Ҳар ишда сабр

Сабр инсонга хос бўлган фазилат. Ўз номи билан бошқа фазилатларга қараганда кўпроқ машаққатни талаб қилади. Шунинг учун сабрга бериладиган мукофот ҳам ўша мақомга муносиб бўлади. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай баён қилинади:

إِنَّمَا يُوَفَّى الصَّابِرُونَ أَجْرَهُمْ بِغَيْرِ حِسَابٍ  

яъни: “Албатта, сабр қилувчиларга ажрлари ҳисобдан ташқари берилур. (Зумар. 10)

Сабрнинг навлари бор – мусибатга сабр, кўнгил хоҳишларига сабр ва ибодатга сабр. Мусибатга сабр қилиш кўргуликнинг аввалида бўлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қабр олдида йиғлаётган аёлни кўриб:

“Аллоҳдан қўрқ ва сабр қил”, дeдилар. Шунда аёл:

“Нари бор! Сенда менинг мусибатим содир бўлмаган-да!” дeди. Шунда у аёлга:

“Бу Аллоҳнинг расули-ку” дeйишди. Аёл Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дарвозаларига кeлди. Лeкин у зот ҳузурларида дарвозабонларини топмади.

“Сизни танимабман Эй Аллоҳнинг расули!” дeган эди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам:

“Сабр қилишлик мусибатнинг аввалида бўлади” дедилар. (Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Кўнгил хоҳишларига қарши сабр қилиш ҳаммасидан ҳам оғир. Айниқса омад келиб атрофингизни фаҳш ва маъсиятлар қуршаб олганида, гуноҳ қил шга имкон ҳар томондан очилиб турганида Худодан қўрқиб сабр қилмоқ – шу эрур мардлик, шу эрур тақво, шу эрур Аллоҳдан қўрқиш, шу эрур чин мўминнинг сифати!

Бир кун келиб, омад кетганда сабрдан бошқа чора қолмайди ҳам-да! Имкон ҳам бўлмай қолади. Қайсики, яқин инсони вафот этган киши кунлар ўтиши натижасида сабрдан бошқа чора топа олмагани каби.

Ибодатга сабр қилишнинг нозик жиҳатлари бор. Кундалик ҳаётимизда ибодат ва сабр билан кўплаб тўқнашамиз, лекин беписандлик билан ўтиб кетамиз. Бундай ҳолат шунчалар кўпки, агар биз тузукроқ эътибор берганимизда ҳар куни сонсиз-саноқсиз имкониятларни қўлдан бор бераётганимизни ҳис қилар эдик. Айримларини эслатмоқчиман.

Қанча масофадан яхши ният билан савоб умидида масжидга борамиз. Такбир вақтидан бир дақиқа ўтиб қолса, бетоқат бўлишни бошлаймиз. Ҳатто фитнагача борамиз. Булар ҳаммаси ҳаётда бор гаплар. Навбатчи имом нимадир сабаб бўлиб бир ёки икки дақиқа кеч қолса, ўша куни раҳбариятга етказилиши ҳам бор гап. Гап элтувчилар ниҳоятда пок ниятда эканлигини изҳор ҳам қилиб қўйишади.

Илгариги йили ижтимоий тармоқларда жума намозидан кейинги қироат ҳақида бонг уриб, куннинг иссиғида шу қироатнинг нима кераги бор, деб чакана фитна уруғи сочилмади. Лекин улар ҳам холисликни даъво қилишади. Ўзларини шариат ҳимоячилари дейишади. Фикрини исботлаш учун оят ва ҳадисларни келтиришади.

Фитналар гирдобида ўйланиб қоламан – оят ва ҳадислар фитнага қурол сифатида зўраки ишлатиладиган манба бўлиб қоляптими, деб. Қуръон қироати тугагунча одамлар кун исиғида қийналиб кетяпти эмиш. Билол разияллоҳу анҳуни эсланг – куннинг жазирамасида, устига қизиган темирни бостириб қўйганидаги ҳолатини…

Ўша исиқ ҳавода Аллоҳнинг Каломини эшитишдан малолланган кимсалар, юртга ёв босиб келса (Худо сақласин) қандай қилиб Ватанга жон фидо қилсин?!

Ҳа, чучвара ейишдан мақсад гўшт ейиш. Масжидга боришдан мақсад – савоб олиш ва Аллоҳнинг розилигини топиш эмасми?

Ҳеч бўлмаса масжидда…

            Ибодатга сабр қилишнинг биргина кўриниши бу холос…

            Улуғбек қори Йўлдошев