Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло илмни ҳар кимга ҳам бахш этавермагай. Кимга илм бахшида қилса бу яхшликни умрининг охирига қадар Холиқ таолодан берилган юксак тухфа сифатида авайлаб асраб, ардоқламоғи ва шунга яраша шукрона ва тақвода бўлишга интилмоғи лозим.
حَدَّثَنَا سَعِيدُ بْنُ عُفَيْرٍ ، قَالَ : حَدَّثَنَا ابْنُ وَهْبٍ ، عَنْ يُونُسَ ، عَنِ ابْنِ شِهَابٍ ، قَالَ : قَالَ حُمَيْدُ بْنُ عَبْدِ الرَّحْمَنِ ، سَمِعْتُ مُعَاوِيَةَ خَطِيبًا ، يَقُولُ : سَمِعْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، يَقُولُ : مَنْ يُرِدِ اللَّهُ بِهِ خَيْرًا يُفَقِّهْهُ فِي الدِّينِ
Муовия разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг:
“Аллоҳ кимга яхшилик қилишликни ирода қилса уни динда фақиҳ қилиб қўяди” деганларини эшитдим. (Бухорий ривояти)
“Фақиҳ” фиқҳ илмини яхши билгувчи инсон демакдур. “Фиқҳ” эса уламоларнинг таърифларига кўра “фаҳм” яъни ҳар бир аҳкомнинг туб моҳиятларини яхши англамоқликдур. Демак кимгаки Аллоҳ таоло яхшилик қилишликни хоҳласа динда ҳар бир аҳкомнинг моҳиятини яхши билгувчи қилиб қўяр экан.
Ривоят қилишларича, бир киши Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи васаллам):
«Амалларнинг қайси бири афзалроқ?» деб сўради. Расулуллоҳ:
«Илм», дедилар.
У киши иккинчи, учинчи бор сўради. Расулуллоҳ унга аввалгидек жавоб бердилар. Шунда у киши:
«Эй Аллоҳнинг расули, Сизга саломлар бўлсин, мен амал ҳақида сўраяпман», деди. Набий (алайҳиссолату вассалом):
«Аллоҳ амалларни илмсиз қабул қиладими?» дедилар.
Яна ривоят қилинадики, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам):
«Банда садақа қиладиган нарсанинг энг афзали илм ўрганмоғи сўнг уни ўзидан бошқаларга ўргатмоғидир», дедилар. (Манба: Бўстонул орифийн. Абу Лайс Самарқандий. зиёуз.cом кутубхонаси)
Пайғабаримиз саллалоҳу алайҳи ва салламнинг машҳур “Илм истамоқлик ҳар бир мусулмон эркак ва муслима аёлга фарздур” деган ҳадиси шарифларини уламоларимиз шарҳлаб, қандай илмни талаб қилиш лозимлиги ҳақида ҳам китобларда баён қилганлар.
Шунга кўра инсониятнинг эҳтиёжи учун зарур бўлган илмларни ўрганишлик фарзи кифоя деганлар. Яна ҳам тушунарлироқ айтадиган бўлсак ҳар бир диёрда шу юрт аҳолисининг эҳтиёжи тушадиган илмларни билгувчи инсонлар бўлишлиги лозим. Ана шунда шу юрт аҳолисининг бўйнидан ўша фарзи кифоя соқит бўлади. Акс ҳолда ҳаммалари жавобгар бўлади.
Ҳар бир инсон ўз ҳаётида эҳтиёжи тушадиган ишларнинг илмини ўрганишлиги эса фарзи айн. Ким қайси соҳани эгалласа ўша соҳанинг илмини билишлиги керак. Бу эса айни ибодат эрур.
Илоҳим ҳар биримизга манфаатли илм бериб, олган илмига амал қигувчиларда айласин. Ҳолбуки “Амалсиз илм – мевасиз дарахт” деганлар.
Асака тумани, “Сиддиқ ҳожи”
жоме масжиди имом хатиби Фармонов Абдураззоқ
