб турган нарсаларини тўлиқ англамайди.
Гоҳида уларнинг айтганлари тўғри чиқиб қолганга ўхшайди, лекин ундай эмас. Улар фақат умумий маълумотларни айтишади. Бу борада улар кўп йиллик тажрибаларга ҳам эга. Умумий маълумотлар эса, сиртдан қараганда ҳаммага ҳам тўғри келиши мумкин. Буни эса содда одамлар билишмайди.
Мен уларнинг башоратларини ўрганиб ҳам чиққанман. Ҳаммага мос келадиган умумий жумлалардан иборат. Аслида шундай. Баъзилари ҳақиқатан ҳам тўғри келиб қолиши ҳам мумкиндир, лекин уларнинг хабарлари тўғри чиққанда ҳам уларга эътиқод қилмаслик керак. Зеро ароқ ва зино ҳақиқатда бор нарса, лекин ҳаром бўлгани каби фол очиш ҳам бор бўлгани билан шариатимизда қаттиқ ман қилинган.
عن أبي موسى الأشعري -رضي الله عنه- قال: قال رسول الله -صلى الله عليه وسلم-: «ثلاثة لا يدخلون الجنة مُدْمِنُ خمر، وقاطع الرحم، ومُصَدِّق بالسِّحْر». رواه الإمام أحمد ، وابن حبان في ‏ ‏صحيحه‏ ‏ ، وصححه الحاكم
Абу Мусо разийаллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
“Уч тоифа одам жаннатга кирмайди: хамрга муккасидан кетгувчи; қариндошчиликни узгувчи ва сеҳрни тасдиқловчи кимсалар”. (Аҳмад, Ибн Ҳиббон ривоят қилган, Ҳоким саҳиҳ деган)
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига Ашъас ибн Қайс бошчилигида Канда қабиласининг элчилари ташриф буюришди. Ашъас ўз қабиладошлари орасида катта обрў-эътиборга эга, нуфузли кишилардан бири эди. Улар йўл-йўлакай ўзларича маслаҳатлашиб, синаш учун бир нарса беркитдилар. Масжидга киришгач, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга:
«Биз бир нарсани яшириб қўйдик. Ҳақиқий пайғамбар бўлсанг шуни топ-чи?» дeйишди. Шунда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Субҳоналлоҳ! Мeн фолбин эмасман! Фол очган ҳам, фол очдирган ҳам дўзахда бўлур!» дeганлар.
Амир Темур саройда ўтирса олдига аъёнларидан бири югуриб келиб:
— Шоҳим ҳузурингизга дунёда энг машхур фолбин кирмоқчи,
деди.
Амир Темур:
— Чорлангчи қани, — деб буюрди.
Фолбин саройга кириб сўзлашни бошлади:
— Шоҳим, мен сизнинг келажагингиз ва келгусидаги жангу-жадалларингиз хақида фол очиб бераман.
Амир Темур лашкарбошини чақириб:
— Бу фолбиннинг бошини танасидан жудо қилинглар! — деб буйруқ берди.
Фолбиннинг боши танасидан жудо бўлгач соҳибқирондан сўрадилар:
— Шоҳим нима сабабдан фолбинни ўлимга ҳукм килдингиз?
Амир Темур:
— Бу нодон фолбин ўзининг келажагини, билса эди, мен уни ўлдиришимни билар ва ҳузуримга келмас эди. Ўзининг келажагини билмаган нодон менинг келажагимни қаердан билсин?! — деган экан.

Улуғбек қори Йўлдошев. Асака туманидаги Холид ибн Валид жоме масжиди ходими