Ибн Масъуд ҳақида

Абддуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу саҳобалар ичида ўзига яраша улкан мартабага эга бўлганларидан биридир. Ўзлари ёш бўлсалар ҳам катталардан кўра шижоатлироқ эди. Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари йиғилиб:

  • Аллоҳга қасамки, Қурайш халқи ҳанузгача Қурони каримни эшитишмади. Уларга Қуронни ким эшиттира олади? – деганларида айнан ушбу саҳобий ушбу оғир масъулиятли вазифани зиммасига олган.
  • Йўқ, биз сени юборишдан қўрқамиз. Мабодо улар ташланиб қолишса яқин қариндошлари ҳимоя қилиб оладиган бирон киши боришини хоҳлаймиз, – дейишди.
  • Қўяверинглар, мени Аллоҳнинг Ўзи ҳимоя қилади, – деди у.
    Эртаси куни ибн Масъуд чошгоҳ пайтида Мақоми Иброҳимга борди. Бу пайтда Қурайш жамоаси йиғилиб ўтирган эди. Овозини баланд қилиб: “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим” деб, “Ар-Раҳмон” сурасини қироат қилганча уларга яқинлаша бошлади. Улар эса Абдуллоҳга ҳайрон бўлиб қарашди ва:
  • Умму Абднинг ўғли нималар деяпти ўзи?! – дейишди.
  • У Муҳаммадга (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) келган нарсалардан тиловат қиляпти шекилли, – дейишди бошқалари ва ўринларидан туриб Абдуллоҳни дўппослай кетишди. У эса қироатда давом этиб, Аллоҳ хоҳлаган жойига қадар тиловат қилаверди.
    Сўнг саҳобаларнинг ёнларига қайтиб борди. Улар Абдуллоҳнинг аҳволини кўриб:
  • Биз сенга шундай бўлишидан қўрққан эдик! – дейишди.
  • Аллоҳнинг душманлари мен учун бугунги кундагидек хор кўринмаган эди. Агар хоҳласаларингиз эртага ҳам шу ишни қайтараман! – деди Абдуллоҳ жасорат ила.
  • Йўқ! Сенга шу кифоя қилади. Сен улар ёқтирмаган нарсасини эшиттириб бўлдинг, – дейишди.
    Абдуллоҳ разияллоҳу анҳу ўзининг қироати, Қуръон илмининг билимдон эканлиги билан ҳам ажралиб турар эди. У зотдан кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Абу Дуҳо разияллоҳу анҳу айтади:
    «Масруқ билан Шутайр ибн Шакл Абди разияллоҳу анҳулар масжидда бирга бўлиб қолишди. У ерда ҳалқа-ҳалқа бўлиб ўтирган кишилар бу икки олим атрофига тўпланишди. Шунда Масруқ Шутайрга қараб:
    «Бу одамлар биздан яхши гап эшитмоқ учун тўпланишган бўлса керак, деб ўйлайман. Энди сиз Абдуллоҳ ибн Масъуддан ҳадис ривоят қиласиз, мен эса қилган ривоятингизнинг тўғрилигини тасдиқлайман ёки мен ривоят қиламан, сиз уни тасдиқлайсиз», дедилар. Шутайр:
    «Майли, сиз ривоят қилинг, мен унга гувоҳ бўламан!» — дедилар. Шундан кейин Масруқ: Абдуллоҳ ибн Маъсуд:
    «Икки кўз, икки қўл ва икки оёқларнинг зиноси бўлади. Буларнинг зиносини эгаларининг фаржи (аврати) амалга ошириб, ҳақиқатга чиқаради ёки рад қилиб, ёлғончига чиқаради», деган сўзларини эшитганмисиз? — деди. Шутайр:
    «Ҳа, бу сўзларини мен ҳам эшитганман», деди. Масруқ яна:
    «Абдуллоҳнинг Куръони каримдаги: «Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур» (65:2), деган оятидан кўра тезроқ нажот топишга ундайдиган оят йўқ, деган сўзларини эшитганмисиз?», деди.
    «Ҳа, мен ҳам Абдуллоҳнинг шу сўзларини эшитганман», деди. Масруқ яна:
    «Абдуллоҳнинг Қурондаги: «Эй ўзига исроф-зулм қилган бандаларим! Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлманглар» (39:53-оят), дейилган оятдан кўра Аллоҳга таваккул қилишга кўпроқ ундовчи оят йўқ, деганларини эшитган бўлсангиз керак», деди. Шутайр:
    «Ҳа, эшитганман», деди».

Сотволдиев Ҳусанбой. Асака т. «Икром ҳожи» жоме масжиди имом хатиби