Илм – нажот

Илм инсонни бошқа мавжудотлардан ажратиб, азиз ва мукаррам бўлишига сабаб бўлгуқвчи улуғ неъмат эрур. Шунинг учун ҳам муқаддас динимиз таълимотларида энг аввал илм олишга буюрилади. Жаноб Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг машҳур ҳадислари ҳам шу маънода:

«Илм талаб қилиш ҳар бир муслим ва муслимага фарз».

«Илмни, агарчи Чинда бўлса ҳам, талаб қилинглар».

Али разияллоҳу анҳу айтади:

«Кимнинг талаби илмда бўлса, жаннат унинг талабида бўлур”

Донишмандалар айтганлар:

“Кимки ибодат билан шуғулланса, унг илмдан бошқа чора йўқ”. (Мунаббиҳот)

Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий (раҳимаҳуллоҳ) айтадилар:

Билгилки, ҳар бир муслим ва муслимага дин ишларида муҳтож бўладиган таҳорат, намоз ва шариатнинг бошқа ҳукмлари ҳамда ҳаётий ишларида зарур бўлган нарсаларни биладиган миқдорда илм ўрганиш фарздир. Бундан ошиқчаси фарзи айн эмас, балки фазилатдир, уни тарк қилса ҳам, зиёни йўқ.

Хуллас, киши ўзи муҳтож бўладиган нарсаларнинг илмини таҳсил қилиши фарз. Чунки Аллоҳ таоло:

«Агар билмайдиган бўлсанглар, аҳли илмлардан сўранглар» (Наҳл, 43), дейди. Яна бошқа оятда:

«Улар яна: «Агар тинглаб, ақл юргизувчи бўлганимизда, дўзах эгалари қаторида бўлмас эдик», дерлар» (Мулк, 10), деб айтган.

Аллоҳ таоло уларнинг билмаганликлари сабабли дўзах аҳлидан бўлганини хабар қилди.

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтадилар: «Илм йўқолишидан олдин уни маҳкам тутинглар, илмнинг йўқолиши илм соҳибларини кетишидир. Илмни маҳкам тутинглар, чунки ҳеч ким қачон унга муҳтож бўлишини билмайди», дедилар. (Бўстонул орифийн. Абу Лайс Самарқандий. зиёуз.cом кутубхонаси)

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтадилар:

«Олим билан обиднинг ораси юз даражали масофа бўлиб, ҳар даражанинг ораси чопқир отнинг етмиш йиллик югуришичаликдир».

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадилар:

«Қайси амал афзал?» деб сўрашди.

У зот айтдилар:

«Аллоҳ азза ва жаллани билиш».

Яна сўрадилар:

«Сиз қайси илмни ирода қиляпсиз?»

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«Аллоҳ таолони билишни».

Шунда:

«Биз сиздан амал ҳақида сўрасак, илм ҳақида айтяпсиз», дейишди. Пайғамбаримиз:

«Аллоҳ таолони таниб қилинадиган озгина амал манфаатли бўлади, Аллоҳни билмасдан қилинган кўп амаллар фойда бермайди!» дедилар.

(Табароний Ҳизом ибн Ҳакимдан заиф иснод билан ривоят қилган.
Асфаҳоний «Тарғиб ва тарғиб» китобида Ибн Умардан заиф иснод билан ривоят қилган)

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«Аллоҳ таоло қиёмат куни олимларни ҳаммадан кейин тирилтиради ва уларга:

«Эй олимлар жамоаси, мен аҳволингизни билганим учун илмни сизга бердим. Мен илмни сизларни азоблаш учун бермадим. Боринг, сизларни
мағфират қилдим», дейди.

(Иҳёу улумид-дин. Илм китоби. Абу Ҳомид Ғаззолий. зиёуз.сом кутубxонаси)

Асака тумани «Мирзо Шариф» масжиди

имом хатиби Сарварбек Йўлдошев