Ҳазон бўлган умр

Ёшлар тарбияси бутун жамиятнинг зиммасидаги энг масъулиятли вазифаларнинг биридир. Айниқса бугунги глобаллашув дарида бу масала яна ҳам муҳимлиги аниқ ва равшан бўлиб турибди.
Тарбиянинг икки жабҳаси мавжуд – бири тўғри йўлга йўналтириш, иккинчиси нотўғри йўллардан қайтариш. Бу икки йўналиш ҳам зарурлик жиҳатидан тенг мақомда ва бир-бирларига муттасил бўлса-да, хатарли йўллардан қайтариш барибир муҳимроқ кўринади. Ўша хатарли ва ҳалокатли йўлларнинг бири – ўз жонига қасд қилиш.
Бу нарса асосан ёшлар орасида тарқалган бўлиб, баъзан катта ёшлилар орасида ҳам учраб туради. Маълумотларга қараганда кейинги 15-20 йил давомида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлар жаҳон миқёсида жуда ҳам кўпайиб кетган. Бутунжаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилоти ҳудудий бошқармаларининг маълумотларига қараганда 15-24 ёш ўртасидаги ўсмирларда бу ҳолат жуда ҳам ортиб кетган. Ҳатто кейинги ўн беш йилда икки баробар ортиб кетган. Франсияда сўнгги 10 йилда 3 баробарга ортган.
АҚШда 15-19 ёшдаги ўсмирлар йигитларлар орасида ўз жонига қасд қилиш кейинги 30йилда 300 % га ўсган. Қизлар орасида 200 % га ортган. Полшада 12-20 ёшли ўсмирлар орасида бу кўрсаткич ўғил болаларда 4 баробар, қизларда 79 % ўсган. Мутахассисларнинг тадқиқотларига кўра ўз жонига суиқасд қилишнинг асосий сабалари ушбулардир:
1) Психологик сабаблар;
2) Жинсий ҳаётнинг эрта бошланиши ва ишқий муаммолар;
3) Оиладаги муаммолар;
4) Ичкилик ва гиёҳвандлик;
5) Тушкунлик.
Бундан боқа саблар ҳам бор. Шуни ҳам эслатиб ўтмоқчимизки, бу фикрлар асосан Европа ўсмиршуносларининг фикрлари. Лекин энг этиборлиси шундаки, юқоридаги барча муаммолар бизларнинг ота-боболаримизнинг қонларига сингиб кетган инсоний эътиқодлар мажмуасининг сабоқлари билан ечилиши энг осон ва тўғри йўлдир. Яъни оилада соғлом эътиқод асоси бўлган исломий тарбия орқали тушунчалар тўғри олиб борилса кўплаб муаммолар бартараф этилиши мумкин.
Инчунун, болаларимиз яхши билишлари керакки, ўз жонига қасд қилишлик инсонни нафақат ширин ҳаёт кечириш завқидан маҳрум қилади, балки охирати учун ҳам катта зарар. Қуръони Каримда инсонни ўзининг яшаш ҳуқуқига тажовуз қилиши ман этилган. Жумладан:

وَلاَ تُلْقُواْ بِأَيْدِيكُمْ إِلَى التَّهْلُكَةِ

“Ўз қўлингиз билан ўзингизни ҳалокатга ташламангиз!” (Бақара. 195) ва шунингдек:

“Ўзингизни ўзингиз ўлдирмангиз, зероки, Аллоҳ Сизларни ўз раҳм ва шафқати ила яшашингиз учун дунёга келтиргандир”, деб марҳамат қилган. (Нисо. 29)
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўз ҳадиси шарифларида ўз-ўзини ўлдириш ҳаром эканлиги, бундай ишни қилган кишига охиратда қаттиқ азоблар бор эканлиги ҳақида айтиб ўтганлар. Жумладан:
“Кимки тоғ тепасидан ташланиб, ўз-ўзини ўлдирса, ўлгандан сўнг жаҳаннамда ҳам шу хил азобга гирифтор бўлади. Агар заҳар ичиб ўзини ўзи ўлдирса, жаҳаннамда ҳам абадий шу азобга мубтало бўлади. Кимки ўзини темир парчаси билан ўлдирса, у киши темир парча қорнига суқулган ҳолатда жаҳаннам ўтида абадий қолур”, деб марҳамат қилганлар.
Бошқа бир ривоятда эса: “Ўзини сувга ташлаб ёки осиб ёки куйдириб ўлдирган кишиларнинг ҳукми ҳам юқорида зикр қилинганлар билан баробардир”, деганлар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда марҳамат қилади. “Бандам ўз-ўзини ўлдириб, менинг унга берган умримга шукур қилмай шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”.
Ҳа, шариатимиз кўрсатмаларида ҳар бир инсонинг жони, моли ва шаъни муқаддас ва ҳимоялангандир. Шундай экан ҳаётдан бемаҳал кўз юмиши мумкин бўлган ҳар қандай инсоннинг ҳаёти ҳеч кимни бефарқ қолдириши мумкин эмас. Жаноб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам раҳматуллоҳи алайҳи марҳамат қилганларидек:
“Ҳар бир фарзанд мусулмончиликни қабул қилаверадиган табиат билан туғилади, лекин уни яҳудийга айлантириб юборадиган ҳам, насроний ёки мажусийга айлантириб юборадиган ҳам унинг ота-онасидир”. (Бухорий ривояти).
Ота-оналар фарзандларини кўча-кўйда беҳуда тентираб, бўлмағур, ножўя хатти-ҳаракатлар қилишдан сақлаб, кимлар билан алоқада бўлаётганларига ҳам бепарво бўлмаслиги керак.
Ҳаётий мисоллар келтирамиз. Туманимизда 2-чоракда ўз жонига қасд қилганларнинг сабабини ўрганганимизда бу ишга кўпроқ ҳаёт синовларига сабрсизликлар сабаб бўлгани маълум бўлди. Ачинарлиси шуки, улар ҳаммаси оилали бўлган.
Жумладан Г исмли аёлнинг болалиги ота-оналари ажрашиб кетганлиги учун аросатда ўтган, устига устак турмуш ўртоғи ҳам спиртли ичимликларга муккасидан кетган. Натижада оилада кўплаб жанжаллар бўлиб, тез асабийлашадиган бўлиб қолган.
Ф исмли аёл эсабаъзи бир арзимас муаммолар туфайли жонига қасд қилган. бироқ умри бор экан омон қолган. Ҳозирда қилган ишидан хижолатда. Шуниси эътиборлики, оиласи кам таъминланганлар рўйхатида турмайди.
Д исмли айл ҳам кам таъминланганлар рўйхатида турмайди. Руҳий хастлаик сабабли жонига қасд қилган.
Х исмли аёл эса ҳомиласи тушиб кетганидан руҳий тангликка тушиб қолган.

Шаҳобиддин Парпиев. Асака туман бош имом хатиби