Ичкилик — ҳаром

Ичкилик ҳаром
Ичкилик ҳаром эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам хамрни ёмонликларнинг онаси деганлар. Чунки инсон шароб ичиб маст бўлиб қолса, ҳар қандай ёмонликдан қайтмаслиги мумкин. Ҳолбуки, соғ пайтида ўша ишни қилишда уялади ва ҳадди ҳам сиғмайди. Аммо маст бўлиб қолса, ҳеч нарсадан тортинмай қолади.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қуръонда шундай деган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالأَنصَابُ وَالأَزْلاَمُ رِجْسٌ مِّنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ
Яъни: “Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз”. (Моида. 90)
Абу Ҳурайрадан (разияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар:
«Зино қилгувчи мўмин ҳолида зино қилмайди, ўғри мўмин ҳолида ўғирлик қилмайди. Ароқ ичгувчи ҳам мўмин ҳолида ароқ ичмайди» (Имом Бухорий ривояти).
Ибн Аббосдан (разияллоҳу анҳу) ривоят қилинади, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар:
«Кимки Аллоҳга ва охират кунига ишонса, ароқ ичилаётган дастурхон атрофига ўтирмасин». (Имом Табароний ривояти).
Нақл қилишларича бир вақтлар бир зот шаҳар ташқарисидаги бир гўшада — насронийларнинг ибодат ва риёзат учун кирадиган ерларида яшар экан. Бир кун шайтон мусофир қиёфасига кириб, у зотникига меҳмон бўлибди. Уй эгаси унга таом манзират қилибди, лекин уч кун давомида меҳмон ҳеч нарса еб-ичмабди. Уй эгаси:
— Сен қандай одамсанки, еб-ичмай яшайсан? — дебди. Шайтон алдаб:
— Бир гуноҳ қилиб, сўнгра тавба қилгандим. Аллоҳ таоло мендан емоқ эҳтиёжини кўтарди, — дейиши билан обид:
— Ҳай, менга ҳам ўргат, мен ҳам еб-ичиш кулфатидан қутулай, — дебди.
Шайтон ҳам унга жавобан:
— Ё ичкилик ичиш, ё зино қилиш ёки бир одам ўлдириш лозимдир, — дебди. Бечора обид кўп ўйлаб, одам ўлдириш бўлмайди. Зино, у ҳам бўлмайди. Ичкилик… эй, бир оз ичаман, сўнгра тавба қиламан, энг осони шу», деб шароб ичибди. Бу орада шайтон қизи касал бўлган бир подшоҳнинг олдига бориб,
«Фалон жойда бир обид бор, нафаси жуда яхши, иншоаллоҳ у ерда қизингиз соғаяди», — деб подшоҳни алдабди.
Бир онда қизни аравага солиб, обиднинг уйига олиб келибдилар. Обид маст ҳолида қизни зўрлаб зино қилибди. Сўнгра қилганига пушаймон бўлиб, «Ишқилиб, подшоҳнинг хабари бўлмасин», деб ўйлаб ўгирганда, шайтон келиб:
«Уни ўлдириб, кўмишдан бошқа чора йўқ, қидиришса, уйга юбордик деймиз», дебди.
Шу сабаб бўлиб, бечора обид қотиллик ҳам килибди. Лекин қизнинг ўлдирилгани билиниб, кўмилган жойидан жасади чиқарилгач, обиднинг қатлига фармон берилибди…

Абдулазиз Мўминов. Асака т. «Мамир қори» жоме масжиди ходими