Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи Анас разияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ўтирган эдик, жаноб:
— Ҳозир замон сизларнинг ҳузурингизга жаннат аҳлидан бўлган бир киши кириб қолади, – дедилар.
Ансорлардан бир киши соқолида янги олган таҳоратининг асоратлари билан, ковушини чап қўлига илиб олганча кириб келди.
Эртаси куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам яна ўша гапни айтдилар. Яна ўша киши аввалгидек ҳолатда кириб келди. Учинчи куни ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам аввалги сўзи каби айтдилар, бу сафар ҳам ўша киши ўша ҳолатда кириб келди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўринларидан турганларидан сўнг Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳумо ҳалиги кишига эргашди ва:
— Мен отам билан айтишиб қолиб, уч кунгача олдига кирмасликка қасам ичиб қўйган эдим. Агар уйингга киргизишни маъқул кўрсанг уч кунни сенинг уйингда ўтказсам? – деди.
— Майли – деди ансорий.
Абдуллоҳ кейин айтиб беришича уч кун ансор билан бирга бўлди. Аммо кечалари туриб ибодат қилганини кўрмади. Фақат бомдодга тургунича кўрпасида у томондан бу томонга ағдарилганида Аллоҳни зикр қилар ва такбир айтиб қўяр эди.
“Шунингдек ёмон сўз айтганини эшитмадим – дер эди Абдуллоҳ. – Уч кеча ўтди. Жуда ҳам ортиқча ибодат қиладиганга ўхшатмадим.
— Эй Аллоҳнинг бандаси! Мен билан отамнинг орамизда ҳеч қандай ғазаб ва аразлашиш бўлгани йўқ эди. Лекин мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сен ҳақингда уч маротаба “Ҳозир замон сизларнинг ҳузурингизга жаннат аҳлидан бўлган бир киши кириб қолади” деганларини эшитдим, уччала сафар ҳам сен кириб келдинг. Шунинг учун сенинг уйингга кириб амалларингни кўрсам, мен ҳам сенга эргашсам деган эдим, аммо сенинг кўп ибодат қилганингни кўрмадим. Хўш, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам сен ҳақингда берган башоратига етказган нарса нима ўзи? – сўрадим ундан.
— Шу кўрганингдан бошқа ҳеч гап йўқ – деди ансорий.
Энди қайтиб чиқиб кетаётган эдим, чақирди-да:
— Шу кўрганингдан бошқа ҳеч гап йўқ. Фақат мен ўз кўнглимда мусулмонлардан биронтасига фирибгарлик кўрмадим. Бирор кимсага Аллоҳ яхшилик берса ҳасад қилмадим – деди.
— Ҳа, сени шу даражага етказган шу нарса экан! Шу нарса экан бошқаларнинг тоқати етмайдиган! – дедим”.
Ҳа, ҳасаддан сақланиш жаннатга етаклайдиган хислат. Унинг акси бўлган ҳасад қилиш эса, инсоннинг амалларини зое қилади. Инсоннинг ўзи ҳам хароб қилади.
“Ҳасад” луғатда “бирор нарсани терисини шилмоқ ёки қирмоқ” деган маънони билдиради. Унинг истилоҳий маъноси ҳақида аллома Муновий шундай дейдилар:
الْحَسَدُ : تَمَنَّي زَوَالَ نِعْمَةٍ عَنْ مُسْتَحِقٍّ لَهَا
яъни: “Ҳасад – неъматга лойиқ бўлган кишидан уни завол бўлишини умид қилишдир” (“Ат-Тавқиф ала муҳимматит-таориф” 139-бет).
Энг биринчи гуноҳ ҳам Иблис томонидан Одам алайҳиссаломга кибр ва ҳасад қилишидан келиб чиқди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:
قَالَ مَا مَنَعَكَ أَلاَّ تَسْجُدَ إِذْ أَمَرْتُكَ قَالَ أَنَاْ خَيْرٌ مِّنْهُ خَلَقْتَنِي مِن نَّارٍ وَخَلَقْتَهُ مِن طِينٍ (سورة الأعراف/12)
яъни: “(Аллоҳ) айтди: “Сенга буюрганимда сажда қилишингга нима монелик қилди?” У деди: “Мен ундан яхшиман, мени оловдан яратгансан. Уни (Одамни эса) лойдан яратдинг” (Аъроф сураси, 12-оят).
Ибн Атия раҳимаҳуллоҳ: “Аллоҳ таолога биринчи қилинган гуноҳ –ҳасаддир. У Иблисдан содир бўлган эди”, – деганлар.
Қатода разияллоҳу анҳу ушбу оят тафсирида: “Аллоҳни душмани бўлган Иблис Одам алайҳиссаломга Аллоҳ таоло берган иззат-ҳурматига хасад қилди ва “Мен оловдан, у эса лойдан яратилган”, – дея кибрланди”, – дейдилар.
Уламоларимиздан бирлари бу хақда: “Албатта ҳасад қилувчи Иблисга ўхшайди. Чунки у мусулмонлардан Аллоҳнинг неъматларини кетиши, улар орасида фасод кўпайиши каби Шайтонга маҳбуб бўлган ишларни талабида бўлади”, — деганлар.
Абдулазиз Мўминов. Асака т. «Мамир қори» жоме масжиди ходими
