ҲАЛОЛ РИЗҚ ҲАЛОВАТИ

Инсон ҳаёти фаровон бўлишининг шартларидан бири ҳалол касб билан шуғулланишдир. Барчамизга яхши маълумки, Ислом дини дангасалик, танбаллик ва боқимандаликни қоралайди. Ҳалол касб қилишга тарғиб этиб, кишининг шахсига, оиласига ва жамиятга фойда келтиргувчи касб ҳунар, деҳқончилик билан шуғулланишга, ижодкорлик қилиб фан ва техника соҳасида пешқадам бўлиб, башариятнинг ривожига ҳисса қўшишга чорлайди.

Касб қилишдан мурод ризқ талаб қилишликдур. Ризқ топишга ҳаракат қилган одам иложи борича осон йўл билан кўпроқ даромад топишни хоҳлайди.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

فَإِذَا قُضِيَتِ الصَّلَاةُ فَانتَشِرُوا فِي الْأَرْضِ وَابْتَغُوا مِن فَضْلِ اللَّهِ وَاذْكُرُوا اللَّهَ كَثِيراً لَّعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ

“Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ва Аллоҳни кўп эсланг, шоядки ютуққа эришсангиз”.

Ушбу оятда Аллоҳ таоло мўминларни ибодатларини адо этиб бўлгандан кейин ер юзига тарқалиб, ризқ йўлида саъй-ҳаракат қилиб, ҳалол йўл билан ризқ топишга тарғиб қилмоқда. Аллоҳ таоло ризқнинг йўлларини кўпайтириб қўйган. Банда ўша йўлларга кириши, ризқ келиши сабабларини бажо келтириб, заминга сочиб қўйилган ризқини исроф қилмай териб ейиши керак.

Динимизда ҳалолдан ризқ қидириш ҳатто ибодат даражасига кўтарилган. Бунга қуйидаги ҳадиси шариф ҳам далолат қилади.

عَنْ سَعْدِ بْنِ أَبِي وَقَّاصٍ رَضِيَ الله عَنْهُ، أَنَّهُ أَخْبَرَهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم  قَالَ: «إِنَّكَ لَنْ تُنْفِقَ نَفَقَةً تَبْتَغِي بِهَا وَجْهَ اللَّهِ إِلَّا أُجِرْتَ عَلَيْهَا، حَتَّى مَا تَجْعَلُ فِي فَمِ امْرَأَتِكَ» (رَوَاهُ الإمَامُ مُسْلِم)

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Албатта сен аҳлингга Аллоҳнинг розилиги йўлида қилган ҳар қандай нафақага ажр оласан. Ҳаттоки, аёлингни оғзига тутган луқмага ҳам”, дедилар (Имом Муслим ривоят қилган).

عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ الله عَنْهُمَا قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ: مَنْ أَمْسَى كَالَّا مِنْ عَمَلِ يَدَيْهِ أَمْسَى مَغْفُورًا لَهُ. (أَخْرَجَهُ ابْنُ أبِي شَيْبَةَ فِي الْمُصَنَّفِ وَالطَّبَرَانِي فِي الأَوْسَطِ)

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ким меҳнат қилиб, хориб чарчаган ҳолда тунаса гуноҳлари кечирилган ҳолда тунайди”, деганлар (Ибн Аби Шайба “мусаннаф”да, Табароний “мўъжамул авсат”да ривоят қилган).

Демак, киши ризқ талабида ва ҳалол касб излаб, қандайдир ташвиш ва машаққат чекса, мана шу ҳолатнинг ўзи ҳам гуноҳларга каффорат бўлиши айтилмоқда. Бу каби ҳадиси шарифлар ҳалол ризқ талабида ҳаракат қилиб, вақтинча бир қийинчилик ҳолатини бошдан кечираётган кишиларнинг руҳиятига тетиклик бағишлайди. Инсон ушбу кўрсатмаларга амал қилар экан маиший ҳаёти тартибга тушади, ҳам ажр савоб олади, ҳам гуноҳлардан покланади.

Динимиз пешона тери билан топилган мол-мулкни энг яхши амаллардан эканлигини таъкидлаш балан бирга ишёқмаслик, танбаллик, бекорчилик, тиланчилик, ўзгаларга юк бўлиш каби иллатларни қаттиқ танқид остига олади.

عَنْ أَبِي هُرْيَرَةَ  رضي الله عنه قَالَ :  قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم» لأَنْ يَحْتَزِمَ أَحَدُكُمْ حُزْمَةً مِنْ حَطَبٍ فَيَحْمِلَهَا عَلَى ظَهْرِهِ فَيَبِيعَهَا خَيْرٌ لَهُ مِنْ أَنْ يَسْأَلَ رَجُلا فَيُعْطِيَهُ أَوْ يَمْنَعَهُ «(مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

“бирингиз арқонини олиб, ўтин териб, елкасида кўтариб келтириши ва уни сотиб (кун кечириши) бировнинг олдига келиб, тиланишидан яхшироқдир. Ҳолбуки у киши беради ёки бермайди” (Муттафақун алайҳ).

Улуғбек қори Йўлдошев