Дунёнинг барча жойларида истиқомат қилаётган мўмин-мусулмонлар шу кунларда муборак замин Маккаи мукаррамага талпиниб яшамоқдалар, зеро бу улуғ маконда дунё мусулмонларининг қибласи-Байтуллоҳ ва Масжиди Ҳаром (Каъба) мавжуд. Исломнинг бешинчи рукни Ҳаж ибодати ҳам худди мана шу муборак замин Маккаи мукаррама, Мино ва Арафотда амалга оширилади. Бу муборак жойларда адо этилган ибодатлар, яхши амаллар ва хайру эҳсонларнинг савоби улуғдир.
Маълумки, муқаддас Ислом динимиз беш аркон устига қурилган бўлиб, улардан бири – ҳаж ибодатидир. Ҳаж молиявий ва жисмоний ибодат бўлиб, мўмин-мусулмон киши умрида бир марта адо этиши фарздир. Ҳаж қилмоқчи бўлган шахс балоғатга етган, ақли расо, сафар харажатларига қодир, ҳажга бориб келгунига қадар ўз қарамоғидагиларни нафақа билан таъминлаган ҳамда йўллар очиқ ва бехатар бўлиши шарт қилинади. Аёл кишига эса, юқоридаги шартлар билан бирга эри ёки бирор маҳрами ҳамроҳ бўлиши керак. Кимда мана шу шартлар топилса, унга ҳаж фарз бўлади. Қуръони каримда ҳажнинг фарзлиги ҳақида шундай дейилган:
وَلِلَّهِ عَلَى النَّاسِ حَجُّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ إِلَيْهِ سَبِيلًا (سورة ال عمران/97).
яъни: “Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир” (Оли Имрон сураси, 97-оят).
Ҳаж амали шарт-шароитларга эга бўлган мўмин-мусулмон учун умрида бир марта муайян бир даврда адо этиладиган фарз амалидир. Фиқҳий китобларда кишига ҳажни фарз бўлиши учун қуйидаги шартлар мавжуд бўлиши таъкидланади: аввало, мусулмон, балоғат ёшига тўлган, оқил, тани соғ бўлиши, бориб келгунча йўл харажатларига етадиган маблағга эга бўлиш. Шу билан бирга ҳажга бориб келгунига қадар оила аҳлини уларнинг эҳтиёжларига етадиган нафақа билан таъминлаган бўлиши керак. Шунингдек, йўлнинг очиқ ва хавф-хатарсиз бўлиши ҳам ҳажнинг фарз бўлиш шартларидандир. Аёл кишига эса, юқоридаги шартлари билан бирга эри ёки бирорта маҳрами ҳамроҳ бўлиши шарт қилинади. Илло, ўзаро келушувга мувофиқ Саудия Арабистони кекса ёшдаги онахонларимизга маҳрамсиз зиёрат қилишларига ижозат берилганини таъкидлаш лозим.
Кимда мана шу шартлар топилмаса, унга ҳаж фарз бўлмайди. Аммо ушбу шартлар мавжуд бўлган одам ҳаж қилмоғи лозим бўлади.
Ҳаж ибодати Ислом арконларининг бешинчиси, яъни энг сўнгиси бўлиши ҳам бежиз эмас, албатта. Зеро, ҳаж амалларини бажаришни истаган киши аввалги арконларни ҳам адо этиб келаётган, ўзининг гўзал хулқу одоби билан атрофдагиларга намуна бўладиган, қолаверса, саноқли ҳаж кунларини охирати учун захира бўладиган амаллар билан ўтказишга ошиқадиган инсон бўлиши лозим.
Бу ҳақда Қуръони каримда: “Ҳаж (мавсуми) маълум ойлардир. Бас, ким шу ойларда ҳажни ўзига фарз қилса (ҳажни ният қилса), ҳаж давомида аёлга яқинлашиши, гуноҳ ишлар ва жанжал (каби ишларга руxсат) йўқ. Ҳар қандай яxши (савобли) иш қилсангиз, албатта, уни Аллоҳ билади. (Ҳаж сафарига) озуқа олиб чиқинг. Энг яxши озуқа тақводир. Тақвони Менга қилингиз (Мендан қўрқингиз), эй, оқиллар!”, — деб марҳамат қилинган. (“Бақара” сураси, 197-оят)
Демак, ҳажни ният қилган киши катта-ю кичик гуноҳларни қилишдан, бирор жонзотга озор беришдан, хусусан, одамлар билан жанжаллашишдан доимо ўзини сақлаши лозимдир.
Расули акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифларида марҳамат қиладиларки: “Кимики ҳаж ибодатини мукаммал адо этиб, тақиқланган ишлардан ўзини сақлаган бўлса, онасидан янги туғилган кунидек гуноҳлардан пок бўлган ҳолда қайтади”.
Ҳожиларимиз улуғ мукофотларга сазовор бўлиб, соғ-саломат азиз юртимизга қайтиб келишни насиб этсин!
Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби
(Жума тезисларидан фойдаланилди)
