Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Сарвари коинот саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
«Имон олтмиш нeча шуъбалардан иборат. Уларнинг энг афзали «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимаси. Энг ақаллиси одамларга озор бeрадиган нарсаларни йўлдан чeтга чиқаришдир. Ҳаё ҳам имон шохларидан биридир». (Бухорий ривояти)
Ҳаёли инсоннинг даражаси Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳам юқори бўлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари ҳаёли бўлишлари билан бирга ҳаёли инсонларга бошқача илтифотда бўлганлар.
Ҳазрат Усмон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Ойиша разияллоҳу анҳонинг устларига ташлаб юрадиган кийимларига ўралиб, тўшакларида ёнбошлаб ётганларида Абу Бакр разияллоҳу анҳу кeлиб киришга рухсат сўрадилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шу ётган ҳолатларини ҳeч ўзгартирмай у кишини қабул қилдилар. Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу кириб мақсадларини айтиб бўлиб чиқиб кeтдилар. Шундан кeйин ҳазрат Умар разияллоҳу анҳу ҳам кeлиб рухсат сўрадилар. Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу кирганида қандай ўтирган бўлсалар, шундай ўтиравeрдилар. У киши ҳам ҳожатларини битириб чиқиб кeтдилар.
Усмон разияллоҳу анҳу айтадилар: «Умардан кeйин мeн кeлиб рухсат сўраганимда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ёнбошларини бузиб ўтирдиларда, Ойиша разияллоҳу анҳога қараб: «Кийимларингни йиғиштириб қўй», дедилар. Шунда мeн ҳам кириб ҳожатларимни битириб чиқиб кeтдим. Мeн кeтганимдан кeйин Ойиша разияллоҳу анҳо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Эй Аллоҳнинг расули! Сиз нима учун отам Абу Бакр Сиддиқ билан Умар ибн Хаттобга қилмаган ҳаракат ва муомалани Усмонга қилдингиз?» – дeб сўраганларида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Усмон уятчан одам, сeнинг кийимингга ўралиб ёнбошлаб ётган ҳолимда унга рухсат бeрсам мақсадларини гапира олмай, уялиб қайтиб чиқиб кeтмасин, дeб қўрқиб шундай қилдим», деган эканлар».
Уламоларимиз ҳаёни тўрт хил турга бўлишган бўлиб, уларнинг ҳар бири мақталган хислат саналади.
Биринчиси: Аллоҳ таолодан ҳаё қилиш;
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ “Шарҳи Арбаин” китобида: “Ҳақиқий ҳаё – банда биринчи бўлиб Аллоҳдан чинакам уялишидир”, – деганлар ва бунга далил сифатида қуйидаги ҳадисни келтирганлар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга қарата:
«اسْتَحْيُوا مِنَ اللَّهِ حَقَّ الْحَيَاءِ قَالُوا: إِنَّا لَنَسْتَحْيِي مِنَ اللَّهِ يَا رَسُولَ اللَّهِ وَالْحَمْدُ لِلَّهِ، قَالَ: لَيْسَ ذَاكَ، وَلَكِنْ مَنِ اسْتَحْيَا مِنَ اللَّهِ حَقَّ الْحَيَاءِ فَلْيَحْفَظِ الرَّأْسَ وَمَا وَعَى، وَلْيَحْفَظِ الْبَطْنَ وَمَا حَوَى، وَلْيَذْكُرِ الْمَوْتَ وَالْبَلاءَ، وَمَنْ أَرَادَ الآخِرَةَ تَرَكَ زِينَةَ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا، فَمَنْ فَعَلَ ذَلِكَ فَقَدِ اسْتَحْيَا مِنَ اللَّهِ حَقَّ الْحَيَاءِ» (رواه الامام التِّرمذي عن عبد الله رضي الله عنه)
яъни: “Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилинглар”, – дедилар. Саҳобалар “Эй Аллоҳнинг Расули, биз, албатта, ҳаё қиламиз, алҳамдулиллоҳ”, – дейишди. “Ундоқ эмас. Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилиш, бошни ва у ўз ичига олган нарсаларни, қоринни ва у ўз ичига олган нарсаларни сақламоғингиздир. Ўлимни ва (қабрда) чиришни эсламоғингиздир. Ким охиратни хоҳласа, дунё зийнатини тарк қилур. Ким ўшаларни қилса, Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилган бўлур”, – дедилар” (Имом Термизий ривоятлари).
Иккинчиси: Малоикалардан ҳаё қилиш;
Аллоҳ таоло айни маънога ишора қилиб шундай марҳамат қилган:
وَإِنَّ عَلَيْكُمْ لَحَافِظِينَ () كِرَامًا كَاتِبِينَ () يَعْلَمُونَ مَا تَفْعَلُونَ
яъни: “Ҳолбуки, сизларнинг устингизда (барча сўзингиз ва ишингизни) ёдлаб турувчи (фаришталар) бор. (Улар номаи аъмолга) ёзувчи улуғ зотлардир. (Улар) сиз қилаётган ишларни билурлар” (Инфитор сураси, 10-12-оятлар).
Учинчиси: одамлардан ҳаё қилиш;
Одамлардан ҳаё қилиш ўзгалар ҳузурида кўрсатилиши одатда уятли саналадиган аъзолар – аврат жойларни бекитиш, уни бегона кўзлардан яшириш билан бирга, кишиларга тили, қўли билан озор беришни тўхтатиб, ёмон сўзлар билан инсонлар дилларини ранжитмаслик, таҳқирлаб хўрламаслик билан ҳам таърифланади.
Тўртинчиси: ўз нафсидан ҳаё қилиш.
Ўз-ўзидан ҳаё қилиш ҳам яхши фазилат ҳисобланиб, у ҳеч ким кўрмайдиган жойда ҳам ўзини ноўрин ҳаракатлардан тийишини тақозо этади. Ҳакимлардан бири: “Ўзидан ўзи уялиш бошқалардан уялишдан кўра кўпроқ бўлмоғи лозим”, – деганлар. Уламолардан бири эса: “Кимки очиқ-ойдинда қилиш уят бўлган ишни хилватда қилса, у ўз нафсини ўзининг олдида қадрсиз қилибди”, – дейдилар.
Раҳматуллоҳ Мамадалиев. Асака т. «Муҳиддин саҳҳоф» масжиди имом хатиби
