Ихлос – ишонган нарсаларимизга қалбдан, самимий эътиқод қўймоқликдир. Ибодатда ихлос эса, фақат Аллоҳнинг амри бўлганлиги учунгина тоат қилиш, риёдан узоқ бўлиш ва бу билан Аллоҳ таоло розилигини исташ демакдир.
Ибодатда ихлос – диннинг таянчи. Ихлос соҳиблари эса шариатнинг барча кўрсатмаларини ўзлари, сўзлари ва амалларида акс эттирган кишилардир. Ихлоснинг зидди риёдир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Махфий сўзлашмоқ — сирларга қўрғон бўлади. Садақа — молларга қўрғон бўлади. Ихлос — амалларга қўрғон бўлади” деганлар.
Али каррамаллоҳу важҳаҳу:
“Хушуъсиз ўқилган намозда яхшилик йўқ. Бeкорчи сўздан тийилмай тутилган рўзада яхшилик йўқ. Тафаккурсиз ўқилган қироатда яхшилик йўқ. Парҳeзсиз илмда яхшилик йўқ. Эҳсон қилинмаган молда яхшилик йўқ. Бир-бирини ҳимоя қилмаган биродарчиликда яхшилик йўқ. Доимий бўлган неъматда яхшилик йўқ. Ихлоссиз қилинган дуода яхшилик йўқ”. (“Мунаббиҳот”)
Риё ибодатнинг офатидир. Шунинг учун улуғ инсонлар риёдан сақланиш учун нафл ибодатларини яширинча қилишган. Чунки ихлос билан қилинган оз ибодат, риё билан бажарилган кўп ибодатдан хайрлидир.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам Муъоз ибн Жабал разияллоҳу анҳуга:
“Динингни холис қил. Фарзлардан кейин оз бўлса ҳам ихлос билан қилинган нафл амаллар сенга кифоя қилади” деганлар (Ҳоким ривояти).
Аллоҳ таоло бандаларни Ўзига ибодат қилиш учун яратиб, уларни Ўзига итоат этишга амр қилди. Банда амаллари Ўзининг даргоҳида қабул бўлишини икки рукнга боғлади.
Биринчиси: Банда амали холис Аллоҳ таолога бўлиши.
Иккинчиси: Ислом шариатига мувофиқ тўғри бўлиши, яъни банданинг хар бир яхши сўзи ва эзгу амали ихлос ва ниятига қараб бўлади, зеро ихлос ниятнинг асосидир.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло хабар бериб бундай дейди:
قُلْ إِنَّمَا أَنَا بَشَرٌ مِثْلُكُمْ يُوحَى إِلَيَّ أَنَّمَا إِلَهُكُمْ إِلَهٌ وَاحِدٌ فَمَنْ كَانَ يَرْجُوا لِقَاءَ رَبِّهِ فَلْيَعْمَلْ عَمَلًا صَالِحًا وَلَا يُشْرِكْ بِعِبَادَةِ رَبِّهِ أَحَدًا (سورة الكهف/110)
яъни: “Айтинг: «Дарҳақиқат, мен ҳам сизлар каби бир башардирман. Менга илоҳингиз ёлғиз Илоҳ экани ҳақида ваҳий этилмоқда. Бас, кимки Парвардигори билан мулоқотда бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда эзгу амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда ҳеч кимни (Унга) шерик қилмасин”!
Демак, ихлос қалбнинг мушки-анбари ва унинг обираҳмати, барча муваффақият ва нажотнинг асоси экан. Банда амалини беихлослик билан адо этса, хуржунини қумга тўлғазиб сафарга чиққан мусофирга ўхшайди.
Уламолар таърифлашича ихлоссиз қилинган ибодат жони йўқ жасадга ўҳшайди. Ҳар бир амалда ихлос қилишлик Аллоҳ таолонинг ва Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амрлари. Унга эга бўлиш учун амалларимизда фақат Аллоҳ розилигини кўзлаш, одамлар орасида ҳам ёлғиз пайтимиздагидек ибодат қилиш, кишилар олдида кўрсатган ғайратимизни хилватда бир ўзимиз қолганимизда ҳам намоён этишимиз лозим.
Зеро кўп ҳолларда одамлар орасида ўзимизни тақволи кўрсатамизу, лекин Яратган билан ёлғиз қолганимизда хоҳлаган ишимизни қиламиз.
Муҳаммадсобир Иминов. Ҳазрат Умар масжиди имом хатиби
Асака
