Илму-маърифат керак

Илму-маърифат керак
Ислом дини мусулмонларга тараққиёт йўлида юришни фарз қилган, кишиларни илмга ундаган. Чунки инсон шахсиятини илмдан бошқа нарса тўғри йўлга сола олмайди, тараққиётга ҳам эриштира олмайди. Абдуллоҳ Ибн Муборак айтадилар: “Илм ўрганмасдан туриб улуғликка интилган кишига ҳайронман”.
Ҳакимлардан бири айтади: “Мен икки кишига ачинганчалик бошқа ҳеч кимга ачинмаганман: Илмни тушунмасдан туриб ўрганган кишига ҳамда илмнинг муҳимлигини тушуниб, уни ўрганмаган кишига”.
Имом Шофиъий (роҳматуллоҳи алайҳи): “Агар дунёда азиз бўлишни истасанг, илм ўрган. Агар охиратда шараф топишни истасанг, илм ўрган. Агар ҳар иккисига эришишни кўзласанг, илм ўрган”, деганлар.
Илму-маърифат инсониятни юқори мартабаларга кўтаради. Тарққиёт ривожланишининг асосий омили ҳам илм ва маърифатдир. Илм ва маърифат соҳиблари қайси дин ва миллатга мансуб бўлса ҳам ўзига яраша мақомларни касб этади. Ҳолбуки, агар инсонда илм билан маърифат бўлса, ундай инсонни Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло имон сари етаклаб қўюр.
Агарда илм бўлса-ю, маърифат бўлмаса, у ҳолда гарчи охират бенасиба бўлган тақдирда ҳам илмнинг дунёдаги насибасидан баҳраманд бўлур.
Мусулмонлар илмга, маърифатга қаттиқ эътибор қаратган даврларда бутун дунё аҳлларига устоз бўлишди. Фаннинг барча соҳаларида буюк натижаларга эришдилар. Уларнинг кашфиётларида ҳозиргача инсонлар фойдланмоқдалар. Чунки Ислом дини таълимотларида илмга тарғиб қилинган.
Ўтган машҳур уламолардан Абул Фараж Ибн Жавзий китоб мутолаасига бўлган муҳаббати ҳақида шундай дейди:
“Мен ўз ҳолим ҳақида айтадиган бўлсам, китоб мутолаасидан ҳеч тўймаганман. Агар ўзим ўқиб кўрмаган бирор китобни кўриб қолсам, гўё хазинанинг ичига тушгандек бўлиб қолардим. Агар мен: “йигирма минг мужаллад китоб ўқиб чиққанман” десам ҳам, муболаға қилган бўлмайман, лекин китоб ўқишда давом этяпман”.
Уламолардан бирлари: “Агар биз китоб ўқишдан топаётган лаззатни мулкдорлар билсалар эди, уни биздан тортиб олишарди”, – дер эди.
Доноларимиз: “Китобларни ёқиб юбориш оғир жиноят, бироқ дунёда ундан-да оғирроқ жиноят бор, у – китоб ўқимаслик”, – деганлар.
Ҳа, ўтган аждодларимиз илмга, китобга умрларини ана шундай бахшида қилганлар. Натижада дунвий илмларни ҳам, ухровий илмларни ҳам эгаллаб, бутун инсониятга маънавий мерос қолдиришган.
Бизларнинг зиммамизда ҳам уларнинг йўлларни давом эттириш масъулияти борлигини унутмаслигмиз керак. бу масъулият келажак авлодларимиз бўлмиш ёшлар тарбиясида ўз аксини кўрсатишга айнан катталар жавобгардирлар. Агар биз ёшларни илма-маърифат йўлида тарбиласк, келажак олдидаги ва юрт олдидаги шарафли вазифамизни адо қилган бўламиз.
Шуни ҳам унунтмаслик керакки, илм фақат ёшлар учунгина эмас, балки ҳар бир тирик инсон учун ҳаётий эҳтиёждир. Шариатимиз кўрсатмаларида, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам насиҳатларида бешикдан то қабрга илм излаш фарз бўлганидек, бугунги кунда Юртбошимизнинг халқимиздан сўрагани ҳам шудир:
“Нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун аввало илм-маърифат, юксак маънавият керак. Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади. Шарқ донишмандлари айтганидек, “Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос – бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир”! Шу сабабли ҳаммамиз учун замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши керак”. (Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидан)

Анваржон Холиқов. Асака туманидаги «Пастки Қурама» жоме масжиди имом хатиби
Жума тезисларидан фойдаланилди