Башариятга илк бора Ислом нури келиши биланоқ халқлар ўртасида аҳиллик, тотувлик ва дўстлик мисли кўрилмаган даражада жорий бўлди. Ҳатто неча йиллар бир – бирлари билан бўғзу адоватда бўлган қабилалар ҳам исломий биродарлик ила ажралмас садоқатли дўстга айландилар. Бу борада Қурони каримда оятлар ҳам нозил бўлган. Хусусун “Оли Имрон” сурасида марҳамат қилинганидек:
وَاعْتَصِمُواْ بِحَبْلِ اللّهِ جَمِيعًا وَلاَ تَفَرَّقُواْ وَاذْكُرُواْ نِعْمَةَ اللّهِ عَلَيْكُمْ إِذْ كُنتُمْ أَعْدَاء فَأَلَّفَ بَيْنَ قُلُوبِكُمْ فَأَصْبَحْتُم بِنِعْمَتِهِ إِخْوَانًا
Яъни: “Аллоҳнинг арқонини жамъ бўлган ҳолда тутинглар ва (фирқаларга) ажралиб кетмангиз! Аллоҳнинг неъматини эслангки, душманлар бўлган чоғингизда қалбларингизнинг ораларида улфатликни (пайдо) қилиб қўйди, бас Унинг неъмати ила биродарларга айландинингиз”.
Дарҳақиқат мусулмонлар ҳақиқий ака — ука каби аҳил дўст бўлиб яшадилар. Ўзида бор нарсани бир — бирларига илиниб, яхши кўрган нарсаларини диндош дўстларига тортиқ қилдилар. Аллоҳ таборака ва таоло уларни мадҳ қилиб қанча — қанча оятлар нозил қилди.
وَالْمُؤْمِنُونَ وَالْمُؤْمِنَاتُ بَعْضُهُمْ أَوْلِيَاء بَعْضٍ يَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ
Яъни: “Мўминлар ва мўминалар баъзилари баъзиларининг дўстларидурлар, яхши ишга буюрадилар ва мункар ишдан қайтарадилар”. (“Тавба” сурасидан)
Ҳа, улар шунчаки номигагина дўстмиз деб кифояланмайдилар, балки ҳеч қачон бир-бирларига бефарқ бўлмайдилар. Дунё ва охиратнинг бахт саодатига элтгувчи йўлларга ўзларигина интила қолмай, дўстларини ҳам чорлайдилар. Дунё ва охиратда ҳор қилгувчи амаллардан ўзларигина четланиб қолмай, дўстларини ҳам қайтарадилар. Бу эса соғлом жамият учун энг тўғри йўллигига шубҳа йўқ.
Дарҳақиқат инсонлар орасида қанчалик фисқу фасод кўпайса, бузуқчилик ёйилса, бир одам бошқа бировнинг ҳақига ва ҳуқуқига, шаънига бемалол тажовуз қилса – булар ҳаммаси бефарқликдан келиб чиқмайдими?!
Кўчада кимдир жамият тартибини бузяпти, кимдир бузғунчиларнинг фирибига алданяптию биз менга нима деб турсак унинг касофати эртага бизга етмайдими? Ўша кўчадаги “бегона” қайсидир мусулмоннинг фарзанди, демак бизнинг ҳам фарзандимиз каби-ку!
Мусулмон киши бировнинг ҳақидан қўрқади. Чунки Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга васият қилганларидек ўша бегона деб ўйлаганимиз ҳам аслида бизнинг биродаримиз ва дўстимиздур. Соғлом ахлоқли инсон ўз ака — укасига хиёнат қимагай.
Ислом тарихида маккалик муҳожирлар билан мадиналик ансорларнинг дўстлик ва биродарликлари тилларда достон бўлиб кетган. Ансорлар ўзида борини маккалик диндошлари билан баҳам кўрган. Ҳатто ўзлари оч қолсалар ҳам меҳмонларга бор таомини бериб юборганлар.
Динимизда миллатлар аро дўстлик ҳам ибратланарлик даражада ўз аксини топган. Ҳабашлардан Билол ибн Раббоҳ, форслардан Салмон Форсий, яҳудийлардан Абдуллоҳ ибн Салом каби саҳобийларнинг (разияллоҳу анҳум) Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг қошида, барча мусулмоннинг наздида қанчалик ҳурмат эътибори юқори бўлганлиги ҳам фикримизнинг ёрқин далилидур Натижада қанчалаб насроний ва яҳудий динига мансуб кишилар Исломни қалбан қабул қилдилар. Қанчалар мушриклар неча йиллик адоватлардан сўнг Ислом динининг фаолларига айландилар.
Шарқ халқлари, айниқса ўзбек халқи ҳамиша бошқа миллатларга кенг бағирликларини намоён этганига тарих доимо гувоҳ бўлган.
Илоҳим, юртимиз аҳлини доимо аҳиллик ва дўстликда бардавом айласин. Турли гина адоватларни орамиздан кўтарсин.
Улғбек қори ЙЎЛДОШЕВ
Асака туманидаги “Холид ибн Валид” жоме масжиди ходими
