Ҳар оила юрт олдида масъулдир

Инсон оила қурар экан, унинг истиқболида улкан масъулият турганини ҳис қилиши лозим. У эркакми ёки аёлми, ким бўлишидан қатъий назар бир бутун оиланинг катта вакили. Иншооллоҳ, бўлғуси фарзандларнинг тарбиячиси.

Бир дона оила саноқ ҳисобида миллионлаб оилаларнинг орасида ҳеч нарса бўлмаслиги мумкин, лекин масъулият жуда ҳам юқоридир. Жамият олдида жавобгарлик ҳисси бор. Чунки бутун жамият ҳар бир оиладан юрт равнақини талаб қилишга ҳақлидир. Жамиятлар оилалардан таркиб топишини минглаб эшитган бўлсак-да, яна такрор эслаймиз, ҳолбуки шундай катта жамият айнан бизга ўхшаган оилаларнинг йиғиндисидир.

Биз нафақат ўзимиз ва оиламиз учун, балки бутун юрт учун, Ватан учун келажакка қандай мева қолдирмоқдамиз?

Бу савол бизнинг диққат марказимизда доимо ўрнашган бўлиши керак. Шу дастур асосида фарзандларимизни тарбиялаб, ўзлигимизни ислоҳ қилишга мажбурмиз.

Соғлом жамият тузиш учун энг аввало, ҳам маънавий, ҳам жисмонан соғлом оила тузишга эришиш лозим. Жамият учун баркамол инсон етказиб бергучи  оила маънавий соғлом бўлишлиги учун у бино қилинажак пойдевор мустаҳкам бўлиши лозим. Бунинг учун эса оила ҳақидаги муқаддас динимиз кўрсатмаларига амал қилишлик энг тўғри ва мақбул йўл десак хато бўлмагай.

Оила деган муқаддас ошён дунё миқёсида тобора дарз кетиб бормоқда. Юқоридаги саволларга бутун жаҳон оилашунос олимлари жавоб изламоқдалар. Шуниси эътиборга лойиқки, изланишлар натижаси ҳақиқий тўғри жавоб фақатгина Исломда эканлигини тақозо қилмоқда.

Чунки Ислом динида турмуш тарзи бутун махлуқотнинг яратгувчиси, бутун оламни қатъий тартиб ва интизом ила бошқаргувчиси томонидан тақдим этилган буюк дастурга асосланган.

Қайси оилада Исломий аҳкомларга қанчалик риоя қилинса, оила аъзолари қайси дин ёки миллатга мансуб бўлишлигидан қатъий назар, шунчалик турмуш фаровонлиги барпо бўлади. Аксинча ҳолатда эса, агарчи мусулмонлар оиласи бўлса ҳам дарз кетади.

Мамлакатимизда оилаларнинг тинч тотув яшаш чоралари кўрилмоқда. Ҳар бир йилда ўзига муносиб дастурлар ишлаб чиқарилмоқда. Бундан ташқари маҳалла фаоллари, имом-хатиблар ва отинойилар билан ҳамкорликда халқ орасида оила ҳақида кўплаб суҳбат ва тадбирлар ўтказилмоқда. Мазкур чораларга кўра иложи борича оилалар бузилиб кетишининг олдини олишга ҳаракат қилинмоқда.

Ҳукуматимиз томонидан оилаларга тобора юқори эътибор берилиб, тинимсиз чора-тадбирлар ишлаб чиқарилаётган бўлса, оммавий ахборот воситаларида шарқона исломий турмуш тарзи тўхтовсиз тарғиб қилиниб турса, тўй тўркинларда имом домлаларимиз жон куйдириб покиза исломий туйғуларга иршод қилиб турса, маҳалла фаоллари керак бўлса хонадонларга кириб маънавий иллатларга муолажа йўлларини ахтариб эшикма-эшик юрса − биз қачон инсофга келамиз, ахир!

Қачонгача ўзларининг бошларидан ишлари ошиб-тошиб ётса ҳам бизнинг тинч-тотув маънавий соғлом турмуш тарзимиз ташвишида юрган инсонларга лоқайдлик билан қараб тураверамиз?!

Улуғбек қори Йўлдошев

Фойдаланилган манба: мақола муаллифига тегишли “Никоҳ ришталари” рисоласи