Дунёдаги мусулмонларнинг мақсадининг асоси фоний дунёда қалбларидаги имон гавҳарини ҳар хил бузуқ эътиқодлардан сақлаган ҳолда Аллоҳ таолонинг розилигига эришиб, қиёматда жамолига меҳмон бўлишдир. Инсон умри давомида қанча кўп солиҳ амаллар қилса ҳам, унинг эътиқоди тўғри бўлмаса Яратганнинг ҳузурида қабул бўлмаслиги мумкин.
Баъзан қалб хотиржамлигини, қилаётган ибодат ва яхши амалларимиздаги лаззатни ҳис қилмаётгандай бўламиз. Бундай “беморлик”ка Набий соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида етарлича кўрсатмалар берилган.
عن أنس عن النبي قال ثلاث من كن فيه وجد حلاوة الإيمان أن يكون الله ورسوله أحب إليه مما سواهما وأن يحب المرء لا يحبه إلا لله وأن يكره أن يعود في الكفر كما يكره أن يقذف في النار (رواه البخاري(
“Набий соллоллоҳу алайҳи васалламдан Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам:
“Учта (ҳислат) борки, кимда улар бўлса, имон ҳаловатини топади:
Аллоҳ ва унинг Расули унга бошқа нарсалардан севимлироқ бўлиши;
Бирор кишини Аллоҳ учунгина яхши кўришлиги;
Оловга улоқтирилишни ёмон кўрганидек, куфрга қайтишни ёмон кўриши”, дедилар”. (Бухорий ривояти)
Имон ҳаловатининг маъноси Нававий айтишича, ”Тоат-ибодатлардан лаззатланиш, дин йўлидаги машаққатларга бардош бериш, арзимас дунё матосидан охиратини устун қўйиш ва банда Раббисини амрига итоат қилиб ҳамда қайтариқларидан қайтишидир”.Бу ҳадисда келтирилган учта хислат мўмин-мусулмон кишида бўлиши керак ҳислатларнинг энг олийсидир.Таом ва ичимликларни ҳаловати оғиз билан билинади. Имон ҳаловати эса қалб орқали ҳис қилинади. Чунки имон қалбнинг озуқаси ва қувватидир. Таом ва ичимликлар баданнинг озуқаси ва қувватидир. Шунингдек, жасад соғлом бўлсагина озуқаларнинг лаззатини сезади. Қалб ҳам нафси-ҳавога берилиш, ҳаром қилинган шаҳватлар билан машғул бўлиш каби маънавий касалликлардан холи бўлмас экан, имон ҳаловатини топа олмайди. Кимки ҳадисда зикр қилнган ҳислатларни ўзида жамласа, албатта имон лаззатига эришади. Бу уч ҳислатни қуйида баён қиламиз:
- Аллоҳ ва унинг Расули унга бошқа нарсалардан севимлироқ бўлиши.
Чунки Аллоҳ ва унинг Расулига биргаликда муҳаббат қилиш бирдек зарурдир. Бирор киши Расулини қўйиб Аллоҳ таолонинг ўзига ёки Аллоҳ таолони қўйиб Расулуллоҳнинг ўзига муҳаббат қилса фойдаси бўлмайди. Қасталоний: ”Муқаддас шариатни улуғлаш, феъли ва сўзи билан ислом динига ёрдам бериш, Расулуллоҳнинг сахийлик, ҳалимлик, сабр, тавозе ва шу каби гўзал хулқлари билан хулқланиш Аллоҳ ва Расулига бўлган муҳаббатнинг аломатларидандир”, деди.
Аллоҳ таолога муҳаббат унинг исмларини, сифатларини танишлик билан ҳамда У зот яратган нарсалари ва ажоиботлари ҳақида тафаккур қилиш ила ҳосил бўлади.
Байзовий: ”Бу жойдаги муҳаббат ақлий муҳаббатдир. У нафси-ҳавосига хилоф бўлсада, ақл тўғри деб, топган нарсани устун қўйишдир”, деди. Аллоҳ таолога муҳаббат қилиш икки даражага бўлинади.
А) Фарз қилинган муҳаббат. У буюрилган фарз амалларни қилишни, ҳаром бўлган ёмонликлардан тийилишни, белгиланган тақдирга сабр қилишни тақазо қилади. Бу ҳақда бази ориф зотлар ”Кимки Аллоҳга муҳаббат қилишини даъво қилсаю, Аллоҳ таолонинг чегараларини сақламаса, бас, у ёлғончидир”, дедилар.
Кимки нафси-ҳавосига эргашиб ҳаром қилинган амалларни қилса, ўз нафсининг муҳаббатини Аллоҳ талонинг муҳаббатидан устун қўйган бўлади. Аллоҳ таолога бўлган муҳаббат комолатга етса гуноҳ ишлардан ўз соҳибини тўсади. Агар унинг муҳаббати нуқсонга учраса гуноҳлардан тийилишга ўзида журат топа олмайди.
Б) Мустаҳаб қилинган муҳаббат. У макруҳ ва шубҳали амаллардан четланиш, нафл ибодатларни қилишга чорлайди.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат у зотни комил сифатларини ва келтирган таълимоти нақадар улуғлигини таниш орқали пайдо бўлади. Аллоҳга муҳаббат Узотга итоат қилиш билан бўлади. Аллоҳга итоат қилишнинг йўли Расулига эгашиш биландир. Зеро Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
“Айтинг (эй, Муҳаммад!): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир». (Оли Имрон. 31)
Расулуллоҳга муҳаббат қилиш ҳам икки қисмга бўлинади.
А) Фарз қилинган муҳаббат.У фарз ва вожиб буйриқларни адо этишни, ҳаром амллардан қайтишни, ҳидоятни у келтирган нурдангина излашни тақазо қилади.
Б) Мустаҳаб қилинган муҳаббат.У сабабли банда гўзал ахлоқ-одобга, Пайғамбаримиздаги зоҳирий ва ботиний барча ҳислатларга эга бўлади.
- 2. Бирор кишини Аллоҳ учунгина яхши кўришлиги.
Аллоҳ йўлида муҳаббат қилиш имоннинг олий даржаларидандир. Муоз ибн Анасдан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам имоннинг афзали ҳақида сўралганида:
”Аллоҳ учун муҳаббат қилмоқ, Аллоҳ учун ёмон кўрмоқ ва тилингни Аллоҳнинг зикрида қилмоғинг”, дедилар.
Бази уламоларнинг айтишича,бир кишининг иккинчисига Аллоҳ йўлидаги муҳаббатининг ғояси охират ишлари учун бўлсагина ҳақиқийдир. Яҳё бин Маоз: ”Ҳақиқий муҳаббат яхшилик сабабли зиёда бўлмайди. Жафо сабабли нуқсонга учрамайди”, деди.
Ғаззолий айтади, Аллоҳ йўлида севиш кишини зотини эмас, балки у учун охиратда фойда берадиган сифатлари сабабли севишдир. Худди устоз ва шогирд бир бирни севганидек. Чунки, шогирд устози сабабли охиратда зафар келтирувчи илмга эга бўлмоқда. Устоз эса таълим бергани учун Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги улуғ даражага эришмоқда.
- Оловга улоқтирилишни ёмон кўрганидек, куфрга қайтишни ёмон кўриши.
Мўмин инсон имонни жазирама иссиқ кундаги муздек сувдан ҳам яхши кўради.Имондан ажралиб қолишни оловда ёнишдан ҳам ёмон кўради.Чунки имондан ажралса абадий оловга маҳкум бўлади.Дунё олови эса вақтинчадир. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабалга: ”Кесилсанг ҳам куйдирилсанг ҳам Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмагин”, деб васият қилган эдилар.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло айтади:
“Билингизки, ораларингизда Аллоҳнинг Пайғамбари бордир. Агар у кўп иш(лар)да сизларга бўйин сунса, албатта, сизлар машаққатларга дучор бўлур эдингиз. Лекин Аллоҳ сизларга имонни суюкли қилди ва уни дилларингизга безак қилди ҳамда сизларга куфрни, фисқ-фужурни ва итоатсизликни ёмон кўрсатиб қўйди. Ана ўшаларгина тўғри йўл топувчилардир”.(Ҳужурот 8)
Муҳаммадали Зоҳидов. Асака т. «Муҳиддин саҳҳоф» жоме масжиди имом хатиби
