Илм истанг

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло илм аҳли ҳақида шундай марҳамат қилган:
يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ
Яъни: “Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни ва илмга берилганларнинг даражаларини кўтарур. Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир”. (Мужодала. 11)
Ибн Аббос (разияллоҳу анҳу) айтади: «Уламоларнинг даражаси мўминларнинг даражасидан етти юз даража баланддир. Ҳар даражанинг ўртасида бeш юз йиллик масофа бор».
Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий (раҳимаҳуллоҳ) айтади:
Билгилки, ҳар бир муслим ва муслимага дин ишларида муҳтож бўладиган таҳорат, намоз ва шариатнинг бошқа ҳукмлари ҳамда ҳаётий ишларида зарур бўлган нарсаларни биладиган миқдорда илм ўрганиш фарздир.
Киши ўзи муҳтож бўладиган нарсаларнинг илмини таҳсил қилиши фарз. Чунки Аллоҳ таоло:
فَاسْأَلُواْ أَهْلَ الذِّكْرِ إِن كُنتُمْ لاَ تَعْلَمُونَ
Яъни: «Агар билмайдиган бўлсанглар, зикр аҳлидан сўранглар», дейди. (Наҳл, 43)
Яна бошқа оятда:
وَقَالُوا لَوْ كُنَّا نَسْمَعُ أَوْ نَعْقِلُ مَا كُنَّا فِي أَصْحَابِ السَّعِيرِ
Яъни: «Улар яна: «Агар тингласак ёки ақл юргизувчи бўлсак эди, дўзах соҳиблари қаторида бўлмас эдик», дерлар» деб айтган. (Мулк, 10)
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло илмни ҳар кимга ҳам бахш этавермагай. Кимга илм бахшида қилса бу яхшликни умрининг охирига қадар Холиқ таолодан берилган юксак тухфа сифатида авайлаб асраб, ардоқламоғи ва шунга яраша шукрона ва тақвода бўлишга интилмоғи лозим.
Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бир куни икки гуруҳ кишиларни кўрдилар. Биттаси Аллоҳ таолога дуою тасбиҳ билан машғул эди,иккинчи гуруҳдагилареса, одамларга илм ўргатарди. Шунда Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар:
«Мана булар Аллоҳдан сўраяптилар, Аллоҳ уларга xоҳласа беради, xоҳламаса бермайди. Аммо иккинчи мажлисдаги кишилар одамларга илм ўргатяптилар. Мен муаллим қилиб юборилганман».
Кейин улар томонга юриб, улар билан бирга ўтирдилар.
Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) марҳамат қиладилар:
«Аллоҳ таоло мен орқали юборган ҳидоят ва илмнинг мисоли бир жойга кўп ёққан ёмғирга ўxшайди. У жойнинг бир бўлаги сувни ўзига сингдириб, кўп ўт-ўланлар ўсиб чиқди. Яна бир ери ёмғир сувини ўзида сақлаб қолди ва уни Аллоҳ манфаатли қилди, одамлар у сувдан ичдилар, ҳайвонларни суғордилар ва деҳқончилик қилдилар. Яна бошқа бир ер эса, текис, силлиқ бўлганидан, сувни сақлаб қолмади ва бирор экинни ўстирмади».
Бу ҳадисда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) биринчи мисолдаги ерни илмидан манфаатланган кишига, иккинчисини ўзи фойдаланмаса-да, бошқаларга манфаат берувчи кишига, учинчини эса, мазкур икки xислатдан маҳрум кишига ўxшатдилар.
Макҳул Али ибн Абу Толибдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилишича, Набий (алайҳиссолату вассалом):
«Илм талаб қилиш ҳар бир муслим ва муслимага фарз», деганлар.
Бошқа бир ҳадисда:
«Илмни, гарчи Чинда бўлса ҳам, талаб қилинглар», дейилади.

Сардорбек Худоёров. Асака т. “Бобожон қори” масжиди имом-хатиби
Фойдаланилган манба: Иҳёу улумид-дин. зиёуз.сомкутубxонаси