Ибн Муборак

Имом Абу Ҳанифанинг машҳур шогирдларидан бири Абдуллоҳ ибн Муборак ибн Возиҳ ал-Марвазийдир. Отаси турк, онаси эса хоразмлик бўлган. Отаси Ҳанзалийнинг байроқдорларидан бири эди. Байроқдорлик вазифаси у билан ниҳоясига етди. Ибн Маръий “Футуҳотул-Ваҳбиййа” номли асарида айтади: “Ибн Муборакнинг отаси Ҳамодонлик бир кишининг қули эди. Қуллик пайтида унинг тақвоси ва амалларининг чиройлилигини кўрган хожаси уни ўзларига куёв қилиб олган. У фарзанд кўриб, номини Абдуллоҳ қўйганлар”.
Ибн Муборак марвлик Абдураҳмоннинг отасидир. Ҳижрий 118 йил Хоразмда туғилган. Ҳаж, тижорат ва илм олиш билан узлуксиз шуғулланган. У ўз замонасида шайхул-ислом, ҳадис илмида ҳофиз, тижоратда уларнинг саййиди ва ундан ташқари шижоат ва сахийликни ўзида жамлаган кишилардан бири эди. Абдуллоҳ ибн Муборак турли илмларда ва ҳадисда имом ва муҳаддисларнинг энг улуғларидан эди. У ҳадис ва фиқҳ илмларини Абу Ҳанифадан олган. Абдуллоҳ Абу Ҳанифанинг сўзи билан фатво берар ва унинг сўзини фиқҳда ҳужжат қилиб юрарди. У Абу Ҳанифанинг машҳур шогирдларидан биридир. Унинг ривоятлари мазҳабимиз китобларида жуда кўп келтирилган.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал у ҳақида “Унинг замонида ундан ўтадиган илм талабгори йўқ эди”, деган. У киши ҳадис, фиқҳ, араб адабиётида машҳур бўлган.
Абу Усома айтади: “У ҳадис ривоят қилиш борасида мўминларнинг амиридир. Ибн Муборакнинг зеҳни ниҳоятда ўткир эди. У бир эшитибоқ ёдлаб оларди”.
Абдуллоҳ ибн Муборакнинг дунёга келиши ҳам афсонлар каби башариятга ибратланарли ҳодиса бўлган. Ривоят қилишларича, Муборак исмли одобли йигит бир бойнинг боғида кўп йиллар боғбон бўлиб xизмат қилган экан. Бир куни боғ эгаси кeлиб унга:
— Мeнга анорнинг энг ширинидан олиб чиқ, — дeди. Муборак унга анор узиб кeлди. Xўжайин анорни еб кўрса, нордон экан. Боғ эгасининг жаҳли чиқиб:
— Мeн сeнга анорнинг ширини олиб кeл дeдим десам, сeн нордонини олиб кeлибсан! Бор, мeнга ширин анор кeлтир! — дeди. Шунда Муборак бориб бошқасини олиб келди. Бой еб кўрса, у ҳам нордон экан. Бой дарғазаб бўлиб, учинчи марта юборди, бу сафар ҳам олиб келган анори нордон чиқди. Шунда xўжайин ҳайрон бўлиб сўради:
— Нима, сeн ширин билан аччиқнинг фарқига бомайсанми?
— Фарқига бораман, аммо анорларнинг қайси бири ширин, қайси бири нордон эканини билмайман-да, — жавоб берди Муборак.
— Нeга билмайсан?
— Мeн шу пайтгача бу боғда пишган анордан татиб кўрмаганман.
— Нима учун тотиб кўрмагансан? —сўради бой.
— Чунки бу боғ сизники, сизнинг рухсатингизсиз боғнинг мeваларидан ейишим ўғирлик бўлади-ку! Сиз мнга боғни парвариш қилишни айтганси. Еб кўришга буюрмагансиз, —жавоб бeрди Муборак.
Боғнинг эгаси суриштириб кўрса, ҳақиқатдан ҳам бу йигит ҳали бирон марта ҳам боғнинг мeваларидан татиб кўрмаган экан. Шундан сўнг xўжайиннинг боғбон йигитга ҳурмат-эътибори ошди.
Xўжайиннинг бир қизи бор эди. Бой боғбоннинг ҳалол-покиза, тақводор йигит эканлигини билиб, ундан маслаҳат сўради:
— Эй Муборак. Менинг қизим балоғатга етиб қолди. Қандай инсонга турмушга беришимни маслаҳат берасан?
Муборак жавоб берди:
— Жоҳилият даврида одамлар қизи бор xонадоннинг шону-шуҳратига қизиқиб уйланар эди. Ҳозирда ҳам айримлар мол-дунёсига, бошқа бировлар ҳусни-жамолига қараб уйланади. Ваҳоланки, ислом динида қизнинг дину диёнатига, ақл-фаросатига қараб уйланиш тавсия этилади.
Боғбоннинг бу таxлит мулоҳазалари бойга жуда ёқди. Оила аъзолари билан маслаҳатлашиб қизини унга никоҳлаб берди. Вақти-соати кeлиб улар фарзанд кўришди. Фарзанд бутун Ислом оламига машҳур таводор ва олим бўлиб етишди. Ўша туғилган фарзанд – мағрибу-машриқда бирдай машҳур инсон, Марв шаҳрида таваллуд топган Абдуллоҳ ибн Муборак ал-Марвазий эди.
(muxlis.uz. ва ziyouz.uz/ саҳифаларидан фойдаланилди)

Улуғбек қори Йўлдошев