Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бандаларга меҳрибон. Гуноҳ қилишлари билан дарҳол жазоламайди. Ҳар қанча гуноҳ қилса ҳам, зулму-жафо қилса ҳам тавба қилишлиги учун фурсат ва имконият беради. Бу эса банда учун улуғ неъмат.
وَلَوْ يُؤَاخِذُ اللَّهُ النَّاسَ بِمَا كَسَبُوا مَا تَرَكَ عَلَى ظَهْرِهَا مِن دَابَّةٍ وَلَكِن يُؤَخِّرُهُمْ إِلَى أَجَلٍ مُّسَمًّى فَإِذَا جَاء أَجَلُهُمْ فَإِنَّ اللَّهَ كَانَ بِعِبَادِهِ بَصِيراً
Яъни: “Агар Аллоҳ одамларни қилганларига яраша оладиган бўлса, ер устида қимир этган жониворни қўймас эди. Лекин уларни белгиланган муддатгача қўйиб қўюр. Ўша ажаллари келганда эса… Бас, албатта, Аллоҳ бандаларини кўриб тургувчи зотдир”. (Фотир. 45)
Агар Аллоҳ таоло бандаларнинг гуноҳлари учун дарҳол жазоласа эди, ҳеч биримиз нажот топа олмас эдик.
Гоҳида шунча фисқу-фужурга муккасидан кетганлар роҳатда, беозор ва тақводор инсонлар зўрға тирикчилигини эплаб юради. Лекин шуни унутмаслик керакки, инсоннинг қадри фақатгина молу-дунё эмас. Қолаверса гуноҳ ортидан мўл-кўлчилик келишида хатар бор. Ўша хатар “истидрож” дейилади.
Истидрож даражама-даража жазога гирифтор қилиш ва бир даражадан кейингисига тушуриб боришдир. Банда гуноҳ иш қилган сари Аллоҳ унга неъмат ато қилади ва истиғфор айтишни унуттириб қўяди. Натижада банда қувониш ва кеккайишда ҳаддан ошади. Унга неъматлар кетма-кет келаётганидан гуноҳларга шўнғийверади. У ўйлайдики, неъматлар ёғилиши – бунинг Аллоҳга яқинлаштирилганидан. Аслида бу ўз ҳолига ташлаб қўйилиш ва Аллоҳдан узоқлаштирилишдир. Бора-бора охири унинг устига азоблар ёғилиш хавфи бор.
Али каррамаллоҳу важҳаҳу айтади: “Қанча-қанча эҳсон билан истидрож қилинаётганлар бор. Қанча-қанча ўзи ҳақида айтилган яхши сўз фитнасига гирифтор бўлганлар бор. Қанчадан-қанча айби яширилганига алданганлар бор”.
Имомул-ҳарамайн дедилар: “Агар сен кофирларнинг аҳволи ҳақида ва уларнинг дўзахда абадий қолишларини эшитсанг, ўзингдан хотиржам бўлмагин. Чунки ишинг хатар устида. Сен келажакда нима бўлишини ва ғайбда сен учун нима ҳукм ўтганлигини билмайсан. Вақтларинг мусаффолигига алданма, чунки унинг остида офатлар қуйқаси ётади”.
Зуннундан сўрашди: “Банданинг энг қаттиқ алданадиган нуқтаси қаерда?
У киши деди: “Илтифот ва кароматларда”.
Гуноҳлар, деганда кўпчилик одамнинг хаёлига дастлаб келадигани ҳаромхўрлик, зино, ўғирлик каби ишлардир.
Аммо гуноҳлар чегараси шу ишларнинг ўзи билан тугамайди. Баъзи одам мазкур жиноятларни ҳеч ҳам қилмайди, аммо кибр, ҳасад, ғийбат, ёлғон каби гуноҳи кабиралардан сақланмайди. Мана шундай одам ўзига Аллоҳнинг неъматлари зиёда бўлаётганини кўрса, бундан қўрқиш ва астойдил тавбага шошилиши лозим.
Қамариддин Шаробиддинов. Имом Абу Юсуф жомеъ масжиди имом хатиби
